Тошкентда Ҳиндистон Республика кунининг 77 йиллиги нишонланди
26 январь – Ҳиндистонда Республика куни. Бу сана мустақиллик байрами эмас, балки давлат Конституцияси қабул қилинган кундир. Мамлакат 1947 йил 15 августда Буюк Британия мустамлакасидан озод бўлган. Кейинчалик 1950 йил 26 январда эса ўзининг Конституциясини қабул қилган ва Ҳиндистон расман Республикага айланган. Ўшандан буён бу кун мамлакатда ва хорижда яшаётган ҳиндлар томонидан расман байрам қилинади.

Жумладан, куни кеча пойтахтимиздаги Ҳиндистон элчихонаси томонидан мамлакатимиз расмий идоралари вакиллари, шу ерда яшаётган ҳинд диаспораси, маданият ва санъатшунослар иштирокида ушбу сананинг 77 йиллиги нишонланди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Тадбирда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Сита Пант, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбаев ва Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовлар иштирок этди.
Тадбирда элчи хоним Сита Пант номидан сўзга чиққан вакил Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорлик натижаларига тўхталиб ўтди. Аввало давлат раҳбарларининг учрашув ва мулоқотлари доимий тусга кириб бораётгани, маданий соҳалардаги ҳамкорлик тилга олинди.
– Яна бир муҳим кўрсаткич шу бўлдики, – деди вакил Шри Маллик, – 2025 йилда Ўзбекистон Ҳиндистондан келган энг кўп – 16 минг нафар талабани тиббиёт йўналишида ўқишга қабул қилди. Бундан ташқари, ўтган йилнинг ўзида 100 минг нафар ҳиндлар Ўзбекистонга сайёҳ сифатида ташриф буюришди. Транспорт алоқалари ҳам кенгайиб бормоқа. «Centrum Air» авиакомпанияси Тошкентдан Деҳлига тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйди. 2025 йил июл ойида тарихда илк бор Ҳиндистон Ўзбекистон консуллик мулоқоти бўлиб ўтди.
Зебо Намозова
Ishonch.uz







