Пойтахтда, умуман Ўзбекистонда ижара нархлари пасаймоқда
Албатта, бу ерда муҳим жиҳатни унутмаслик лозим – нархлар даромадларга нисбатан арзон бўлиб кетмади. Шунчаки олдинги даврларга нисбатан пасайди.
Тошкентдаги эълонларга бўлаётган қўнғироқлар, бозорга чиқарилаётган вариантлар нархига кўра шундай хулоса қилиш мумкин: яқиндагина 500 долларга берилаётган хонадонлар бугун 400 доллар атрофида таклиф қилиняпти, 300 долларга талаш бўлаётган квартираларга бугун талаб ҳаминқадар.
Эътиборлиси – нарх тушиши бюджет (яъни шартли олсак, нархи 300 долларгача бўлган) вариантларга жиддий таъсир қилгани йўқ. Вазият мазкур бозор ваниҳоят чўққисига чиқиб, маълум жиловланишга тушганини англатади.
Бу борадаги сўнгги расмий маълумотлар жорий йил апрел ойида берилган (https://t.me/ifmr_public/5143). Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти хабарида жуда рамзий пасайиш қайд этилган. Аммо бугунги реаллик анча жиддий кўрсаткичларга етганини англатади.
Бунга нималар сабаб бўлди?
1. Россия омили. Жуда кўпчилик релокантлар Ўзбекистонга келишди. Аммо уларнинг аксарияти учун шаҳарларимиз, хусусан пойтахт Тошкент вақтинча бошпана эди. Узоқ режа тузганлари ҳам бу ерда муносиб иш, ҳаётдаги ўрнини топа олишмади ва қайтиб кета бошлашди;
2. Иқтисодий омил. Аҳоли даромадлари кўнгилдагидек эмас, инфляция муттасил ошиб бормоқда, тирикчилик қийинлашяпти. Бундай пайтда қиммат ижарага талаб пасаяди. Қиммати тушиши эса арзонига ҳам таъсир қилади;
3. Умумий ижараларнинг тахминан ярми тўғри келадиган Тошкент олдингидек жозибадор эмас. Пойтахтда иш топиш, оилани таъминлаш жуда қийинлашиб кетди. Вилоятларда даромад у қадар катта бўлмасада, арзонлик ортидан кун кўриш мумкин. Айрим ёшлар ишлаш учун бошқа ҳудудларни ҳам излашяпти;
4. Пойтахтнинг коммунал муаммолардан холи яшаши ҳақидаги афсонага путур етди. Ўтган йилги аномал совуқда ва аномал иссиқда кўриндики, тошкентликлар вилоятларга нисбатан ҳам қийин аҳволда қолишди. Бу ҳам Ўзбекистон марказига интилишни пасайтирди;
5. Талабалар таътил муносабати билан йирик шаҳарлардан кетишди. Камхарж қатлам бўлсада, талабалар ҳам маълум талабни ҳосил қилишар, ижара бозорига жиддий таъсир кўрсатишарди. Айнан улар сентябрдан бошлаб янги тўлқинни ҳосил қилишлари мумкин.
Ижарада яшовчилар бу вазиятда нима қилишлари керак?
Дарҳол уй эгасига ультиматум қўйманг. Чунки 50 доллар иқтисод қиламан деб яшаб турган уйингиздан чиқиб кетиш ўзини мутлақо оқламайди. Маклер тўлови, кўчиш харажатлари, адаптация жараёни бу пулни бефойда қилиб қўяди.
Лекин мулкдорга вазиятни ётиғи билан тушунтирсангиз, тенденция шу тарзда давом этса, нархни қайта кўриб чиқишни таклиф қилсангиз бўлади.
Айни пайтда ҳаёти ижарада ўтаётганлар учун дастлабки ютуқ – муттасил ошиш тўхтади. Энди пасайиш жараёни ҳеч бўлмаса бир-икки мавсум давом этса, кўпчиликка енгиллик бўларди. Янаям Ўзбекистоннинг бу ёввойи бозорини тушуниб бўлмайди…
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0