Одатларимизни биз бошқарамизми ёки улар бизни?
Ақлимиз зарарли одатлардан воз кечиш кераклигини билади. Аммо нега барибир ўша хатоларни такрорлаймиз? Нега телефонни қўлдан қўйиш қийин, бир зумлик роҳатни деб ўзимизга зарар етказамиз? Инсонни аслида нима бошқаради — ақлми, ҳиссиётми ёки онгсиз истакларми?

Нега баъзан ўзимизга ўзимиз халақит берамиз? Ирода нега ожизлик қилади? Қачон оддий одат қарамликка айланади?
Тиббиёт фанлари доктори, нейропсихолог Зарифбой Ибодуллаев билан суҳбатда инсон психикасининг шу каби мураккаб, аммо ҳар биримизга дахлдор жиҳатлари ҳақида сўз борди.
Инсон ўз истакларининг хўжайиними ёки асири? Жавобини суҳбатимизда ўқинг.
Иссиқ жонмиз. Ҳамиша нимагадир эҳтиёж сезамиз. Масалан, оч қолсак, овқатланамиз, чарчасак, дам оламиз, ёлғиз қолсак, суҳбатдош қидирамиз. Аммо баъзи эҳтиёжлар борки, улар аста-секин одатга, кейин иллатга айланиб кетади. Чекиш, ичиш, қимор ўйнаш, телефонга қарамлик, меъёрдан ортиқ телевизор кўриш, яъни турли-туман сериалларга муккасидан кетишнинг оқибатини англасак-да, улардан вақтида воз кечолмаймиз. Умуман олганда, ҳозирги талатўп замонда инсон ўзини англаши, тушуниб етиши, хоҳиш ва истакларини жиловлаши осон эмас.
Тиббиёт фанлари доктори, франциянинг олий Психомотор реабилитация институти фахрий профессори, нейропсихолог зарифбой ибодуллаев билан суҳбатимиз шу масалаларда бўлди.
– Инсон зарарли одатлардан воз кечолмаслигининг асосий сабаби – бу бош миянинг «мукофотлаш маркази» ва психологик механизмлар билан боғлиқ, – дейди Зарифбой Ибодуллаев. – Мисол учун, бирон-бир сериални берилиб кўриш организмда допамин, халқ тили билан айтганда, роҳатланиш гормони ишлаб чиқаради. Мия табиий равишда энг осон ва тез келадиган роҳат манбаига ўрганиб қолади. Умуман олганда, одамлар ички безовталик, ёлғизлик, чарчоқ ёки руҳий жароҳатлардан қочиш учун шу нарсаларга «суянади». Аммо бу вақтинчалик «психологик анестезия» вазифасини бажаради. Қарамлик шаклланганда эса ақл-идрок учун масъул ҳисобланган миянинг пешона пўстлоғининг иши сустлашади. Оқибатда ҳис-туйғу ва импульсив истаклар тўғри қарорлар устидан ғолиб келаверади. Афсуски, бу тоифадаги шахсларнинг ҳаёт тарзи ақл-идрокка эмас, ҳис-туйғуларга тобе бўлиб қолади.
– Инсон мияси нимадан роҳатланади? Масалан, сериалнинг бир қисмини кўрдик, яна биттасини кўргимиз келади. Телефонни беш дақиқага қўлга олиб, лекин ярим соат ўтиб кетганини сезмай қоламиз. Бу ҳолатда қайси эҳтиёжимиз фаоллашади?
– Мия, энг аввало, янгилик, мавҳум нарсанинг ечилиши ва тез ҳал бўладиган ишлардан завқ олади. Сериал ёки телефон билан боғлиқ ҳолатда қуйидаги руҳий ва нейробиологик механизмлар ҳамда эҳтиёжлар ишлайди:
– Сериалнинг ҳар бир қисми энг қизиқ ва ноаниқ жойида тугайди. Миядаги допамин тизими мукофотнинг ўзидан кўра, мукофотни кутиш жараёнида энг юқори даражада фаоллашади. Қисм тугаши билан пайдо бўлган «Кейин нима бўлади?» деган савол мияда кучли қизиқиш ва допамин «чақнаши»ни чақиради, бу эса кейинги қисмни кўришга ундайди.
Ижтимоий тармоқлар ва қисқа видеолар мияни жуда кам куч сарфлаган ҳолда узлуксиз янги ахборот ва кўриш ҳисси билан таъминлайди. Ҳар бир «лайк», янги хабар ёки видео мия учун кичик бир мукофотдир.
Инсон кундалик ташвишлар, руҳий толиқиш ва стрессдан халос бўлиш, чалғишга эҳтиёж сезади. Виртуал олам ёки фильм сюжетлари инсонга ўз муаммоларини вақтинча унутиш имконини беради.
Одам телефон кўриш ёки сериалга берилиб кетганда, миянинг «фокус» маркази тўлиқ банд бўлади. Оқибатда диққатни бошқариш ва вақтни назорат қилиш функцияси сустлашиб, бир неча соат ўтгани сезилмай қолади.
– Хўп, нима учун зарарли одатни тез ўзлаштирамизу, фойдалисига қийинчилик билан эришамиз? Масалан, китоб ўқишга, жисмоний машқ қилишга аранг киришамиз. Бироқ телефон титиш ёки телевизор кўришга бизни ҳеч ким мажбурламаса-да, унга кучли истак билдирамиз…
– Бу ҳолат миянинг энергияни тежаш принципи ва нейрон занжирларининг шаклланиш тезлиги билан боғлиқ. Асосий сабабларни уч омилга бўлиб изоҳласам:
Биринчиси – «Тезкор мукофот» ва «Кечиктирилган натижа» феномени. Телефон кўриш ёки бирон-бир ширинликни тановул қилиш мияга зудлик билан роҳат (допамин) беради. Шу тариқа у минимал куч сарфлаб, максимал завқ олади. Спорт билан шуғулланиш, китоб ўқиш ёки эрталаб барвақт туришнинг натижаси ва роҳати эса кеч сезилади, яъни соғлиқ, гўзал қомат ва куч орадан бир неча ой ўтиб намоён бўлади. Бу зерикарли ҳолат ҳисобланади. Инсон мияси эволюцион нуқтаи назардан ҳар доим тезкор мукофотни афзал кўради ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Иккинчиси – жисмоний ва руҳий зўриқиш. Яхши одатлар (спорт, китоб ўқиш, илм олиш) миянинг пешона пўстлоғидан катта ирода ва ақлий куч талаб қилади. Мия табиатан ортиқча энергия сарфлашни ёқтирмайди. Зарарли одатлар эса ҳеч қандай куч талаб қилмайди. Шу боис мия унга қаршилик кўрсатмайди.
Учинчиси – нейрон алоқаларининг ўрнатилиши. Осон ва ортиқча куч талаб қилмайдиган ҳаракатлар мияда жуда тез ва мустаҳкам нейрон занжирини пайдо қилади. Мураккаб, зўриқиш талаб қиладиган ҳаракатлар учун эса янги нейрон йўлларини очиш ва уларни автоматик даражага келтиришга бироз вақт ва узлуксиз такрорлаш керак бўлади. Баъзан мен ялқов талабаларга ҳазиллашиб шундай дейман: «Сиз эмас, миянгиз ялқов, сизлар эса унинг айтганини қиласизлар».
– Одат қандай қилиб характерга айланади? Масалан, аввал одам фақат асабийлашганда чекиши, ичиши мумкин. Секин-аста бу доимий ҳолга айланади. Охир-оқибат, чекмаса ёки ичмаса туролмайди…
–Бу миянинг морфо-функционал қайта қурилиши, яъни нейропластиклик жараёнидир. У автоматик рефлекслар ва ирода назорати ўртасидаги мувозанатнинг бузилишидан бошланади. Уни қуйидаги жараёнлар билан ифодалаш мумкин:
Синов ва вақтинчалик таскин топиш. Кимдир стрессга тушса ёки асабийлашса, алкоголь ичди дейлик. Натижада мияда вақтинчалик «оғриқ қолдирувчи» ва эркинлик ҳисси пайдо бўлади. Мия бу ҳолатни «Стресс → Алкоголь → Енгиллик» формуласи сифатида хотирада сақлаб қолади.
Нейрон занжирининг мустаҳкамланиши. Ичиш такрорланавергач, миянинг чуқур тузилмаларида мустаҳкам нейрон йўли шаклланади. Энди инсон ноқулайлик ёки чарчоқ пайдо бўлиши билан ўйлаб ўтирмасдан, автоматик равишда спиртли ичимлик ичишни бошлайди.
Физиологик қарамлик. Мия алкоголга ўрганиб, табиий медиаторлар ишлаб чиқаришни камайтиради. Оқибатда инсон кучли безовталик, ички бўшлиқ ва физиологик ноқулайлик ҳис қилади. Буни тиббиётда «Абстиненция синдроми» дейишади.
Шахс парчаланиши. Бу босқичда ичиш одатга айланади. Аста-секин миянинг пешона пўстлоғи, яъни танқидий фикрлаш, ирода ва ахлоқий қадриятларни назорат қилувчи марказ иши сустлашади. Масъулиятсизлик, таъсирчанлик, ёлғон сўзлаш ва лоқайдлик доимий тус олади ва бора-бора характерга айланади.
– Инсонни кўпроқ нима бошқаради: ақлми, эҳтиёжми ёки ҳиссиёт?
– Аслида ҳар қандай қарор ҳиссиётлар ва яширин эҳтиёжлар орқали қабул қилинади. Ақл эса кўпинча уларни оқлаш ва асослаб бериш билан шуғулланади. Бу механизм нейробиологик нуқтаи назардан қуйидагича ишлайди:
Миянинг ҳиссиёт ва эҳтиёжларга масъул энг қадимги тузилмалари (лимбик тизим) ақлга нисбатан бир неча баробар тезроқ реакция қайтаради. Тезкор танловлар, истаклар ва турткилар айнан шу ерда юзага келади. Ақл эса пайдо бўлган ҳиссий қарорни таҳлил қилади ва инсонга «Буни мантиқан ва ақл билан қабул қилдим» деган иллюзия уйғотади. Қисқача айтганда, эҳтиёж йўналишни беради, ҳиссиёт – ҳаракатга келтиради, ақл эса унга мантиқий сабаб ва оқлов топиб беради.
– Сериал, телефон, сигарет, қимор – булар ҳар хил, лекин ортида инсон психологияси нуқтаи назаридан умумий бир механизм бордек…
– Буларнинг барчаси психологик жиҳатдан воқеликдан қочиш воситасидир. Инсон ички стресс, ташвиш, ёлғизлик, чарчоқ сезса ёки ўзидан қониқмаса, мия ушбу одатлар орқали «психологик анестезия» беради. Одатлар, масалан, қимор ўйнаганда «ҳозир ютаманми ёки йўқми?», телефонга тикилганда «Янги хабар ёки видео борми?», сериал кўраётганда «Кейинги қисмда нима бўлади?», сигарет тутатаётганда «Ҳозир чексам, енгил тортаман» деган ўз-ўзини юпатишлар мияни кутиш ҳолатида ушлаб туради, яъни боя айтганимдек, у учун энг кучли допамин – бу мукофотнинг ўзини олганда эмас, айнан кутиш жараёнида содир бўлади.
– «Ўзини тия билиш» тарбияланадиган қобилиятми? Яъни болаликдан хоҳиш билан эҳтиёжнинг, истак билан заруратнинг фарқини ўргатиш мумкинми?
– Ҳа, «ўзини тия билиш» (назорат қилиш) бу туғма иқтидор эмас, балки болаликдан шакллантириладиган когнитив ва эмоционал қобилиятдир. Назаримда, бу жараён миянинг пешона пўстлоғи, яъни инсоннинг ақлий фаолиятини назорат қилувчи марказ ва ироданинг шаклланиши билан боғлиқ. Болада хоҳиш билан эҳтиёж, зарурат ўртасидаги фарқни шакллантириш учун у истаган нарсани бериш ёки инжиқлигини қондириш шарт эмас. Чунки болада роҳатланиш ҳисси бироз кечиктирилса, миясида ирода ва қадрият механизмлари шакллана бошлайди. Бу – келажак учун яхши феномен.
Кичикликданоқ «Мен буни хоҳлайман» ва «Бу менга зарур» деган ниятлар ўртасидаги фарқни мулоқот орқали тушунтириш ҳам муҳим роль ўйнайди. Масалан, ширинлик – бу унинг хоҳиши, аммо тушликдаги овқат организми учун зарур эҳтиёжлигини тушунтириш керак.
Фарзанд шахсий чегараларни ҳам билиши зарур. Бу хислатларни ота-она шакллантиради. Агар оилада «Йўқ!» дейилган қоида инжиқлик ёки йиғи эвазига «Ҳа!»га айланмаса, болада ташқи чегараларни қабул қилиш, ота-она ҳурматини жойига қўйиш ва ўзини тия билиш кўникмаси шаклланади.
Ўғил-қизларимиз биз, катталар хоҳишларимизни қандай жиловлашимизни кўриб, тақлид қилишади. Шунингдек, унга ҳис-туйғуларини номлаш ва тушуниш ўргатилса (Ҳозир мен аччиқланяпман, чунки хоҳлаган нарсамга эриша олмадим), у импульсив ҳаракат қилишдан тўхтайди.
Мухтасар айтганда, ўзини тия билиш бу – руҳий куч. У кичиклигидан тўғри тарбияланса, вояга етгач, зарарли одатлар ва қарамликларга шунчалик кам берилувчан бўлади.
– Биз ўзимизни қанчалик яхши биламиз? «Мен ўзимни биламан», деймиз. Аммо нега баъзан қилган ишимиздан ўзимиз таскин топмаймиз?
– Баъзан ўйлаб қоламан, ҳатто катта ёшдаги одамлар ҳам ўзини яхши билмайди, агар билганида ўзига ўзи зиён келтирадиган ишларга қўл урмаган бўларди. Нейропсихологияда когнитив диссонанс, яъни ички зиддият деган тушунча бор. Инсоннинг миясида ўзи ҳақидаги «Мен яхши, оқил одамман» деган тасаввури (эго) билан маълум бир эмоционал туртки (алам, қўрқув, ғазаб, эҳтиёж) таъсирида қилган амалий ҳаракати тўқнашиб қолади. Мана шу ҳолат ички безовталик ва таскин топмасликни келтириб чиқаради. Яъни қарор қабул қилиш пайтида миянинг ҳиссиёт учун жавобгар бўлган лимбик тизими устунлик қилиб қўяди. Орадан бироз вақт ўтиб, ҳиссиёт тўлқини пасайгач, миянинг пешона пўстлоғи (ақл, ирода ва мантиқ маркази) ишга тушади ва совуққонлик билан баҳо беради. Натижада киши «Нега бундай қилдим-a?» деб афсусланади. Таскин топмаслик бу онгсиз равишда қилинган хатони онгли равишда англаб етиш ва шахснинг ички ўсишга бўлган интилишидир.
Умуман олганда, инсон, аввало, ўзини тушуниши керак. Унинг энг катта ютуғи ҳам ўзини ўзи англай олишидир.
«ISHONCH» мухбири
Ғуломжон
МИРАҲМЕДОВ
суҳбатлашди.
Манба: "Ishonch" газетасининг 2026 йил 13 октябрдаги 124-сони.







