Энди ижтимоий ёрдамлар “Камбағал оилалар реестри”га кирган оилаларга берилади

Бу ҳақда 28 январь куни Президент Мирзиёевга қилинган тақдимотда гап боради.

17:34 | 28.01.2025
•
4,123
Энди ижтимоий ёрдамлар “Камбағал оилалар реестри”га кирган оилаларга берилади
Катталаштириш

“Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” орқали ижтимоий ёрдамлар “Камбағал оилалар реестри”га кирган оилаларга кўрсатилиши белгиланмоқда. Бунда маблағларни туман ва шаҳарлардаги аҳоли, ногирон шахслар ва камбағал оилалар сонига мутаносиб равишда тақсимлаш тартиби жорий этилмоқда.

Қайд этилишича, оиланинг камбағал деб эътироф этилиши унинг аъзоларидан қўшимча ариза ва ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда ижтимоий ёрдамлар кўрсатилишига асос бўлади.

Шу билан бирга, самарасиз ва талаб юқори бўлмаган ижтимоий ёрдамлар мақбуллаштирилиб, 28 турдаги ижтимоий ёрдамнинг ягона рўйхати тасдиқланади. Ижтимоий дафтарлар ҳисобидан ажратиладиган даволаниш ва жарроҳлик амалиёти харажатларини Давлат тиббий суғурта жамғармаси орқали молиялаштириш тартиби жорий этилади.

Туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида юридик шахс бўлмаган “Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик” жамғармалари ташкил этилади. Унинг маблағлари ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-амалий ва инфратузилмавий муаммоларини бартараф этиш, соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва спортни ривожлантириш, экология ва атроф-муҳитни асраш тадбирларига сарфланади.

Таъкидланишича, оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, даромади ва мулкни баҳолайдиган “Камбағал оилалар реестри” ахборот тизими асосида, 48 минг фуқаро ишга жойлаштирилган, 10 мингдан зиёди касбга ўқитилган, 14 минг нафарига кредит ва субсидиялар ажратилган. Шу билан бирга 140 минг оилага шифокорлар бириктирилган, 38 минг фуқарога ижтимоий хизматлар кўрсатилган. 32 минг бола боғчага жойлаштирилиб, қарийб 7 минг ёшлар кириш имтиҳонига тайёрлаш учун университетларга бириктирилган.

Давлат раҳбари билдирилган таклифларни маъқуллаб, камбағаллик реестрини оилаларнинг меҳнатга лаёқатига қараб табақалаштириш, меҳнатга лаёқатли бўлмаганларни давлат ижтимоий ҳимоясига олиш, уларни ижтимоийлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади