+27C

+27C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

ТУРОН РУҲИ ОКЕАН ОРТИДА ҲАМ ЯШАЯПТИ

Америкадаги ватандош – Халқаро Турон Федерацияси президенти Фаррух НИЁЗИМБЕТОВ билан суҳбат
Жамият
47 19:34 | 02.06.2026 19:34

Суҳбатдошимиз АҚШда Халқаро Турон Федерацияси президенти сифатида фаолият юритмоқда. У Турон спортини халқаро майдонда тарғиб қилиш, хорижликларни ўзбек маданияти ва қадриятлари билан хорижда кенг танитириш йўлида фаол меҳнат қилмоқда.


– Фаррух ака, аввало ўзингиз ҳақингизда қисқача тўхталсангиз.


— Юртимизда Ички ишлар академиясида таҳсил олиб, шу йўналишда оз муддат ишладим. Шундан сўнг иммиграция дастури орқали АҚШга келдим. Ҳозирги кунда Бруклинда яшайман ва айни пайтда Халқаро Турон Федерацияси президенти сифатида фаолият юритаяпман. Асосий мақсадимиз – Турон спортини халқаро майдонда оммалаштириш, шу орқали ўзбек миллий маданияти, қадриятлари ва урф-одатларини тарғиб қилишдан иборат.


– Дастлаб АҚШда сизни энг кўп ҳайратга солган жиҳат нима бўлган?


– Бу ердаги ҳаёт суръати ва индивидуализм бўлган. Бизда оила ва жамоа биринчи ўринда туради. Нью-Йоркда эса ҳамма нарса жуда тез. Одамлар мустақил яшайди. Аввалига бу муҳитга кўникиш қийин бўлди. Муҳими, қаерда бўлмай, ўзбеклигимдан доим фахрланаман.


– Мослашиш жараёни оғир кечдими?


– Албатта. Энг қийини – ватан соғинчи. Янги муҳит, янги одамлар, янги ҳаёт... Бошида осон бўлмади. Мусофирчилик менга бир нарсани ўргатди: агар киши ўз ишини севса ва нияти пок бўлса, имкониятлар очилади. “Мен уддалайман”, деган ишонч уни олдинга етаклайди. Устозим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ҳусан Эрматов бир гапни айтган эди: “Қийин вазиятда инсонга масъулият куч беради”. Турон спортини тарғиб қилиш жараёнида шуни чуқур ҳис қилдим.


– Нега айнан Турон спортини оммалаштиришга бел боғладингиз?


– Чунки бу спорт тури миллий ўзлигимизнинг бир қисми ҳисобланади. Етти ёшимдан Турон билан шуғулланганман. У орқали менда ватанпарварлик туйғуси шаклланган.


Бугун Ўзбекистонда спортга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Турон спорти учун ҳам сўнгги йиллар тарихий аҳамиятга эга бўлди. Америкада бу спорт деярли йўқ эди. Шунинг учун ватандошлар билан бирга Туронни халқаро майдонга олиб чиқишга қарор қилдик.


Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, спорт бу фақат мусобақа эмас, балки соғлом турмуш тарзи, интизом, ватанпарварлик ва мамлакат нуфузини намоён қиладиган катта кучдир.


Турон спорти учун 2025 йил тарихий аҳамият касб этди. Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Консуллиги ҳамкорлигида Марказий Осиё давлатлари миллий спорт турлари орасида илк бор АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Турон яккакураши бўйича халқаро бошқарув органи — International Turon Federation ташкил этилди. Бу спорт тури мустақилликнинг дастлабки йилларида Баҳодир Саидов томонидан замонавий қоидалар асосида шакллантирилган бўлиб, унинг илдизлари Амир Темур бобомиз даврига бориб тақаладиган қадимий туркий анъаналар руҳини ўзида мужассам этади. Америкада бу спорт тури йўқ эди. шунинг учун уни оммалаштириш ва Янги Ўзбекистон имижини дунёга намойиш этишга қарор қилдик. Халқаро Турон Федерациясини (International Turon Federation) АҚШ қонунчилиги асосида расмий нотижорат ва нодавлат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказдик ҳамда Федерациянинг бош қароргоҳи Нью-Йорк шаҳрига жойлаштирилди. Шунингдек, АҚШ, Ўзбекистон, Буюк Британия, Туркия, Япония, Канада, Чили, Мексика ва бошқа қатор давлатлардан тажрибали мутахассис ва раҳбарларни жалб қилдик.


2025 йилнинг 1-5 декабрь кунлари Тошкентда Халқаро Турон Федерациясининг навбатдаги халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Унда АҚШ, Буюк Британия, Канада, Туркия ва Япониядан ташриф буюрган спорт мутахассислари ҳамда делегациялар иштирок этишди. Конференция давомида меҳмонлар “Президент Олимпиадаси” мусобақаларида қатнашиб, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, спорт соҳасидаги ютуқлар ва замонавий ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатдилар.


Бугунги кунда АҚШнинг Пенсилвания, Нью-Йорк, Нью-Жерси, Детройт, Огайо, Иллинойс ва бошқа бир қатор штатларида Турон спорти бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Бундан ташқари, Нью-Йоркдаги Ўзбекистон Бош консуллиги билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган бўлиб, у Турон спортини АҚШда кенг тарғиб қилиш ва ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.


– Маҳаллий спорт ташкилотлари билан ҳамкорлик қай даражада йўлга қўйилган?


– Жуда яхши. Масалан, дунёга машҳур Arnold Sports Festival ташкилотчилари билан келишувга эришдик. Режага кўра, 2027 йилдан бошлаб, ушбу нуфузли фестиваль доирасида Турон спорти бўйича мусобақалар ўтказилади. Бундан ташқари, АҚШ SAMBO терма жамоаси бош мураббийи Bob Clark ҳам ташкилотимизда фаолият юритмоқда.


– АҚШ жамоатчилигининг Турон спортига қизиқиши қандай?


– Бу Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари янги босқичга чиққани билан боғлиқ. Президентимизнинг АҚШга ташрифларидан кейин мамлакатимизга муносабат тубдан ўзгарди. Туронни шунчаки спорт эмас, балки ўзбек маданияти ва қадриятларини намоён этувчи маънавий кўприк сифатида тақдим қиляпмиз. Айниқса, бу йил Халқаро Турон Федерацияси АҚШ Конгресси томонидан махсус мукофот билан тақдирлангани биз учун катта эътироф бўлди.


– Кейинги йилларда АҚШдаги ўзбек диаспораси ҳаётида кузатилган ўзгаришлар нималардан иборат бўлди?


– Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи ортидан Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи сезиларли даражада ошди. АҚШдаги маҳаллий ташкилотлар ва институтлар эндиликда мамлакатимизнинг маданияти, иқтисодиёти ҳамда халқига янада катта қизиқиш билдирмоқда. Юртимиз вакиллари учун бу жуда муҳим ўзгариш бўлди.


Энг муҳими, илгари унчалик сезилмаган миллий ғурур ҳисси пайдо бўлди. АҚШдаги ватандошлар қалбида ватанпарварлик туйғуси янада ошди. Умуман олганда, ушбу ташрифлар АҚШдаги ўзбек диаспорасининг ўзаро бирлашуви ва фаоллашувига сезиларли ижобий таъсир кўрсатди. Илгари нисбатан тарқоқ бўлган ватандошлар жамоаси бугунги кунда янада уюшган, мақсадли ва ҳамкорликка йўналтирилган тузилма сифатида шаклланиб бормоқда. Юқори даражадаги дипломатик фаоллик диаспора вакилларига аниқ мақсад ва ғурур ҳиссини бағишлаб, уларда ўзликни англаш жараёнини кучайтирди.


Ҳар бир ташриф давомида Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган эътибор ва самимий мулоқот ватандошларга янги куч ва мотивация бағишлаб келмоқда. Шу жараёнларнинг амалий ифодаси сифатида Халқаро Турон Федерациясининг ташкил этилиши ҳам айнан шу янгиланган энергия, бирлашув ва ташаббускорликнинг ёрқин намунасидир.


– АҚШ жамиятида ўзбекистонликларга муносабат ҳам ўзгаряптими?


– Албатта. Илгари кўпчилик Ўзбекистонни деярли билмасди. Ҳозир эса спорт, маданият ва туризм орқали қизиқиш ортиб бормоқда. Наврўз, Мустақиллик байрами каби тадбирларда америкаликлар ҳам фаол қатнашяптилар. Ўзбекистонга саёҳат бориб-келаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этяпти.


– АҚШда яшаб, миллий қадриятларга содиқ қолиш қийин эмасми?


– Америкада ўзига жуда тортувчи маданият мавжуд ва унда ўзингизни йўқотиб қўйишингиз осон. Мен Нью-Йоркдаги ўзбек диаспоралари ва Халқаро Турон Федерацияси билан ишлаш орқали миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизга содиқ қоламан. Буни икки ўзлик ўртасидаги зиддият сифатида қабул қилмаймиз, балки иккаласани баравар кўраман.


Тўғри, АҚШда яшаб, ўзбек миллий қадриятларини сақлаб қолиш бир томондан осон, бошқа томондан эса муайян қийинчиликларга эга. Осон томони – бугунги кунда интернет, ижтимоий тармоқлар ва диаспора сабабли одам ўз қадриятларидан узилиб қолмайди. Ўзбекистон маданиятини АҚШда яшаб ҳам давом эттираётган оилалар жуда кўп. Уларда уйда ўзбек тилида гаплашиш, миллий таомлар тайёрлаш, миллий байрамларни нишонлаш, болаларни анъаналарга содиқ қилиб ўстириш каби қадриятлар яшаб қолмоқда. Айниқса, ўзбек жамоалари бир-бирини қўллаб-қувватлаши катта аҳамиятга эга.


Мураккаб жиҳатига тўхталадиган бўлсам, Америка тезкорликни севадиган давлат. Ёш авлод ўсиш жараёнида бошқа маданиятга мослашиб бораверади. Баъзан тил унутилади, айрим урф-одатлар “эскича”дек туюлиши мумкин. Ота-оналар ва фарзандлар орасида маданий фарқ ҳам пайдо бўлади. Халқаро Турон Федерациясининг асосий позициялардан бири ҳам маданиятимизни, урф-одатларимизни комплекс ҳолда уларга ўргатишдан иборат.


– Сизнингча бугунги глобал вазият спорт соҳасига қандай таъсир қилмоқда?


– Таъсири катта, албатта. Ҳозир спорт фақат мусобақа эмас. У иқтисод, технология, дипломатия ва медиа билан чамбарчас боғланган. Замонавий спорт лойиҳалари энди глобал бизнес ва халқаро муносабатларнинг бир қисмига айланди.


– АҚШда муваффақиятга эришиш учун энг муҳим омил нима?


– Биринчи навбатда, интизом, сабр ва мослашувчанлик. Америкада алоқалар ҳам жуда муҳим. Шу билан бирга, инсон аниқ мақсад билан яшаши керак. Асосийси, ҳар қандай қийинчиликларни “тўхташ” эмас, “ўсиш” деб қабул қилиш лозим.


– Америка орзусида юрган ёшларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?


– Аввало, тайёргарлик билан келишсин. Тил ўрганишсин, бир соҳани пухта эгаллашсин. Бу ерга келгач эса фаол бўлиш керак. Одамлар билан танишиш, жамоаларга қўшилиш, ўзини кўрсатиш муҳим.


– Уларга энг муҳим уч тавсиянгиз.


– Биринчи навбатда, хорижга аниқ мақсад билан кетиш даркор. Иккинчидан, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзлигини йўқотмаслик жоиз. Чунки миллий қадриятлар инсоннинг энг катта бойлиги ҳисобланади. Учинчидан, бошқалар билан кўпроқ мулоқот қилиш, уларнинг урф-одатларини ўрганиш, шунингдек уларни билан бирга, ўз маданиятимиз билан таништириш керак.


– Сизнингча, инсон муваффақиятларга эришишда қайси фазилатлар муҳим?


– Назаримда, интизом, сабр ва камтарлик. Ўрганишдан, орзу қилишдан тўхтамаслик лозим. Зеро, инсон ўзи ўйлаганидан кўпроқ нарсаларга қодир.


– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.


P/s: Cуҳбат қаҳрамонимиз Америкада пайтида ёзиб олинган эди. Айни пайтда Тошкентга келган Фаррух Ниязимбетов эртага бўлиб ўтадиган «Turon World Cup 2026» Жаҳон кубогига тайёргарлик кўрмоқда. Мазкур спорт байрами дунёнинг турли мамлакатларидан келган спортчилар, мураббийлар ва спорт ихлосмандларини бир майдонга жамлаб, Турон яккакурашининг халқаро миқёсда ривожланиши ва оммалашувига хизмат қилади.


Феруза РАҲИМОВА,
Ishonch.uz


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 6585 16:57 | 05.08.2023