Ой сайин ошаётган нархлар ва ўлмас мавзу: Тошкентда бир оила учун қанча пул керак?

Яна азалий ва ўлмас мавзуга қайтамиз. Унга мурожаат қилаётганимизнинг ўз сабаби бор: эркин бозор иқтисодиётига асосланган жамиятда нархлар бир жойда турмайди. Бор-йўғи икки йил аввалги гўшт, ёғ қиймати ёки хорижий валюта курсининг ўзиёқ сизни ҳайратда қолдириши мумкин. Сўнгги марта 2025 йил кузида Тошкентда бир оила учун қанча маблағ кетиши мумкинлигини таҳлил қилгандик. Орадан бир йил муддат ўтди. Хўш, нималар ўзгарди, қайси нарса арзонлашдию, қайси бири ошиб кетди? Таъкидлаш керакки, ушбу рақам ва маълумотлар мутлақо шахсий кузатувга асосланган.
Бир йил аввалги мақолада тўрт кишилик оила учун 2 минг доллар атрофида маблағ кераклиги ҳақидаги маълумот ҳам таҳлил этилганди. Албатта, кимдир 1,5 минг доллар ёки кимдир 2,5-3 минг доллар пул сарфлаши мумкин. Ҳаммаси ижара уй, хизматлар ва тарифларнинг танлашидан келиб чиқади.
Аввало, доимгидек ижара масаласига тўхталиб ўтамиз
Ўтган бир йил ичида, яъни 2025 йил охири ва 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида ижара бозорида “катта портлаш”, яъни нархларнинг шиддат билан ўсиши кузатилмади. Бироқ, вазият мутлақо ўзгармади дея олмаймиз. Яъни Тошкентда ижара уйлар нархлари бироз қимматлади. Ўртача оила бугун икки хоналик уй учун камида 400-450 доллар миқдорида маблағ сарфлашга мажбур бўлмоқда. Бу миллий сўмимизда 4,7млн-5,3 млн сўмни ташкил этади. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти тақдим этган маълумотда ҳам ижара нархлари ошаётгани қайд этилган. Масалан, 2026 йил май ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижарасининг умумий медиан нархи 550 долларни ташкил этди. Бу апрель ойидаги кўрсаткич билан бир хил, 2025 йил май ойидагига нисбатан эса 10 фоиз юқори. Нархларнинг ошиши таклифлар камайиши билан изоҳланган. Айтиш жоизки, жорий давр ичида АҚШ доллар нафақат кўтарилмади, балки бироз арзонлади ҳам ( аввалги 12 минг сўмдан ошиқроқ қийматдан 11 800 сўмгача тушди). Тураржой харажатлари фақат ижара билан чекланмайди.
Коммунал тўловлар ҳам ижарачи гарданида бўлади
Сўнгги йилларда Ўзбекистонга электр, газ ва иситиш нархлари ҳар йили ўсиб бормоқда. 2026 йил июнь ойидан тарифлар ўртача 10 фоизга ошди. Бир йил аввал коммунал харажатларга 400 минг сўм етиши мумкинлиги ҳақида ёзгандик. Аммо нархларнинг ўсиши ҳисобига ҳатто энди 500 минг сўмгача коммунал тўловларга ажратиш зарур бўлиб қолмоқда. Совуқ мавсумда иситишга, иссиқ мавсумда совутишга (кондиционер оммалашиб кетди) катта энергия талаб этилади. Шу сабабдан фақат қишда коммунал харажатлар ошиб кетади деган тенденция эскирмоқда. Бошпана масаласи ҳал этилгач, ҳаёт учун ўта зарур бўлган навбатга бўлимга келамиз.
Озиқ-овқат масаласи саналади
Агар Миллий статистика қўмитаси маълумотига таянадиган бўлсак, 2026 йил июль ойида нархлар деярли ўзгармаган, ҳатто айрим нарсалар қиймати пасайган. Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан сабзи (12,6 %), узун бошоқли гуруч (6,4 %), юмалоқ бошоқли гуруч (6,1 %), мош (4,2 %), пиёз (1,7 %) нархларининг ошиши инфляцияга таъсир кўрсатди. Тухум ва картошка нархи эса пасайган. Бу ерда муҳим омил, яъни гўшт омилини кўздан қочирмаслик керак. Ўзбекистонда гўшт ҳеч арзонламайди ва доим қимматлаб боради. Ҳозирда ҳудудларда қўй гўшти нархи 170 минг сўмгача кўтарилди. Мол гўшти эса 140-150 минг сўмни ташкил этади. Бир йил аввал эса бу рақам 120-130 минг сўмгача эди (қўй гўшти 140 минг сўм бўлган). Демак, озиқ-овқат нархлари қимматлаган. Бир киши камида 1 млн сўмлик маҳсулот истеъмол қилса, тўрт кишилик оила учун камида 4 млн сўм маблағ зарур бўлади.
Транспорт ва кийим-кечак масаласига тўхталсак
Жамоат транспорти нархи ўзгаргани йўқ. Лекин такси харажатлари борасида бундай деб бўлмайди. Кийим-кечак нархлари ҳам ошиб бормоқда. Ҳар иккаласига камида жами 2,5 млн сўм талаб этилади. Мактаб ўқувчилари учун талаб этиладиган маблағ миқдори ҳам ўсиб бормоқда. Турли тўловлар, йиғимлар, қўшимча дарслар, тушлик учун 800-900 минг сўм талаб этилади.
Кўчада тушлик қилиш масаласини ҳам харажатларга қўшмасак бўлмайди
Бир йил аввал кўчада бир марта овқатланиш харажатини 50-55 минг сўм атрофида баҳолаган эдик. Тўғри, ҳозир ҳам бу пулга тушлик қилса бўлади. Аммо ўртача ҳисобда нархлар ошган ва бугун битта тушлик нархини 60-70 минг атрофида баҳолаш мумкин. Икки киши учун тахминан 3,5 млн сўмгача маблағ кетади.
Халқимизда “тишимни ковагида асраб юрганман” деган ибора бор. Бу кутилмаган харажатларга ёки инқирозли вазиятлар учун асраб қўйилган маблағга нисбатан айтилади. Бир оила камида 200 доллар эквивалентидаги пулни (бугунги курсда 2,3-2,4 млн сўм) шундай фонд учун ажратиб қўйса мақсадга мувофиқ саналади. Умумий даромад ҳажмидан келиб чиқиб бу миқдор камроқ ёки кўпроқ бўлиши мумкин.
Демак умумий хулосага кўра, айни кунларда Тошкентда яшовчи ўртача оила учун 18,5 миллион сўм маблағ бир ойлик яшаш учун етиши мумкин экан. Аввалги кузатувларга кўра, 2025 йилда бу миқдор 15-16 миллион сўм, 2024 йилда эса 13 млн сўмдан ошиқроқни ташкил этганди. Таъкидлаш керакки, жорий даврда иқтисоднинг асосий омилларидан бўлган АҚШ доллари курси нафақат кўтарилиб кетмади, балки тушди ҳам. Унинг 12 минг сўмдан ҳам пастга тушиши одатий ҳолга айланди. Аммо долларнинг тушиши ижара нархини айтмаса, қолган харажатларга таъсири катта бўлмаяпти.
Шу ўринда яна битта маълумотни келтириб ўтишни жоиз деб топдик. Бу Тошкентдаги ўртача иш ҳақи миқдори саналади. Расмий кўрсаткичларга кўра, пойтахтда ўртача номинал ҳисобланган ойлик иш ҳақи тахминан 11 миллион сўмдан 11,6 миллион сўмгачани ташкил этмоқда (бу республика ўртача кўрсаткичи бўлган 6,8 млн сўмдан сезиларли даражада юқори). Айтганча, Numbeo портали 2026 йилда ҳам Тошкентни яшаш учун арзон бўлган шаҳарлар рўйхатига киритди. 2026 йилги глобал яшаш қиймати рейтингида мамлакат 155 давлат орасида 138-ўринни эгаллади.
Юқоридаги рақам ва кузатувлар мутлақ ҳақиқатга даъво қилмаса ҳам, унинг замирида реал вазият ифодаси борлиги сир эмас. Ўзбекистон, хусусан Тошкентда яшаш харажатлари тинимсиз ўсмоқда ва бу ортга қайтмас бозор қонуниятлари саналади.
Аброр Зоҳидов







