“Темир хоним”га 100 йил: Британияни қаттиққўллик билан бошқарган бош вазир
Британиянинг илк аёл раҳбари саналган Маргарет Тэтчер мамлакат тарихидаги энг сезиларли из қолдирган ва амалда узоқ ўтирган бош вазирлардан саналади. У мамлакатни салкам 12 йил идора қилди, “темир хоним” деган ном орттирди. Тэтчер сиёсатда қанчалик қаттиққўл ва талабчан бўлмасин, оддий ҳаёт кечирарди. Ҳатто ишдан кейин эри ва икки боласига ўзи доим таом тайёрлаб берарди. Агар ҳаёт бўлганда собиқ бош вазир бу йил 100 ёшни қарши олган бўларди.
Замонавий демократиянинг бешикларидан бири сифатида кўриладиган Буюк Британияни бошқариш осон иш эмас. Айниқса, сўнгги йилларда сайланган бош вазирларга осон бўлмаяпти. Европа Иттифоқидан чиқиб кетиш, турли таҳдидлар, миграция муаммолари ва бошқалар вазиятни чигаллаштирмоқда.
Маргарет Хилда Робертс 1925 йил октябр ойида дунёга келган. У болалигини Англиянинг Грантем шаҳарчасида ўтказган. Қизнинг отаси Алфред Робертс озиқ-овқат дўконини бошқарарди. “Савдогарнинг қизи” ёрлиғи унга сиёсий карерасининг бошида салбий таъсир этган, аммо отасининг бизнес тажрибаси унга иқтисодий масалаларни яхшироқ тушуниш имконини берди.

Маргаретга қайтамиз. У катта опаси Мюриэл билан улғайган. Мюриэл тикувчи онаси билан яқинроқ эди, кенжа қиз эса отасига кўпроқ меҳр қўйган ва унинг севимлиси эди. Маргаретда сиёсатга қизиқиш уйғотган ҳам Алфред эди; у маҳаллий кенгашда хизмат қилган ва урушдан кейинги йилларда ҳатто Грантем мэри бўлиб ҳам ишлаган. Оила бошлиғи қизларини қаттиққўллик билан тарбиялаган, бу эса бўлажак Бош вазирнинг темир феъл-атворини шакллантирган. У отасининг қаттиқ меҳнат қилиш, ўз тамойилларига содиқ қолиш, кўр-кўрона оломонга эргашмаслик, хатоларини ошкора бўлишмаслик ва заиф томонларини кўрсатишдан қочиш ҳақидаги маслаҳатларини доимо эслаб қолди. Отасининг таъсири унинг сиёсий фаолияти даврида ҳам давом этди.
Алфред ўз меросхўрининг таълим олиши билан ҳам жиддий шуғулланган. У Маргаретда китобга меҳр уйғотди, тез-тез қизлари билан маҳаллий кутубхонага ташриф буюрди. Бўлажак амалдор ҳар томонлама пухта таълим олди ва унинг сиёсат ҳақидаги дастлабки тушунчаси отаси уни кенгаш йиғилишларига олиб борганида шаклланди. У ерда у нотиқлик ва сиёсатчиларга хос бошқа фазилатларни ўрганди.
Ўқиш билан бир қаторда, қиз мусиқани ўрганган ва шеърият дарсларида қатнашган. У спорт билан ҳам шуғулланган: у чим устида хоккей ўйнашни ва пойгани яхши кўрарди. Ўрта мактабнинг охирги йилида Маргарет Робертс Оксфорд университетидаги Сомервил коллежига ҳужжат топширди. Омад унга кулиб боқди ва унга кимё бўлимига стипендия берилди. Талабалик йилларида Маргарет тадқиқот лабораториясида ишлаган, кейинроқ Оксфордда ҳуқуқшунослик дипломини олган. Робертснинг сиёсий каръераси ёшлигиданоқ бошланган. 1946 йилда у университетдаги Консерватив партия уюшмасининг раиси бўлган. Ўқишни тугатгандан сўнг, қатъиятли ёш аёл Колчестерга кўчиб ўтди ва маҳаллий уюшмага қўшилди.
Маргарет Оксфордлик дўстлари билан алоқаларни давом эттирди, улардан бири Кентдаги Дартфорд уюшмаси раиси эди. Гуруҳ сайловга номзодларни танлаётган эди ва ёш фаол рўйхатга қўшилишга таклиф қилинган. 1951 йил январь ойида Робертс сайлов мақомига эга бўлди. Бу воқеани нишонлаш учун кечки зиёфат бўлиб ўтди, у ерда Маргарет ҳаётини тубдан ўзгартирадиган одам билан учрашди: бу бизнесмен Денис Тэтчер эди. Парламент сайловлари Маргаретнинг мағлубияти билан якунланди. Аммо шунга қарамай, у матбуот эътиборини тортди, чунки у нафақат энг ёш номзод, балки ягона аёл эди.
Тэтчер бош вазир бўлгунга қадар қатор синов ва мусибатларни бошдан кечириши, турли лавозимларда ўзини синаб кўриши керак эди. Фақат 1959 йилда у парламент сайловларида ғалаба қозониб, Умумпалатага аъзо бўлди. Унинг аёл сиёсатчи сифатидаги биринчи оммавий нутқи маҳаллий ҳокимиятларга қийинчилик туғдирди: Маргарет қонунларга ва Консерватив партиянинг ўрнатилган тамойилларига ўзгартириш киритишни талаб қилди. Кўп ўтмай, амалдор парламентнинг пенсиялар бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди, аммо партия сайловларида мағлуб бўлгач, у уй-жой масаласига эътибор қаратди. Консерватив партия конференциясида сўзга чиққан Тэтчер ўзини тўлиқ очиб берди, лейбористлар сиёсатини танқид қилди ва халқ ва ҳукуматни давлат нархлари ва даромадларини назорат қилиш Британия иқтисодиёти учун бузғунчи усуллардан бири эканлигини таъкидлади. У абортни қонунийлаштириш, ажрашиш тўғрисидаги баъзи қонунларни юмшатиш, солиқларни камайтириш ва зарар кўраётган корхоналарни ёпиш учун овоз беришга чақириб, эркак амалдорлар орасида ғазаб қўзғатди.
Тэтчер АҚШ ҳукуматининг усуллари, тамойиллари ва ўзига хос сиёсий фалсафасига ҳайрихоҳ эди, ҳокимият тепасига келганидан кейин Рональд Рейган билан яхши алоқалар ўрнатди.

“Темир хоним” мамлакат учун оғир пайтларда, 1978 йилда ҳокимиятни ўз қўлига олди. Буюк Британия иқтисодиётининг бу даврда ривожланиши секинлашиб, бир жойда депсиниб қолганди. Ислоҳотлар муқаррар эди ва Маргарет Тэтчер миллий фаровонликни таъминлаш учун жуда қаттиқ қарорлар қабул қилишга мажбур бўлди. Дастлаб, унинг сиёсати жуда совуқ кутиб олинди: иқтисод барқарорлашган бўлса-да, давлат корхоналари, камбағал ҳудудлар ва ижтимоий институтларга ёрдамнинг қисқариши фонида ишсизлик кўпайди ва оммавий иш ташлашлар бошланди. Ишчилар синфи вакиллари бош вазирга нисбатан норозилик билдиришди ва таълимни молиялаштиришни қисқартириш Тэтчерга фахрий докторлик унвонини беришдан бош тортилишига олиб келди. Парламентнинг баъзи аъзолари аввалги сиёсий курсга қайтиш тарафдори бўлишди, бироқ Маргарет ўз фикрида қатъий турди. Шу билан бирга у камтарона ҳаёт тарзида яшарди, хизматкорлари йўқ эди, ҳатто фарзандлари ва турмуш ўртоғи учун бош вазирнинг ўзи таом ҳозирлар эди.
1982 йилда Аргентинага қарши Фолкленд урушидаги ғалаба туфайли Тэтчер ўз рейтингини анча яхшилаб олди. Бу жамоатчилик кайфиятини яхшилади ва унга иккинчи муддатга бош вазир бўлиб қолишга имкон берди. Бу даврда Тэтчер сиёсатининг натижалари тобора яққол намоён бўлди: у инфляцияни пасайтиришга, хорижий сармояларни кўпайтиришга, корхоналарни модернизация қилишга муваффақ бўлди. Тэтчер иш ташлашлар билан кескин кураш олиб борди, касаба уюшмалари сонини қисқартирди ва уларнинг мамлакат сиёсий ҳаётига таъсирини сусайтирди. Ижобий ўзгаришлар “темир хоним”га учинчи муддатга ўз лавозимида қолишга имкон берди. Бу вақтга келиб, ишсизлик ҳам пасайишни бошлаган эди, аммо унинг сиёсатига нисбатан жамоатчилик фикри салбий бўлиб қолди. Шунга қарамай, Маргарет деярли 12 йил бош вазир курсисини ҳеч кимга бермай келди. Аммо фаолиятининг охирида сиёсий инқироз бошланди. Паст ижтимоий қўллаб-қувватлаш Консерватив партия ичидаги низоларга олиб келди ва Тэтчер ҳам раҳбарлик, ҳам бош вазирлик лавозимларидан четлаштирилди. У рейтингларга, жамоатчилик фикрини ўрганишга унчалик эътибор бермади, партиядошларининг фикрини инобатга олмади.
1990 йилда "темир хоним" истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Кейинчалик у яна икки йил Жамоатлар палатасининг аъзоси бўлиб қолди. Аммо кейин у таниқли сиёсий арбоб бўлиб қолган ҳолда парламентни бутунлай тарк этишга қарор қилди. Маргарет ҳеч қачон ўз қарашларини яширмади, ҳукумат ва ҳокимиятни танқид қилишда давом этди ва сиёсатчиларни ҳаракатсизликда айблади. 1990 йиллар ўрталарида Тэтчер Уилям ва Мери коллежининг фахрий ректори бўлди, кейинроқ Букингем университетида ҳам худди шундай лавозимни эгаллади. Аммо унинг соғлиғи ёмонлашди ва унинг ишларини бошқариш тобора қийинлашди. Янги асрнинг бошланиши билан “темир хоним” омма олдида камроқ пайдо бўлди. 2000-йилларнинг бошида Маргарет Тэтчерда деменция белгилари кўзга ташлана бошлади. Унинг соғлиғи янада ёмонлашди, операцияга қарамай соғлиғи ўнгланмади. 2013 йил 8 апрелда сиёсий арбоб инсультдан вафот этди.

Ажабланарлиси шундаки, Тэтчер бош вазирликдан истеъфога чиққанидан кейин катта машҳурликка эришди. У 2019 йилги YouGov сўровида биринчи ўринни эгаллади; Респондентларнинг 21 фоизи уни 1945 йилдан бери энг яхши Британия раҳбари деб атаган. Профессионал тарихчилар унинг ролини янада юқори баҳоладилар. Тэтчер 2004 йилда Лидс университети томонидан ўтказилган сўровда асрнинг энг муваффақиятли 20 бош вазирлари орасида тўртинчи ўринни эгаллаган (Тони Блэрдан анча олдинда). 2010 йилда худди шу университет томонидан ўтказилган сўровда у иккинчи ўринни эгаллади. Бироқ, Консерватив партиянинг рақиби лейборист Клэмент Эттли иккала рейтингда ҳам биринчи ўринни эгаллади.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0