Уларнинг хизматисиз шаҳар тоза бўлмайди
Тошкент аҳолиси энди уйғонаётганда, у аллақачон ўз иш ўрнида бўлади. Канализация тизими ходими сифатида у йиллар давомида минглаб одамларга хизмат кўрсатиб келмоқда.
— Канализация тизими ходимларининг иши одамларга кўринмайди, —дейди қаҳрамонимиз Гулнора Юсупова. —Қачон муаммо пайдо бўлса, бизларни эслашади. Аслида бу тизимнинг тўғри ишлаши одамлар саломатлиги ва шаҳар тозалиги учун энг асосий омиллардан бири. Илгари канализация тизими фақат эркаклар ишлайдиган жой сифатида қараларди. Лекин бугун аёллар ҳам бу касбни ўзлаштириб, соҳада хизмат қилмоқда.
Баъзан кечаси ҳам чақирув бўлади, баъзан эса оғир техника билан ишлашга ҳам тўғри келади. Аммо ҳечам нолимаймиз. Чунки бизнинг хизматимиз туфайли одамлар эрталаб сувдан бемалол фойдаланишади. Бу эса, бизга куч беради.
Ходимларнинг меҳнатини енгиллаштириш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш учун техника ва технологиялар мунтазам янгиланиб туриши керак. Бу ҳам ишни тезлаштиради, ҳам хавфсизликни таъминлайди.
Шу десангиз, айрим одамларни ҳеч тушунмайман. Баъзан улар канализация қопқоқларини ўғирлаб кетишади. Оқибатда очиқ қолган канализация чуқурларига болалар ёки кечаси уйига қайтадиган одамлар йиқилиб тушиши ва жиддий жароҳат олиши мумкин. Яқинда ҳам маҳалланинг ичидан канализация қопқоғи ўғирлаб кетилиши оқибатида бир юртдошимиз оғир жароҳат олди. Айримлар канализацияга ҳар хил чиқинлар ташлашади. Бу ҳам бизнинг ишимизни оғирлаштиради.
Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, айрим тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар канализацияга турли кимёвий чиқиндилар, текстиль корхоналардан чиқаётган бўёқ қолдиқларини ҳам ташлашар экан. Бу рангли сувлар иншоотлар ишига салбий таъсир кўрсатар экан.
Аслида белгиланган меъёрга кўра, ҳар бир ишлаб чиқарувчи корхонада локал иншоот бўлиши ва ушбу бирламчи иншоотларда кимёвий чиқиндилар тозаланиши лозим. Аммо бундай иншоотларнинг эксплуатацияси қимматга тушганлиги боис, баъзи ишлаб чиқарувчилар корхонадан чиққан оқова сувларни канализацияга оқизиб юборишмоқда.
— Сиз тасвирда кўраётган турли рангли оқова сувлар текстиль корхоналаридан чиқмоқда, — дейди Гулнора Юсупова.
Агар қаҳрамонимиз куйиниб тилга олган муаммолар муаммолигича қолаверса, унинг жабрини фақат ўзимиз тортамиз.
Феруза Раҳимова,
Жасур Соликов
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0