МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ ВА ЖАМОА ШАРТНОМАСИ: уларнинг фарқи нимада?

Ходим ишга қабул қилингач, у билан меҳнат шартномаси тузилади. Корхонада эса жамоа шартномаси ҳам бор. Мабодо бир неча ойдан кейин муаммо чиқса, масалан, мукофот пули тўланмаса ёки таътил масаласида келишмовчилик пайдо бўлса, ходим қайси ҳужжатга қараши керак? Умуман, бу икки шартноманинг ўзаро фарқи нимада?

15:05 | 28.09.2026
•
23
МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ ВА ЖАМОА ШАРТНОМАСИ:  уларнинг фарқи нимада?
Катталаштириш

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Жамил ЯРАТОВ билан мулоқотимизда ушбу саволларга жавоб олдик.

– Ходимлар айрим ҳолатларда меҳнат шартномаси билан жамоа шартномасини адаштиришади. Уларнинг бир-биридан энг асосий фарқи нимада?

  • Сўзимизни соҳада ҳуқуқий асос ҳисобланган Меҳнат кодексидан бошласак. Унда меҳнат шартномаси ва жамоа шартномаси тушунчаси, унинг мазмуни ва аҳамияти батафсил ёритилган.

Меҳнат шартномаси ходим ва иш берувчи ўртасидаги тарафларнинг ўзаро ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишув. У ходимнинг иш жойи, меҳнат вазифаси, ишнинг бошланиш санаси, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузилган тақдирда унинг муддати, иш вақти ва дам олиш режими, зарур бўлган ҳолларда ишнинг хусусиятини белгилайдиган талаблар ҳамда бошқа шартларни қамраб олади.

Ҳужжат камида икки нусхада ёзма (қоғозда ёки электрон) шаклда тузилиб, ҳар бири ходимнинг ва ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга мансабдор шахснинг имзолари билан мустаҳкамланади. Электрон шаклдаги меҳнат шартномаси «Ягона миллий меҳнат тизими» платформасида расмийлаштирилади.

Демак, меҳнат шартномаси иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатларини тартибга солса, жамоа шартномаси ўз номи билан иш берувчи ва жамоа (аъзолари)га тегишли масалаларни ҳал этади. У ташкилотда якка ва ижтимоий муносабатларни тартибга солиб, ходимларнинг вакиллари ҳамда иш берувчи ўртасида тузилади.

Жамоа шартномасининг мазмуни ва тузилишини тарафлар белгилайди. Унга меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар ҳақидаги бандлар киритилади. Бундан ташқари, ходимларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, ишдан бўшатиш шартлари, иш ва дам олиш вақти, таътилларнинг давомийлиги, ходимларнинг, шу жумладан, аёллар, ногиронлиги бўлган ҳамда ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнат шароитлари каби кўплаб масалалар бўйича ўзаро мажбуриятлар ҳам ўрин олиши мумкин.

– Меҳнат шартномасига жамоа шартномасида белгиланган имтиёз киритилмаган бўлса ҳам ходимлар ундан фойдалана олишадими?

  • Меҳнат ёки жамоа шартномасида келишилган имтиёз, ҳуқуқ ва кафолатлардан ходимлар тўлиқ фойдаланади. Жамоа шартномасидаги маълум бир бандлар меҳнат шартномасида кўрсатилмаслиги табиий ҳол. Масалан, юртимиздаги барча ташкилот ва идораларда касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи мавжуд эмас. Шундай идораларда табиийки, жамоа шартномаси ҳам тузилмаган. Аммо ходимлар меҳнат шартномаси асосида фаолиятларини олиб боради. Бироқ ташкилотда икки ҳужжатнинг ҳам мавжуд бўлиши ходимлар учун янада қулайлик яратади.

Шундан келиб чиққан ҳолда айтадиган бўлсак, меҳнат шартномасида акс этмаган имтиёз жамоа шартномасида ёки жамоа шартномасида бўлмаган банд меҳнат шартномасига киритилган бўлса, ходимлар ундан бемалол фойдалана олишади.

