Овқатланиш қадриятми ёки эҳтиёж?

Қай кўчага бош суқманг, қаҳвахона, ресторан, фастфуд сотиладиган емакхоналарга кўзингиз тушади. Аксарияти ҳар доим одамлар билан гавжум. Ижтимоий тармоқларда ҳам овқат пиширишни ўргатувчи контентлар кўп кўриляпти. Хуллас, тўй-томошалар, зиёфатлар, маъракаларда асосий эътибор, аввало, дастурхонга қаратиляпти.

08:45 | 17.10.2026
•
12
Овқатланиш қадриятми ёки эҳтиёж?
Катталаштириш

Яқинда бир тўйга бордик. Дастурхонда қўл қўйишга жой йўқ. Устига-устак, уч-тўрт хил таом ҳам тортилди. «Яхши тўй бўлди», дейишди борганлар. Аммо егуликларнинг ярмидан кўпи увол бўлгани ҳеч кимни ташвишлантирмади. Икки-уч хил салат ва битта таом тортилган яна бир тўй эса айримларнинг энсасини қотирди.

Ҳа, фақат тўйларда эмас, оддий меҳмондорчиликда ҳам олдимизга икки-уч хил таом қўйишмаса, «Сийлашмади», деб гина қиладиган бўлдик.

– Ёш пайтларимиз қариндошлар меҳмонга келишса, уйда борини баҳам кўрардик. Алоҳида тайёргарлик деган гаплар йўқ эди. Ҳеч ким хафа бўлмасди, – дейди Мардона опа. – Ҳозир битта меҳмон учун кун бўйи пишир-куйдир қиламиз.

Кейинги пайтларда овқатланиш айримлар учун қадриятга айлангани рост. Дўстлар билан кафе ёки ресторанда учрашамиз. Қариндошлар дийдори тансиқ таом устида ўтмаса ҳисоб эмас. «Тушликка нима еймиз?», «Кечқурун қаерда овқатланамиз?», деган масала кун тартибимизда асосий ўрин эгаллайди.

– Ҳозир энг зўр бизнес емакхона очиш, – дейди бир тадбиркор. – Мебель дўконимни ёпиб, кафе очдим. Ишларим юришиб кетди. Билганимда, олдинроқ шу иш билан шуғулланардим.

Тўғри, инсон ейиш-ичиш орқали ҳаётини давом эттиради, меҳнат қилади, куч тўплайди. Дастурхон меҳр, меҳмондўстлик ва ҳурмат ифодаси ҳам бўлиши мумкин. Бироқ кейинги вақтларда овқатланиш ижтимоий мақом ва асосий кўнгилочар воситага айланиб қолмадимикан?..

– Тана ва руҳимиз ҳузур-ҳаловат излайди. Масалан, миямиз бир луқма ширин овқатдан сўнг дарҳол дофамин – мамнунлик гормони ажратади. Меҳнат талаб қилмайдиган, куч сарфланмайдиган осон роҳат эса одамни ўзига боғлаб қўяди. Натижада руҳий ҳордиқ, мулоқот ва эстетик завқ ўрнини ошқозонни тўлдириш эгаллайди, – дейди шифокор Элбек Болтаев.

Донишмандлар «Олдига қўйганни емоқ ҳайвоннинг иши», деб бежиз айтишмаган. Овқатланишга муккасидан кетаверсак, бошқа орзу-ҳавасларни унутиб қўймаймизми? Ахир, инсон китоб ўқиш, концерт томоша қилиш, театрга бориш орқали ҳам ҳузур топиши мумкин-ку!? Қорин ташвиши биринчи ўринга чиқса, қалб ва тафаккур хасталаниб қолмасмикан?

Ортиқча овқат кераксиз ташвиш аслида. Тиббиёт ходимларига кўра, тана овқатни ҳазм қилиш ва уни энергияга айлантириш учун маълум миқдорда куч сарфлайди. Ҳазм бўлмаган таом эса турли касалликларга олиб келиши аллақачон исботланган.

Шундай экан, овқат тановул қилишни қадриятга эмас, заруратга айлантирмоғимиз зарур.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
«ISHONCH»

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади