Парадокс: Жиноятчиликка қарши кескин кураш кетаётган бир даврда жиноятлар сони ортиб бормоқда

Ўтган йили 3 мингдан ортиқ бола (314 нафари қиз бола) жиноий жавобгарликка тортилган. Шундан 1602 нафари ўғрилик, 453 нафари безорилик ва 135 нафари фирибгарлик билан айбланган.

11:38 | 11.03.2024
•
820
Парадокс: Жиноятчиликка қарши кескин кураш кетаётган бир даврда жиноятлар сони ортиб бормоқда
Катталаштириш

Уларнинг 744 нафари 13-15, 2 минг 855 нафари эса 16-17 ёшдагилардир. Номусга тегиш ва қотиллик жиноятлари кўрсаткичлари ҳам ўтган йилларга нисбатан анчага ортган.

Яқинда статистика агентлиги 2023 йилда содир этилган жиноятлар (88 минг 913 нафар шахс) сонини очиқлади. Ҳолат шунчаки даҳшат – таърифлашга тил ожиз, ҳатто.

Мана бу рақамлар эса юрт келажагига бефарқ бўлмаган ҳар қандай кишини янада қаттиқ хавотирга солмай қолмайди: Вояга етмаганлар орасида жиноятга қўл урган шахслар сони 2022 йилга нисбатан 487 кишига ёки 15,6 фоизга, 2021 йилдагидан 1,4 баробарга кўпайган.

Афсус, бу йўналишларда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, вояга етмаган шахслар орасида жиноятчилик тобора ортиб бормоқда. Демак, қаердадир бўшлиқ бор. Балки эски қолиплар бўйича иш тутаётганимиз, тадбирбозликдан нарига ўтолмаётганимиз, сабаблар қолиб, оқибатлар билан курашиб ётганимиз «ҳосиласи»дир бу.

Бир кўз олдингизга келтириб, тасаввур қилиб кўрингга: ўтган йили 3 мингдан ортиқ бола (314 нафари қиз бола) жиноий жавобгарликка тортилган. Шундан 1602 нафари ўғрилик, 453 нафари безорилик ва 135 нафари фирибгарлик билан айбланган. Ёш тоифасига кўра, уларнинг 744 нафари 13-15, 2 минг 855 нафари эса 16-17 ёшдагилардир. Таҳлилларга кўра, номусга тегиш ва қотиллик жиноятлари кўрсаткичлари ҳам ўтган йилларга нисбатан анчага ортган.

14 ёшнинг нари-берисидаги ўспирин – Холмурод (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қаровсиз қолдирилган машинанинг ойнасини синдириб, ўғрилик қилган. Мана шу қилмиши унинг ҳаётини бузиб юборди.

Отаси ташлаб кетгач, бемор онаси билан ёлғиз қолган. Айтишича, онасига дори олиш учун машинанинг ойнасини синдириб, пул олган. Бир оз муддат қамоқда жазо ўтаган. Вояга етмагани, оилавий аҳволи инобатга олиниб, озод қилинган. Аммо бир қўшниси «ўғри-ўғри» деб юзига солаверган. Ҳақоратлар жонидан ўтиб кетгач, ўша қўшнининг уйини тунаб етган. Оқибатда яна қамоққа олинган.

– Онамни қийналаётганини кўриб, чидаб туролмадим, – дея ўша кунларни ёдга олади Холмурод. – Унга ёрдам бериш учун шу ишни қилдим. Аммо волидамга қайишиш ўрнига уни баттар азобда қолдирдим.

Аслида биринчи марта жазоланганимдаёқ ўзим учун хулоса чиқарган эдим. Бироқ қўшнимнинг таъна-дашномларига бардошим етмади. Қизиққонлик қилдим. Афсус, бу менга баттар қимматга тушди. Шу тобда фақат онамга ачиняпман, холос. Унга муносиб ўғил бўлолмаганим ичимни ёндиряпти. Ҳар сафар мени кўришга келганларида ўзимни қўярга жой тополмайман. Ич-ичимдан зил кетаман. Мушфиқ онам кулиб турса-да, қалби изтиробда, азоб-уқубатда, кўзларида улкан дард мужассам… ва бунга эса мен сабабчиман…

Бир болага етти маҳалла ота-она, деган пурмаъно мақолимиз бор. Лекин мазкур ибора аллақачон ўз қийматини йўқотганга ўхшайди. Ён қўшниси тугул, бир подъездда бир-бирини танимайдиган одамлар ҳам бор. Айни замонда бировнинг боласини тўғри йўлга бошлаб, дакки бериб кўрингчи, ота-онаси «ўз болангга хўжайинлик қиласан», деб оғзингизга уради. Ҳамсоясининг кичкина айбини сурнай қилиб чаладиган, юзига солиб, кун бермайдиган қўшнилар ҳам истагача топилади.

Хуллас, қадриятлар тобора йўқолиб, ўлиб бораётган бир даврни яшаб ўтяпмиз. Ўзимизни оқлаш учун сабаблар етарли, ҳатто керагидан ортиқ, аммо унутмаслик керак: айнан сабаблар оқибатларни еткалаб келади.

Ўзаро гап талашиш, ҳақорат ортидан юзага келган жанжалда тенгдошини уриб, ўлдириб қўйган Мақсуд ҳам жазо муддатини ўтамоқда. Ҳар қанча афсус-надомат чекмасин, вақтни орқага қайтаролмайди. Ҳасратига унча-мунча одам бардош беролмайди. Бировнинг умид билан ўстираётган боласини умрига зомин бўлиш, унинг тушига ҳам кирмаган эди.

Қаршибекнинг ҳам ҳаёти ҳавас қилгудек эмас. Ота-онаси автоҳалокат туфайли оламдан ўтгач, тоғаси қарамоғига ўтган. Янгасининг турткилаверишидан зада бўлиб, уйдан қочиб кетган. Ўғирлик қилаётганда қўлга тушган...

Таассуфки, бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Бироқ бундан кимга не фойда?

Маълумотларга кўра, ёшлар анъанавий гиёҳвандлик моддаларидан воз кечиб, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар, масалан, «трамадол» ва янги пайдо бўлган «тропикамид» дориларини истеъмол қилишга ружу қўймоқда.

Яна бир оғриқли ҳолат: мактаб ўқувчилари орасида сигарет ва нос чекадиганлар кўпайиб кетган. Ҳисоб-китобларга кўра, республикада 13-15 ёшдаги мактаб ўқувчиларининг 1,7 фоизи тамаки чекади. Бетайин ва тарбиясиз ўқувчиларнинг ўқитувчига муносабати эса ижтимоий тармоқларнинг «безаги»га айланиб улгурди. Улар орасида ҳатто устозга қўл кўтараётганлари ҳам борлиги фожеа. Фожеаки, кўлами кенг, зарари бутун бир умрга татигулик…

«Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”. Бу сўзлар бундан қарийб бир аср олдин таниқли маърифатпарвар олим Абдулла Авлоний томонидан айтилган бўлса-да, бугунги кунда ҳам ўз моҳиятини йўқотмаган – ҳали-ҳануз долзарб... Зотан, ҳар қандай иллатнинг илдизи тарбиясизликка бориб тақалади.

Бировга маслаҳат бериш, вазхонлик қилишдан осони йўқ, аслида. Жиноятчилик бўйича кўп ва хўп ёзилди, ёзиляпти, айтилди, айтиляпти ҳам. Республикамизда ўсмирлар, ёшларни тўғри йўлга бошлаш, уларни уюштириш, бирон бир касб-ҳунарга йўналтириш, умуман, жиноячиликнинг олдини олиш учун юзлаб ташкилотлар фаолият юритмоқда, ҳатто. Бироқ натижа кутилганидек эмас. Чунки... қайта-қайта айтилавериб, сийқаси чиқиб кетган ҳақиқат шуки, биз сабаблар қолиб, оқибатлар билан курашамиз, холос. Бундан бир иш чиқиши эса даргумон...

Ғуломжон Мираҳмедов

🏷️ Теглар:#Жиноят
МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади