Вазирликлар Янги Тошкентга кўчишни бошлади

Ҳукумат қарорига мувофиқ, пойтахтдаги давлат идоралари ва вазирликлар Янги Тошкентга кўчирилмоқда. Эски шаҳар марказида бўшаётган бинолар эса очиқ аукционлар орқали сотувга чиқарилди.
Ҳозирга қадар пойтахтдаги 7 та йирик маъмурий бино жами 868,8 миллиард сўмга сотилиб, янги мулкдорларга ўтди.
Кимлар эски манзилини тарк этди? Бинолари сотилган вазирлик ва идоралар рўйхати:
1. Транспорт вазирлиги
2. Спорт вазирлиги
3. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги
4. Автомобиль йўллари қўмитаси
5. Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси
6. Давлат хизматлари агентлиги
7. Туризм қўмитаси ҳузуридаги «Туристларга хизмат кўрсатиш маркази» ДУК
Айни пайтда яна 11 та объект 1 095,8 млрд сўмлик бошланғич нархда савдога чиқарилган. 20 та объект бўйича эса савдодан олдинги тайёргарлик ишлари жадал олиб борилмоқда.
Режага кўра, жами 83 та кўчмас мулк объекти очиқ савдолар орқали реализация қилинади. Умумий ҳисобда Янги Тошкентда 150 та давлат органи ва ташкилотининг жойлашиши кутилмоқда.






