«Саратонни эрта аниқлаш — инсон ҳаётини сақлаб қолиш имконияти» – Шаҳноза Ҳамидова

Тиббиётда баъзан энг муҳим омил — вақт. Айниқса, оғир касалликларда тўғри ташхиснинг эрта қўйилиши бемор тақдирида ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин.

10:13 | 27.09.2026
•
32
«Саратонни эрта аниқлаш — инсон ҳаётини сақлаб қолиш имконияти» – Шаҳноза Ҳамидова
Катталаштириш

Шаҳноза Ҳамидова 2022 йилда Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг «Даволаш иши» йўналишини тамомлаб, умумий амалиёт шифокори малакасини олган. Айни пайтда Нью-Йоркда мустақил тадқиқотчи сифатида фаолият юритмоқда. Бугун у лаборатория тиббиёти, молекуляр диагностика ва саратонни эрта аниқлаш йўналишида илмий изланиш олиб боряпти.

Шаҳноза билан тиббиётни танлаш сабаби, пандемия давридаги лаборатория тажрибаси ва саратонни эрта аниқлаш бўйича илмий мақсадлари ҳақида суҳбатлашдик.

— Шаҳноза, тиббиётга қизиқишингиз қачон бошланган?
— Ёшлигимдан тиббиёт ва инсон саломатлигига қизиққанман. Тиббиётни танлашимнинг асосий сабабларидан бири инсонларга ёрдам бериш истаги бўлган. Айниқса, сифатли тиббий ёрдам ва замонавий диагностика имкониятлари чекланган ҳудудларда яшайдиган инсонларнинг тақдири мени доимо ўйлантиради.2016 йилда Тошкент педиатрия тиббиёт институтига ўқишга кирдим. Олти йиллик таълимдан сўнг, 2022 йилда «Даволаш иши» йўналишини тамомлаб, умумий амалиёт шифокори малакасини олдим.

— Талабалик йилларида тиббиётнинг қайси йўналиши сизга кўпроқ қизиқ туюла бошлади?
— Университетда клиник тиббиётни ўрганиш билан бирга лаборатория диагностикаси, касалликларни эрта аниқлаш ва замонавий ташхис усулларига қизиқишим кучайди.
Мен учун касалликни фақат даволаш эмас, балки уни имкон қадар эрта аниқлаш масаласи ҳам жуда муҳим бўлиб борди.

— Клиник амалиётда ҳам ишлаш имконияти бўлганми?
— Ҳа. Гинекология, жарроҳлик, ЛОР ва бошқа клиник йўналишларда шифокорлар билан ишладим. Беморлар билан ишлаш, тиббий ҳужжатларни юритиш, хавфсизлик талабларига риоя қилиш ва клиник жараёнларда иштирок этиш тажрибасини орттирдим.
Бу тажриба бемор билан бевосита ишлашнинг масъулиятини ҳис қилишимга ёрдам берди.

— Кейин фаолиятингиз лаборатория билан боғланди. COVID-19 пандемияси даври сиз учун қандай тажриба бўлди?
— 2020–2022 йилларда Korea No.1 / HANA ITC лабораториясида ишладим. COVID-19 пандемияси даврида PCR диагностикаси, биологик намуналар билан ишлаш, натижаларни қайта ишлаш ва лаборатория маълумотларини юритиш жараёнларида қатнашдим.
Айнан шу давр лаборатория тиббиёти ва молекуляр диагностикага бўлган қизиқишимни янада кучайтирди.
Клиник тиббиётда беморни кўрасиз, унинг шикояти ва ҳолатини баҳолайсиз. Лабораторияда эса касаллик ҳақида ҳужайра, қон ёки молекуляр даражада маълумот олиш мумкин. Бу мен учун жуда қизиқ йўналишга айланди.

— АҚШга келишингиздан асосий мақсад нима эди?
— Таълим ва профессионал билимларимни янада ривожлантириш учун АҚШга келдим. Ҳозир Нью-Йоркда яшайман. Инглиз тилини такомиллаштириш билан бирга тиббиёт ва илмий тадқиқотлар соҳасида ўз устимда ишлаяпман.
Асосий илмий қизиқишларим лаборатория тиббиёти, молекуляр диагностика, саратон биомаркерлари ва саратон касалликларини эрта аниқлаш билан боғлиқ.

— Нега айнан саратонни эрта аниқлаш мавзусига эътибор қаратдингиз?
— Кўплаб оғир касалликларда, жумладан саратонда ҳам касалликни эрта аниқлаш инсон ҳаётини сақлаб қолишда жуда катта аҳамиятга эга.Шунинг учун лаборатория диагностикаси, молекуляр диагностика ва саратонни эрта аниқлаш йўналишлари менга жуда яқин.
Мен учун асосий саволлардан бири — касалликни унинг кеч босқичида эмас, балки имкони борича эрта аниқлаш учун замонавий лаборатория усулларидан қандай фойдаланиш мумкин?

— Ҳозирги илмий ишларингиз нималарга қаратилган?
— Ҳозирда мустақил тадқиқотчи сифатида лаборатория тиббиёти ва молекуляр диагностика йўналишида ишлаяпман.
Асосий эътиборим саратонни эрта аниқлашда қон асосидаги биомаркерлар, cfDNA — қонда айланиб юрувчи ҳужайрасиз ДНК, молекуляр диагностика ва диагностик аниқлик масалаларига қаратилган.
Айни пайтда систематик таҳлил ва мета-таҳлил лойиҳалари устида ишлаяпман.

— Ушбу тадқиқотлар орасида муайян мавзулар борми?
— Ҳа. Лойиҳалардан бири қон асосидаги колоректал саратон скрининги бўйича систематик таҳлил ва мета-таҳлил ҳамда МРТ имкониятларини баҳолашга қаратилган.
Яна бир лойиҳа ошқозон ости бези саратонини эрта аниқлашда плазмадаги cfDNA метилланиш белгилари диагностик имкониятларини ўрганишга бағишланган. Ҳозир бу ишлар тайёрланиш босқичида.

— Илмий фаолиятда қандай мақсадни олдингизга қўйгансиз?
— Мақсадим — тиббий билимларим ва лаборатория тажрибамни илмий тадқиқотлар билан бирлаштириш.
Касалликларни имкони борича эрта ва аниқ аниқлашга хизмат қиладиган диагностик ёндашувларни ўрганишни хоҳлайман.
Мен учун айниқса замонавий диагностика имкониятлари чекланган инсонларга ҳам шундай технологиялар етиб бориши муҳим.

— Демак, илмий изланишларингизнинг охирги нуқтаси ҳам инсон саломатлигига бориб тақалади?
— Албатта. Мен учун тиббиёт шунчаки касб эмас. Бу инсон ҳаётига фойда келтириш имконияти.
Келажакда ҳам лаборатория тиббиёти, молекуляр диагностика ва саратонни эрта аниқлаш бўйича илмий фаолиятимни давом эттиришни режалаштирганман.
Илмий ва тиббий билимларим орқали касалликларни эрта аниқлаш усулларини ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшиш ва замонавий диагностика имкониятлари кўпроқ инсонларга етиб боришига хизмат қилишни истайман.

Шаҳноза Ҳамидованинг ҳозирги илмий қизиқишлари лаборатория тиббиёти, молекуляр диагностика, саратон биомаркерлари, cfDNA, ДНК метилланиши ва диагностик аниқлик каби йўналишларни қамраб олади. У АҚШда мустақил тадқиқотчи сифатида илмий лойиҳаларини давом эттирмоқда.

Унинг йўлида клиник амалиёт ҳам, пандемия давридаги лаборатория тажрибаси ҳам, бугунги илмий изланишлар ҳам бир нуқтада туташади: касалликни имкон қадар эрта аниқлаш ва инсонга вақтида ёрдам бериш.

Даврон Шарипов суҳбатлашди

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади