Рустам Қосимжонов ягона эмас: Ўзбекистоннинг олис тарихидаги кучли шахматчилар бешлиги

Яқин-яқингача Ўзбекистонни оламга танитувчи спорт тури сифатида бокс тилга олинарди. Аммо Ўзбекистон футболчиларининг ЖЧга чиқиши, ўзбек шахматчиларининг икки марта шахмат олимпиадасида чемпион бўлиши вазиятни тубдан ўзгартирди. Эндиликда Ўзбекистон кучли шахматчилар ватани сифатида ҳам машҳурликка эришди. Рустам Қосимжонов мураббийлигидаги олтин авлод Самарқанддаги мусобақаларда ҳеч кимга имкон қолдирмади. Аммо ўзбек шахматчилиги бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолган эмас. Асрлар давомида ўйин шатранж номи билан машҳур бўлган, XX асрда ҳам юртимиздан мастер ва гроссмейстерлар етишиб чиққан. Қуйида уларнинг айримлари билан танишиб чиқамиз.
Мамажон Муҳиддинов
Замонавий шахматнинг Ўзбекистондаги тарихига назар ташлайдиган бўлсак, асосий воқеалар 1930 йиллардан бошланади. 1930 йилда республикада илк шахмат чемпионати ўтказилди ва унда Азмиддин Хўжаев чемпионликка эришди. Шахматнинг машҳурлашуви ва уни оммалаштириш учун энг кўп хизмат қилган инсонлардан бири Мамажон Муҳиддинов саналади (1927-2002). У 1927 йил 5 май куни Наманган шаҳрида дунёга келган. Мамажон Наманган шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида ўқиди. Унинг болалиги халқимизнинг оғир синовларга тўла даврига тўғри келди. Ёшлигидан китоб мутолаасига, мантиқий фикрлашга ва ақлий ўйинларга қизиққан Мамажон шахмат билан ҳам эрта танишди. Намангандаги биринчи шахмат тўгараклари ва маҳаллий мусобақалар унинг иқтидорини юзага чиқарди. 1949 йилда Тошкент темирйўл транспорти муҳандислари институтини муваффақиятли тугатгач, 1960 йилгача темирйўл бошқармасида муҳандис бўлиб ишлади. Бироқ корхонадаги фаолияти унинг шахматга бўлган меҳрини сўндирмади. Кундузи ишлаб, кечқурун машғулотлар ўтказар, турли мусобақаларда қатнашар эди. У қисқа вақт ичида республикадаги энг кучли шахматчилар сафидан жой олди. Муҳиддинов жами тўрт марта Ўзбекистон, икки марта Осиё чемпиони бўлган. У 1952, 1954, 1957 ва 1965 йилларда тўрт марта республика чемпионлигини қўлга кирди. 1956 йилда эса Марказий Осиёда шахмат бўйича биринчи спорт устаси унвонига сазовор бўлди. Бу нафақат унинг шахсий муваффақияти, балки бутун Ўзбекистон шахмат мактаби учун муҳим тарихий воқеа бўлди.
У “Шарқ — шахмат ватани”, “Ўзбекистонда шахматчилик”, “Ақл мўъжизаси”, “Катакларга яширинган олам”, “От суриб, фил ўйнатиб”, “Аъзамовлар сулоласи”, “Соҳибқирон дона сурганда” асарларини ёзди. Мамажон Муҳиддиновнинг “Шахмат” дарслик китоби (1962) айниқса муҳим саналади. Дарслик мактабларнинг янги ўрганувчи ўқувчилари ва кам малакали шахматчилар учун мўлжалланганди. Китобда шахмат тарихи, назарияси ва ўйин қоидалари ёритилган ҳамда машҳур шахматчиларнинг ўйнаган партияларидан намуналар ва шахмат тарихига оид баъзи бир сатира ва юмор тарзидаги ҳикоялар келтирилади.
Георгий Аъзамов
Ўзбек шахматчилари ҳақида гапира туриб, Георгий Аъзамовни эсламасак бўлмайди. Чунки у Марказий Осиёдан чиққан биринчи халқаро гроссмейстер эди. Оз яшаган бўлсада, Георгий Тожиевич Аъзамов қисқа вақт ичида халқаро гроссмейстер (1984) ва Марказий Осиёнинг биринчи гроссмейстери, халқаро уста (1982) ва СССР спорт устаси бўлди (1974). Унинг энг юқори рейтинги 2590 балл (1985 йил январь) эди.
Аъзамов жуда ёш пайтида натижалар кўрсата бошлаган. 11 ёшида у ўзининг туғилган шаҳри Олмалиқнинг катталар чемпиони бўлди. У 19 ёшида мастер бўлди. Аъзамов икки карра Ўзбекистон ССР чемпиони бўлган — 1976 ва 1981 йилларда. Учта СССР чемпионатида иштирок этди. 1981 йилги чемпионатдаги чиқишидан сўнг, у ерда гроссмейстер Белявский билан 6 ва 7-ўринларни эгаллаганидан сўнг, у бир қатор халқаро турнирларда ғолиб чиқди. Икки йил ичида у олтита йирик халқаро турнирда ғалаба қозонди ва беш марта гроссмейстер нормасини бажарди. СССР терма жамоаси аъзоси сифатида у 2-Телешахполимпиадада ғолиб чиқди (1981/1982).
Аммо порлаб чиқаётган юлдузнинг умри қисқа бўлди. Георгий 1986 йил 27 август куни Севастопол шаҳри чеккасида шом пайтида сайр қилиб юрганида қоқилиб, жарликка тушиб кетди ва 31 ёшида вафот этди. Ўзбекистон шахмат федерацияси Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган турнирларни ўтказади.
Григорий Серпер
1992 йили Манила (Филиппин) шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон Шахмат Олимпиадасида мустақил Ўзбекистон терма жамоаси тарихий 2-ўринни (кумуш медаль) эгаллади ва бу шов-шувларга сабаб бўлди. Ғалабада Тошкентда туғилган Григорий Серпернинг ҳам ҳиссаси катта эди. У 2-тахтада муносиб дона суриб, терма жамоа ғалабасига жуда катта ҳисса қўшган.
Григорий Серпер 1969 йил 14 сентябрда Тошкентда туғилган. Григорий олти ёшида шахмат ўйнашни бошлаган ва бобоси унинг биринчи устози бўлган. Иқтидорли йигит 15 ёшида эркаклар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати финалига чиқди ва СССР ўсмирлар чемпионатида шов-шув кўтарди. Серпер эътиборга олинди ва машҳур Ботвинник-Каспаров мактабининг машғулотларига таклиф қилинди. Афсонавий чемпионларнинг сабоқлари дарҳол сезилди. Мактабга таклиф қилинганидан бир йил ўтгач, Серпер СССР спорт устаси унвонига сазовор бўлди ва Пинскдаги Бутуниттифоқ саралаш турнирида ажойиб натижаларга эришди. 1992 йилда мустақил Ўзбекистон терма сафидаги натижаси уни жуда машҳур қилиб юборди. Турнирдан сўнг, ФИДЕ қаҳрамонга гроссмейстер унвонини берди, унинг рейтинги 2600 га етди. Григорий Дортмунддаги супертурнирга ҳам таклиф қилинди. Аммо 1996 йилда Серпер АҚШга йўл олди. Шундан сўнг Григорий турнирларда Қўшма Штатлар шарафини ҳимоя қилди.
Алексей Барсов
Самарқандлик Алексей Барсов ҳам ўзбек шахматчилигида муҳим ўрин тутади. Барсов 1966 йил 3 апрелда Самарқандда туғилган. У саккиз ёшида шахмат ўйнашни ўрганган. Унинг биринчи устозлари Григорий Эстерлис ва Виктор Измаилов бўлган, кейин Барсов Ўзбекистондаги таниқли мураббий уста Сергей Пинчук қўл остида ўқиган.
1980 йилларда Ўзбекистонда кўплаб юқори даражадаги мусобақалар, жумладан, Аъзамов хотираси, Хўжаев хотираси ва Самарқанд турнири бўлиб ўтди, унда Барсов гроссмейстерларга қарши ўйнаш бўйича биринчи тажрибасини тўплади. Кўп ўтмай, Барсов Бутуниттифоқ саралаш босқичида иштирок этди (1988) ва “Динамо” жамияти чемпионатида учинчи ўринни эгаллади (1989). Алексей Барсов Самарқанд давлат университетининг юридик факультетини тамомлаган (1987). Қайта қуриш даврида у биринчи марта чет элга саёҳат қилди ва тез орада халқаро уста бўлди (1992). Шахматчи энг катта муваффақиятига аср бошларида эришди. 1999 йилда Барсов Осиё чемпионатида бронза медалини қўлга киритди, бу эса Швейцария турнирларидаги муваффақияти билан бирга унга гроссмейстер унвонини келтирди (2000). 2000 йилда Алексей Ўзбекистон терма жамоасига қўшилди ва у 2010 йилгача ўйнади. Барсов ўзининг биринчи Миллатлар турнирида захира ўйинчилари орасида ғалаба қозонди, мағлубиятсиз ўйнади ва Исландия, Польша ва Италияга қарши ўйинларда ҳал қилувчи очколарни қўлга киритди. Ўзбек шахматчилари Туркияда юқори 11-ўринни эгаллади.
Алексей Барсов 2001 ва 2004 йилларда икки марта Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. У бир нечта йирик турнирларда ғолиб чиқди: Виссенген (1995), Оксфорд (1998), Ню-Йорк (1999), Ҳастингс (2001), Касабланка (2006) ва Байрут (2011). Шунингдек, у Марказий Осиё кубогини ҳам қўлга киритди. Барсов Жаҳон шаҳарлари чемпионатида Тошкент жамоаси сафида Марат Жумаев, Андрей Квон ва Саидали Йўлдошев билан бирга ўйнади. Ўзбекистон пойтахти жамоаси гуруҳ босқичидан чиқиб, 1/8 финалда Астана жамоасини мағлуб этди, у ерда Барсов ҳал қилувчи ўйинда Ануар Исмагамбетовни мағлуб этди. Тошкент жамоаси чорак финалда Афинани мағлуб этди, аммо кейин учинчи ўрин учун ўйинда имкониятни бой берди. Таъкидлаш жоизки, Алексей Владимирович мураббий сифатида анча эрта иш бошлади ва бир муддат Рустам Қосимжоновга ёрдам берди. Барсов туфайли Ўзбекистонда ёшлар шахматида сезиларли ўсиш кузатилди ва ёш истеъдодлар пайдо бўлди. Гроссмейстер ҳозирда турнирларда фаол иштирок этади ва араб мамлакатларида ҳам дарс беради. 2016 йилги Боку Олимпиадасида Алексей Барсов Ироқ эркаклар ва аёллар жамоаларига мураббийлик қилди.
Саидали Йўлдошев
Ўзбек шахматчилигида гроссмейстер Саидали Йўлдошевнинг ўрни жуда катта. У 1992 йилги Шахмат олимпиадаси қаҳрамонларидан бири эди. Саидали Йўлдошев 1968 йил 31 январда Тошкентда туғилган. У тўққиз ёшида шахмат қоидаларини ўрганган. 1989 йилда истеъдодли ёш ўзбек шахматчиси Болгарияда бўлиб ўтган халқаро турнирга борди ва дарҳол 2370 ЭЛО рейтингини олди. Бунгача Йўлдошев Политехника институтида тўрт йил ўқиган, аммо сафардаги турнирдаги муваффақияти унинг ҳаётини абадий ўзгартириб юборган - Ўзбекистон умидлари шахмат бўйича профессионал бўлишга қарор қилди ва ўқишни ташлади. 1992 йилги Олимпиадада Ўзбекистонга кумуш медални келтирган Саидали Йўлдошев ҳали уста бўлмаган ҳолда, Грузиядаги муҳим ўйинда ғалаба очкосини қўлга киритиб, иккинчи захира ўйинчиси бўлди.
1993 йилда у биринчи марта Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди; у беш марта ўз мамлакати чемпиони бўлди. Икки йилдан сўнг Йўлдошев мастер унвонига эришди ва кейин 1996 йилги Олимпиада қаҳрамонига айланди. ФИДЕ дарҳол ўзбек шахматчисига энг юқори спорт унвонини берди. Саидали Йўлдошев шунингдек, Осиё жамоавий чемпионати ғолиби (1999) ва Шарқий жамоавий чемпионатларнинг кўп карра совриндори. Польша, Ҳиндистон, Малайзия, Сингапур ва Германияда ўтказилган халқаро турнирлари ғолиби. Ўзбек шахматчиси 2002 йилги Жаҳон кубоги баҳсларига ҳам йўлланма олди, аммо саралаш гуруҳидан чиқа олмади. Сўнгги йилларда Саидали Йўлдошев мураббийлик фаолиятини бошлади ва Ўзбекистондаги кўплаб ёш истеъдодларни тарбиялади. Гроссмейстер “Сеҳрли Шахмат” мактабида ишлайди. 2018 йил охирида Йўлдошев мураббийлигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Ҳиндистон, Хитой ва бошқа етакчи шахмат мамлакатларини мағлуб этиб, 16 ёшгача бўлганлар олимпиадасида ишончли ғолибликни қўлга киритди. Жамоа таркибида ёш истеъдод эгалари Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров каби бўлажак юлдузлар бор эди. Уларнинг натижаларини эса сиз яхши биласиз.
Аброр Зоҳидов







