Ёшлар нега бир йиллик ҳарбий хизматни ўташни истамаяпти?

Маълумки, мамлакатимиздаги ҳар бир вояга етган, ҳарбий хизмат ёшидаги фуқаро Ўзбекистон Армияси сафларида бир йиллик муддатли ёки бир ойлик сафарбарлик чақируви резерви хизматини ўтайди. Шу ўринда бир савол туғилади: хўш, йигит киши бир йиллик муддатли ҳарбий хизмат чоғида ҳарбий билим ва бошқа кўникмаларга қанчалик эга бўлади? Бир ойлик муддатдачи?

16:21 | 28.11.2023
•
1,559
Ёшлар нега бир йиллик ҳарбий хизматни ўташни истамаяпти?
Катталаштириш

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сафарбарлик чақируви резервидаги хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 99-сонли қарори асосида бир ойлик сафарбарлик чақирув резерви хизмати жорий қилинган эди.

Бу қарор муддатли ҳарбий хизматчиларни моддий рағбатлантиришни кучайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларида хизмат қилиш нуфузини ошириш мақсадида қабул қилинган.

Қарорга кўра, “ҳарбий хизматга, шу жумладан чекланишлар билан яроқли бўлган ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинадилар. Кўрсатиб ўтилган шахслар йигирма етти ёшгача сафарбарлик чақируви резерви хизматида бўладилар ва уни ўтагандан кейин Қуролли Кучларнинг иккинчи тоифали резервига ўтказиладилар” деб белгиланган.

Унга мувофиқ, ҳар бир чақирув ёшидаги фуқаро исталган ҳар икки турдаги ҳарбий хизматдан бирини ўташи мумкин. Бир ойлик сафарбарлик чақирув резерви хизмати айни пайтда Ўзбекистондаги ёки чет давлатдаги олий таълим муассасаларида ўқиётган ва муҳим хизмат вазифасини ўтаётган фуқаролар учун қулай.

Бугунги кунда Ўзбекистон армияси сафларида аксарият йигитларнинг бир ойлик сафарбарлик чақирув резерви хизматини ўтаётганлик ва эндиликда ўташ истаги кўпроқ кузатилмоқда. Хўш, нима учун ёшлар орасида бир йиллик муддатли ҳарбий хизматни ўташни истовчилар камаймоқда? “Ishonch.uz” мухбири айни мавзуда Тошкент вилоятининг бир нечта ҳудудларидаги соҳа вакиллари билан суҳбатлашди.

Вилоятдаги туманларнинг бирида Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи лавозимида ишловчи соҳа вакили бизга қуйидагича изоҳ берди:

– Бир ойлик ҳарбий хизмат ҳам махсус дастур асосида ташкил этилади. Бунда ҳам аскарлар маънавий-маърифий дарсларда, ҳарбий ва жанговар ҳаракатларда иштирок этишади. Полигонга чиқиб, ўқ отиш машқларини ҳам бажариб кўришади. Албатта, муддатли ҳарбий хизматдагидек бу ишлар билан кўп машғул бўлолмайди. Бу хизмат асосан олий таълим муассасаларида ўқиётган талабалар учун қулай.

Ҳозир ёшларнинг аксарияти бир ойлик — сафарбарлик чақирув резерви хизматини ўташга истак билдирмоқда. Ёшларни муддатли ҳарбий хизматга жалб қилиш учун ходимларимиз маҳаллаларда юрибди. Афсуски бу ишда бизга асосий кўмакчи бўлган — маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ва маҳалла фаолларининг бир ёқадан бош чиқариб, ёндашишмаётганлиги ачинарли. Шунақа ёшлар етакчилари борки, ҳатто чақирилувчининг уй манзилини билмайди.

Армия йигит кишининг ҳар ишда муроса билан иш кўрадиган масъулиятли шахсга айланишига чин маънода кўмакчидир. Олий таълим муассасаларига кира олмаган ёки айни пайтда ўқимаётган, муҳим ишлари йўқ бўлган ёшларнинг бир йиллик хизматни ўтагани афзал. Чунки ҳозир баъзи ёш йигитларнинг эрка, ҳар ишда ота-онасига суяниб қолиши, оиласи ва фарзандларини қадрламаслиги, турли нотўғри йўлларга кириб кетиши, ҳатто зўравонга айланиши ҳолатлари ҳам бевосита шу бир йиллик хизматни ўтамаганлигига бориб тақалаяпти. Фаолиятимизда айнан мана шу ҳолатларни кўп кузатяпмиз. Буни очиқ тан олиш керак.

Олмалиқ шаҳар Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Рустам Гарифуллин ҳам бу борада ўз фикрларини билдирди.

– Ҳозир ёшлар вақтдан ютишни, бир йил вақтини армияда ўтказгандан кўра, бирор фойдали иш қилиб, нимагадир эришишни кўзлашади. Шунингдек, хизмат якунида бериладиган, ОТМларга кириш имтиёзларининг кам фоизда эканлигини ҳам сабаб қилишади.

Мен соҳада баъзи тартибларни жорий қилиш зарурати бор деб ўйлайман. Масалан, ўзингизга маълум, ҳар бир абитуриент бирданига 5 та олий таълим муассасасига ҳужжат топшириши мумкин. Мана шу ҳолатда унинг ҳарбий хизмат бўйича гувоҳномага эгалиги инобатга олинса. Яъни, бир йиллик хизматни ўтаган бўлса, 5 та ОТМга, мабодо ундай бўлмаса фақат битта ОТМга ҳужжат топшира олсин (бу ерда мактаб битирувчиси назарда тутилмаяпти). Яна бир гап. Ҳарбий хизматни ўташ ёшидаги йигитлар ҳарбий гувоҳномасиз чет давлатларга кета олмаслиги қатъий назоратга олинишига эҳтиёж бор. Чунки маҳаллалардан йигитларни суриштирган пайтимизда, ишлаш учун чет давлатларга чиқиб кетиш ҳолатлари ҳам учраяпти.

Қуйи Чирчиқ тумани Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи ўринбосари Нодир Шукуровнинг айтишича, ҳозир мактабларда Ёшларни чақириққача тайёрлаш фанлари қизиқтириб ўтилмаяпти. Бунга асосий сабаб, зарур инвентарларнинг етишмаслиги экан.

– Тумандаги мактаблардан қуролларни кўргазма учун кўрсатишга олиб кетиш истаги билан Ёшларни чақириққача тайёрлаш фанлари ўқитувчилари чиқишади, — дейди у. Биз ўзимиз кўргазмаларни ўтказиб беришга ҳаракат қиляпмиз, лекин қуролларни бериб юборолмаймиз. Чунки кўп мактабларда уларни сақлаш учун махсус хоналар йўқ. Мана шу нарсага жиддийроқ эътибор қаратилса, яхши бўларди. Бола ҳарбий хизмат тўғрисида тушунчаларга эга бўлиши, қизиқиши учун турли махсус плакатлар, кўргазмали қуролларни мунтазам кўриб туриши, уларни ўз қўллари билан ушлаб, йиғиб кўриш имконини кўпроқ бериш керак.

Шу куни ўқувчиларни Мудофаа бўлимига олиб келган Қуйи Чирчиқ туманидаги 43-сонли мактабнинг Чақириққача ёшларни тайёрлаш фани ўқитувчиси Азамат Аманов ҳақиқатдан ҳам тумандаги мактабларда ушбу фан бўйича инвентарлар етишмаслигини айтиб ўтди.

– Ёшларда ватанпарварлик руҳини янада кучайтириш борасида махсус дастурлар асосида ўтамиз дарсларни, дейди у. Асосан оғзаки ўтилади. Лекин ўқувчилар ўқув учун мўлжалланган қурол ва бошқа снарядларни кўришни, уларни йиғиб кўришни истайди. Аммо бунга имкон йўқ. Мен тумандаги кўпгина касбдошларим билан ҳам гаплашаман. Деярли ҳамма мактабларда шу аҳвол. Болаларга ҳарбий қуролларни ўз кўзлари билан кузатиш, амалиётларни бажариб кўриш имкони етарли даражада бўлмаганидан кейин, уларни ҳарбий соҳага қандай қилиб қизиқтириш мумкин?

Ҳақиқатдан ҳам, шу куни бўлимга олиб келинган ўн нафардан ортиқ 16-17 ёшли мактаб ўқувчилар билан суҳбатлашганимизда, улар ушбу фандан оғзаки дарслар ўтилишини, қуроллар кўргазмасининг жуда кам ўтказилиши ва бу дарсга қизиқиш сустлигини айтишди. Ўқувчиларнинг атиги икки нафари бир йиллик муддатли ҳарбий хизмат ўташ истаги борлигини билдирди.

– Оққўрғон туманида ҳам, асосан бир ойлик сафарбарлик чақируви резервида хизмат қилишни истовчилар кўп ва бунга асосли сабаблари ҳам бор, — дейди Оққўрғон тумани Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Шавкат Икромов. — Шу ўринда мен ўз таклифимни бермоқчи эдим. Муддатли ҳарбий хизматни ўтовчининг оиласи бир йил давомида барча солиқлардан озод қилиниши чорасини қўллаш масаласини бир кўриб чиқишса мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки айни вазиятдан келиб чиқиб, мана шу омил қўлланса ҳам, йигитларни бир йиллик муддатли ҳарбий хизматни ўташга кўпроқ жалб қилишга эришишимиз мумкин бўларди.

Биз Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмларнинг бирида хизмат вазифасини ўтаётган зобитни ҳам суҳбатга тортдик. Исм-шарифини ошкор қилишимизни истамаган зобит қуйидаги фикрларини баён қилди:

– Сафарбарлик чақирув резерви хизмати бир қанча мақсадли вазифаларни ўзида мужассам этган. Унга кўра, армиямизни ҳам моддий ҳам маънавий қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.

Ҳарбий хизмат даврида аскарларнинг барча ҳарбий кўникмаларга эга бўлиши учун армиямизда шароитлар етарли. Агар айни пайтда ўқиш даври бўлмаса ёки бошқа муҳим ишлар билан банд бўлмаса, чақирилувчининг муддатли ҳарбий хизматни ўтагани афзал. Аммо ҳозир ёшларимиз вақт йўқотишни исташмаяпти.

Конституциямизнинг 64-моддасида “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар” деб белгиланган. Унга асосан, хоҳ у бир ойлик сафарбарлик чақирув резерви хизмати бўлсин, хоҳ бир йиллик муддатли ҳарбий хизмат бўлсин, уни ўташга ҳар бир йигит мажбур.

Шунинг учун ҳам, мамлакатимизда болаларга мактаб ёшидан ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тушунчаларни сингдириб бориш тизими йўлга қўйилган. Аммо юқоридагилардан келиб чиқяптики, бугунги кунда ўқувчиларга ватанпарварлик руҳида ўтиладиган дарслар масъуллар томонидан жиддий кўриб чиқилиши, уларнинг ҳарбий машғулотларга бўлган қизиқишини янада кучайтириш чораларини кўриш зарурати аллақачон пайдо бўлган.

Шунингдек, ҳарбий хизмат якунида бериладиган имтиёзлар масаласига тўхталадиган бўлсак, имтиёзларни қайта кўриб чиқиш ва ҳатто умуман олиб ташлаш, ёшларнинг билими энг биринчи навбатда инобатга олиниши мақсадга мувофиқ эди. Чунки, ҳар йили энг юқори балл тўплаган билимли ва аксинча, билими у қадар бўлмаса ҳам, махсус имтиёзларга эга бўлгани учунгина ўқишга қабул қилинаётган абитуриентларнинг эътирозлари бахсли мунозараларга сабаб бўлаётганига ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Холида ЭГАМБЕРДИЕВА,
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади