Ўзбекистонликлар учун Британияда ишлаш имкониятлари кенгайиши мумкин

Сўнгги уч йилда 14 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси мавсумий ишлаш учун Буюк Британияга юборилган.

14:30 | 24.11.2026
•
10
Ўзбекистонликлар учун Британияда ишлаш имкониятлари кенгайиши мумкин
Катталаштириш

Энди юртдошларимизнинг ушбу мамлакатда ишлаш имкониятларини кенгайтириш, хусусан, муҳандислар ва олий таълим муассасалари битирувчиларини Британия компанияларига ишга жойлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Кеча Миграция агентлиги раҳбарияти Буюк Британиянинг Адолатли меҳнат шароитларини таъминлаш агентлиги (Fair Work Agency — FWA) вакиллари билан видеоконференция шаклида учрашув ўтказди.

Мулоқотда мавсумий ишчиларни тартибли жалб этиш, хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Миграция агентлиги маълумотига кўра, келгуси мавсум учун номзодларни саралаш мақсадида Британиялик операторларнинг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилмоқда.

Учрашувда Британия томони мавсумий ишчиларни жалб этувчи операторларнинг лицензия талабларига риоя этишини назорат қилиш, шунингдек, ходимларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон томони эса юртдошларимизни хорижга жўнатишдан олдин Британия меҳнат қонунчилиги, меҳнат шартномалари, ишлаш ва яшаш шароитлари бўйича махсус ўқув машғулотларини ташкил этишни таклиф қилди. Бу орқали меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш кўзда тутилган.

Шунингдек, лицензияга эга хусусий бандлик агентликларининг фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш жараёнларидаги иштирокини босқичма-босқич кенгайтириш режалари тақдим этилди. Томонлар ҳамкорлик меморандумининг янгиланган лойиҳаси ва уни имзолашга тайёргарлик масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Муҳокамалар давомида инглиз тилини биладиган олий таълим муассасалари битирувчилари, муҳандислар ва бошқа малакали мутахассисларни Британия компанияларига ишга жойлаштириш истиқболлари ҳам кўтарилди.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади
Ўзбекистонликлар учун Британияда ишлаш имкониятлари кенгайиши мумкин | Ishonch.uz