Ходим бир йилда икки марта таътилга чиқиши мумкинми?

Савол: Ходим бир йилда икки марта тўлиқ меҳнат таътилига чиқиши мумкинми?
Саволга ҳуқуқшунос Муҳаммадамин Каримжонов жавоб беради.
–Ҳа, мумкин. Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин. Аввало, бу масалада календарь йил билан иш йилини адаштирмаслик лозим. Чунки ҳар йилги меҳнат таътили календарь йил учун эмас, балки ходимнинг иш йили учун берилади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 225-моддасига кўра, иш йили деганда ходимнинг муайян иш берувчида 12 ойга тенг бўлган ва ҳақиқатда иш бошлаган санадан эътиборан ҳисоблаб чиқариладиган иш даври тушунилади.
Масалан, ходим 2024 йил 22 февралдан иш бошлади. Унинг биринчи иш йили 2024 йил 22 февралдан 2025 йил 21 февралгача бўлган даврни қамраб олади.
Демак, мазкур ходимга ушбу иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътили 2025 йил 21 февралга қадар, шу кун ҳам қўшилган ҳолда берилиши керак.
Кўпчилик айнан шу ўринда календарь йилга чалғиб, ходимни 31 декабрга қадар таътилга чиқариш кифоя, деб ўйлайди. Аслида эса таътил календарь йил тугагунига қадар эмас, балки ходимнинг тегишли иш йили учун белгиланган муддатда берилиши лозим.
Хўш, мисолимиздаги ходим 2025 йил 21 февралда таътилга чиқди. У шу йилнинг май ойида яна меҳнат таътили олиши мумкинми ёки бунинг учун 2026 йил февралгача кутиши керакми?
Ҳа, у 2025 йил май ойида ҳам таътилга чиқиши мумкин. Чунки 2025 йил 22 февралдан ходимнинг янги иш йили бошланади. Бу иш йили 2025 йил 22 февралдан 2026 йил 21 февралгача давом этади.
Шундай қилиб, ходим 2025 йил февралда 2024 йил 22 февралдан 2025 йил 21 февралгача бўлган иш йили учун таътилга чиқди. Май ойида эса 2025 йил 22 февралдан 2026 йил 21 февралгача бўлган иш йили ҳисобидан таътил олиши мумкин.
Бошқача айтганда, ходим бир календарь йилнинг ўзида икки марта таътилга чиқиши мумкин. Чунки у икки хил иш йили учун меҳнат таътили олмоқда. Иккинчи ҳолатда у ҳали тўлиқ ишлаб бўлмаган иш йили ҳисобидан таътил олаётган бўлади.
Бироқ бунинг ҳам чегараси бор. Ходим 2025 йилда туриб, 2026 йил 22 февралдан 2027 йил 21 февралгача бўлган иш йили ҳисобидан меҳнат таътили ололмайди. Чунки ушбу иш йили ҳали бошланмаган бўлади. Мазкур иш йили ҳисобидан таътил олиш ҳуқуқи 2026 йил 22 февралдан бошлаб юзага келади.
Таътил бериш тартибига ҳам эътибор қаратинг!
Меҳнат кодексининг 228-моддаси биринчи қисмига кўра, иккинчи ва кейинги иш йиллари учун ҳар йилги меҳнат таътили иш берувчи ҳамда ходим учун мажбурий бўлган таътиллар жадвалида белгиланган навбатга мувофиқ берилади.
Шу модданинг тегишли қисмига мувофиқ, жадвалда белгиланган ҳар йилги меҳнат таътилини бериш вақти ходим ва иш берувчининг келишувига биноан ўзгартирилиши мумкин.
Яъни ходимнинг бир календарь йилда икки марта таътилга чиқиши мумкинлиги таътиллар жадвали ва қонунда белгиланган тартибга риоя қилиш талабини бекор қилмайди.
Яна бир муҳим жиҳат!
Меҳнат кодексининг 269-моддаси иккинчи қисми 6-бандига кўра, ходим қайси иш йили ҳисобидан меҳнат таътили олиб бўлган бўлса, ўша иш йили тугагунига қадар меҳнат шартномаси бекор қилинганда, ишланмаган таътил кунлари учун ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш амалга оширилиши мумкин.
Бунда Меҳнат кодексининг 269-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган истиснолар инобатга олинади.
Ходимнинг бир календарь йилда икки марта тўлиқ меҳнат таътилига чиқиши ўз-ўзидан қонунбузилиш ҳисобланмайди. Асосийси, таътиллар турли иш йиллари ҳисобидан берилиши, меҳнат қонунчилигидаги талаблар ва таътиллар жадвалига риоя қилиниши лозим.