– Иш берувчи «Бу имтиёз ёки ҳуқуқ жамоа шартномасида мавжуд эмас», деб ходимнинг талабини рад этиши мумкинми?

  • Меҳнат муносабатларига оид қонунчилик, жумладан, меҳнат шартномасида шартлашилмаган ёки жамоа шартномасида келишилмаган имтиёз, кафолат ва ҳуқуқлардан ходимлар фойдалана олмайдилар. Меҳнат кодексида иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнатга оид муносабатларнинг принципиал жиҳатлари тартибга солинган. Шунингдек, айрим имтиёз, кафолат ва ҳуқуқлар иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги музокара ҳамда келишув натижаларига боғлиқлиги таъкидланган. Бундай имтиёз, кафолат ва ҳуқуқларнинг тури 60тага яқин бўлиб, улардан фойдаланиш тартиби, албатта, жамоа шартномасида кўзда тутилиши керак.

Меҳнатга оид шундай муносабатлар борки (меҳнат интизоми, қўшимча таътиллар, рағбатлантириш турлари ва бошқалар), уларнинг ҳаммасини ҳам қонунда ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тўла, узил-кесил ифодалаб бўлмайди. Сабаби, ташкилотларда меҳнат шароитлари турлича, битта қоида ҳамма меҳнат жамоасига ҳам мос тушавермайди. Шунинг учун жамоа шартномаси лойиҳасини ишлаб чиқишда, муҳокама қилишда ва тасдиқлашда эътиборли бўлиш керак. Ушбу ҳужжатда ходимларнинг иш шароитлари, меҳнатга қўшимча ҳақ тўлаш, таътиллар, меҳнат интизоми, ҳатто ишдан бўшатиш билан боғлиқ шартлар ҳам ўз аксини топиши мумкин.

Масалан, жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, меҳнат шартномасини бундай розиликсиз бекор қилишга йўл қўйилмайди. Агар жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилмаган бўлса, касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги сўралмасдан меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин.

Яқинда амалиётда кузатилган воқеани айтсам. Бир олий таълим муассасаси ходимига иш стажи билан боғлиқ қўшимча таътил тўлиқ берилмаётган экан. У бизга бу ҳақда шикоят билан чиқди.

Меҳнат кодексининг 220-моддасида ходимга у битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар беш йил учун давомийлиги икки календарь кун бўлган, бироқ жами саккиз календарь кундан ошмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилиши ёзилган. Аммо олдинги иш берувчи ёки бошқа тармоқдаги иш стажини киритиш ёки киритмаслик жамоа келишувлари, меҳнат шартномаси ёки жамоа шартномасида ёзилган бўлиши керак. Юқорида тилга олганимиз – олий таълим муассасасининг амалдаги жамоа шартномаси билан танишганимизда ҳар йилги қўшимча меҳнат таътилини олишда ходимнинг бошқа иш берувчидаги ёхуд бошқа тармоқдаги иш стажи ҳам киритилиши қайд этилган.

Демак, бу қоида жамоа шартномасида келишилган экан, уни амалга ошириш мажбурий. Шундан келиб чиқиб, иш берувчига ушбу қўшимча таътил ходимга тўлиқ берилиши лозимлигини тушунтирдик.

– Касаба уюшмаси бу икки ҳужжатнинг қайси босқичида ҳимоя механизми сифатида иштирок этади?

  • Касаба уюшмаси ходимлар номидан жамоа шартномаларини тузиш мақсадида жамоа музокараларини олиб боришдан бошлаб, имзолаш ва ижросини таъминлаш жараёнларигача бевосита иштирок этади. Меҳнат шартномасида келишилган шартлар иш берувчи томонидан қисман ёки умуман бажарилмаганда ходимнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш учун курашади.

“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ касаба уюшмаси ишдан озод этилаётган ходимларни, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир бошқа масалаларни ҳал қилишда ҳам иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари йўлида судга даъво аризаси киритишга ҳақли.

– Фойдали маълумотлар ва тушунчалар учун раҳмат!

“ИШОНЧ” мухбири

Зебо НАМОЗОВА

суҳбатлашди

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади