SQB AI-трансформация тажрибасини Белградда намойиш этди

Ўзсаноатқурилишбанк (SQB) Белградда бўлиб ўтган “AI Tech Summit 2026” халқаро конференциясида сунъий интеллект ечимларини асосий бизнес жараёнларига интеграция қилиш тажрибаси билан қатнашди.
Конференцияда SQB Бошқаруви раиси маслаҳатчиси – сунъий интеллект бўйича бош директор Сергей Козлов “Банкда сунъий интеллектни жорий этиш: алоҳида пилот лойиҳалардан тизимли AI-моделга ўтиш” мавзусида маъруза қилди. У банкда AI’дан қарор қабул қилиш, мижозларга хизмат кўрсатиш, ходимлар фаолияти ва операцион жараёнларни такомиллаштиришда фойдаланиш амалиётига тўхталди.
Ушбу моделнинг технологик асосларидан бири – SQB.Nova корпоратив AI-платформаси. У генератив ва предиктив AI, овозли технологиялар, ҳужжатларни қайта ишлаш, ML-моделлар, корпоратив маълумотлар ва билимлар базаси ҳамда интеграция воситаларини банкнинг ҳимояланган контурида бирлаштиради. Бундай архитектура янги AI-ечимларни ҳар сафар нолдан яратиш ўрнига мавжуд технологик компонентлардан фойдаланиб, уларни турли бизнес йўналишларига тезроқ жорий этишга қаратилган.
– Сунъий интеллектни жорий этишда асосий мақсад алоҳида пилот лойиҳаларни кўпайтириш эмас, балки уларни ягона платформа ва стандартлар асосида банк фаолиятига интеграция қилишдир, – деди Сергей Козлов. – Ҳар бир янги ечим мавжуд технологик имкониятлардан фойдаланиб, кейинги лойиҳаларни тезроқ ва самаралироқ амалга оширишга хизмат қилиши керак.
Муҳокамаларда AI-технологияларни Ўзбекистон ва Марказий Осиё шароитига мослаштириш масаласи ҳам алоҳида ўрин олди. Маҳаллий тиллар билан ишлаш, банк амалиётининг ўзига хос жиҳатлари, маълумотлардан фойдаланиш талаблари ва тартибга солиш меъёрлари минтақада AI-ечимларни ривожлантиришнинг асосий омиллари сифатида қайд этилди.
SQB AI-трансформацияни ходимларнинг технологик компетенцияларини ривожлантириш ва бизнес жараёнларини такомиллаштириш билан уйғун олиб бормоқда.
“AI Tech Summit 2026” жорий йилнинг 3–4 сентябрь кунлари Белграддаги “Sava Center” мажмуасида ўтказилди. Конференция 1 000 дан ортиқ иштирокчи ва 50 дан зиёд спикерни бир майдонда жамлади. Унда SQB билан бир қаторда OpenAI, NVIDIA, Microsoft, Intel, Siemens, Accenture ва Lloyds Banking Group каби халқаро компания ва ташкилотлар вакиллари қатнашди.







