«Яшил макон» лойиҳаси: «Ўзбекистон касаба уюшмалари боғи» да 5 мингга яқин кўчат экилади
Айни пайтда Нурафшон шаҳридаги «Ўзбекистон касаба уюшмалари боғи»да «Яшил макон» умуммиллий ҳаракати доирасида кўчат экиш ишлари бошланиш арафасида.

–Ҳозирда умумий майдони 5.5 гектар майдонни ташкил қилувчи «Касаба обод макон» МЧЖ ҳудудида 18 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар бор. Бугунги акция учун ҳам 5 мингтадан зиёд дарахт кўчатлари олиб келинди. Ундан ташқари, 4 мингтадан ошиқ гул кўчатлари ҳам экилади. Келгусида бу ердаги суғориш тартиби Ўзбекистон иқлимига мос холда, Корея тажрибаси асосида олиб бориш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилган. Ундан ташқари, касаба уюшмалари тизимидаги барча ташкилот ва муассасалар, сиҳатгоҳларни ободонлаштириш ишларида айнан шу боғдан дарахт ва гул кўчатлари етказиб бериш кўзда тутилган.
«Обод макон» МЧЖ орқали 20 дан ортиқ, агроном, сувчи, операторлар, технологлар ҳамда мавсумий ишчилар доимий иш билан таъминланган –дейди «Касаба обод макон» МЧЖ мутахассиси Маҳбуба Ҳакимова.
Мутахассис берган маълумотга кўра, шу йил ёз ойида мош, ловия, булғор қалампири, помидор каби маҳсулотлар етиштирилган.
Хусусан, 10 тоннадан зиёд қовоқ, 1.5 тонна мош, 1,5 тоннадан зиёд маккажўхори, ловия каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мўл ҳосилга кирган. Ҳосиллар «Аёллар дафтари» рўйхатидаги ҳамда бошқа эҳтиёжманд оилаларга етказиб бериш режалаштирилган.
Холида Эгамбердиева,
Ishonch.uz







