Электр сотиб ойига 5-6 миллион сўм топяпман
Фарғона вилояти Қўштепа туманида яшовчи Нурматжон ака Абдуллаев ўз яшаш хонадонига қуёш панелларини ўрнатиб, кам бўлаётгани йўқ. Унинг ортидан яхшигина даромад ҳам топмоқда.
– Дастлаб роса иккиландим. Обдон ҳисоб-китоб қилиб чиқдим. Чунки хонадонимга ҳам анчагина ток ишлатаётган эдим, – дейди Нурматжон Абдуллаев. – Дастлаб, уйига 20 кВт қуёш панелини ўрнатдим. Бунинг учун 75-80 миллион сўм атрофида маблағ сарфладим. Ўз эҳтиёжимдан ортган электр токини эса давлатга сотиб, ойига 3 миллион сўм даромад олишни бошладим. Даромадни кўргач, ўғлимнинг уйига 50 кВт қуёш панелини ўрнатдим. Бунга эса тахминан 140 миллион сўм пул кетди. Фойдаси ҳам сарф-харажатга яраша бўлди. Мана ҳозирда шу 50 кВт қуёш панелидан чиққан электр токини давлатга сотиб ойига 5,5-6 миллион сўм пул топяпман.
Агар уйингизга 20 кВт қуёш панелини ўрнатмоқчи бўлсангиз, бунга ҳеч қандай “документ” шарт эмас. Айрим одамлар қуёш панели ўрнатса солиқ тўлайсиз, дейишади. Бу бўлмаган гап. Қайтанга, хонадонингизга қуёш панелини ўрнатсангиз ер солиғидан озод бўласиз. Бу ҳам сизнинг фойдангизга хизмат қилади. Агарда хонадонингизга 20 кВт. дан юқори қуёш панелини ўрнатмоқчи бўлсангиз, бунинг учун ҳужжат тайёрлайсиз. Ҳужжат тайёрлаш ҳам осон иш. Чунки, сизга қуёш панелини ўрнатиб бераётган фирма керак ҳужжатларни тайёрлаб беради. Бунинг учун озгина пул сарфлайсиз. Қилган харажатингиз эса тахминан 2 йилларда ўзини қоплайди. Қуёш панели эса сизга узоқ йилга хизмат қилиб беради.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0