Тошкентда Қонунчилик палатасининг янги таркибдаги биринчи мажлиси бошланди
Мажлисда, жумладан, сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг таклифига биноан, депутатлар яширин овоз бериш йўли билан Нуриддин Исмоилов Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайланди.

Тошкент шаҳрида янги чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий мажлиси бошланди. Мажлисни тартибга кўра, Марказий сайлов комиссиясининг раиси З.Низомхўжаев очиб берди.
ЎзАнинг хабар беришича, йиғилишда Ҳукумати аъзолари, марказий идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Қонунчилик палатаси биринчи мажлисининг муваққат котибияти, саноқ комиссияси ҳамда овозларни ҳисоблаш электрон тизимидан фойдаланишни назорат қилувчи муваққат гуруҳ сайлаб олинди.
Хусусан, Қонунчилик палатаси Спикери лавозимига номзод кўрсатиш учун депутатлар орасидан Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этган ҳар бир сиёсий партиядан уч нафар депутатдан иборат Сиёсий партиялар вакиллари кенгашини туздилар.
Қисқа танаффусдан сўнг, Сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг таклифига биноан, депутатлар яширин овоз бериш йўли билан ХДП депутати Нуриддин Мўйдинхонович Исмоиловни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайладилар.
Шундан сўнг З.Низомхўжаевнинг Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисидаги ахборотини ўқиб эшиттирди.
МСК раисининг қайд этишича, бўлиб ўтган парламент сайлови Ўзбекистон тарихида илк бор янги таҳрирдаги Конституция ва миллий сайлов қонунчилигига биноан, аралаш – мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ўтказилди. Мазкур тизимнинг жорий этилиши сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни кучайтириб, жамиятимиздаги демократик муҳитга янги қувват бағишлади. Сайлов натижаларига кўра, парламент қуйи палатасига бир мандатли сайлов округларидан сайланган 75 нафар ҳамда ягона сайлов округидан партия рўйхати асосида сайланган 75 нафар депутатлар рўйхатга олинди.
Мажлисда, шунингдек, сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда тубдан такомиллаштирилгани қайд этилди.
Янги таҳрирдаги Конституция билан Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 14 тадан 18 тага кўпайтирилди. Парламентнинг ижро этувчи, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари кенгайтирилди. Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиши бекор қилинди.
Мажлисда жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайловлар демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, аҳолимизнинг ҳаёт ва турмуш даражасини янада юксалтириш, олдимизга қўйилган мақсадларга эришиш йўлида халқимизнинг ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаракат қилаётганини яна бир бор намойиш этгани алоҳида қайд этилди.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Сиёсат





