Қурилиш материаллари саноати: ўсиш суръатлари, янги бозорлар ва энергия тежамкор технологиялар

Қурилиш материаллари саноатида ўсиш ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан бирга, экспортни кенгайтириш ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳисобига ҳам таъминланмоқда. Ушбу омиллар корхоналарнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қиляпти.
Жорий йилнинг 13 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Ўзсаноатқурилишбанк томонидан ташкил этган брифингда тармоқда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт бозорларини кенгайтириш, энергияни тежаш ва инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.
Ишлаб чиқариш, инвестициялар ва экспорт
Йилнинг тўққиз ойида мамлакатда 46,8 триллион сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан
17,7 фоиз кўп. Экспорт ҳажми 1,13 миллиард АҚШ долларидан ошиб,
1,4 баробарга ўсди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида эса 4,36 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Тармоқдаги ўсиш инвестициялар ҳажми ортиши билан ҳам боғлиқ.
– 2026-2027 йилларда қурилиш материаллари саноатида умумий қиймати 6,2 миллиард доллар бўлган 269 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш департаменти директори ўринбосари Адҳам Қувондиқов. – Жорий йилнинг тўққиз ойида хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобидан 2,2 миллиард доллар ўзлаштирилди. Бу режадаги кўрсаткичнинг 103,2 фоизига тенг.
Маблағлар янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, мавжуд корхоналарни модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этишга йўналтирилмоқда.
Экспортда металл буюмлар, ПВХ ва пластмасса маҳсулотлари, портландцемент, алюминий ҳамда қоғоз маҳсулотлари асосий ўринни эгалламоқда.
Шундай корхоналардан бири Ўзсаноатқурилишбанк молиявий кўмагида ишлаб чиқаришини кенгайтираётган “Azia metall prof” масъулияти чекланган жамиятидир. Корхона жорий йилнинг тўққиз ойида 165,5 миллион долларлик металл листлар, профиллар ва рухланган пўлат маҳсулотларини ўнга яқин мамлакатга экспорт қилди.
Энергия тежамкорлиги – харажатларни камайтиришнинг амалий йўли
Қурилиш материаллари, айниқса цемент ишлаб чиқариш кўп энергия талаб қилади. Шунинг учун энергиядан самарали фойдаланиш маҳсулот таннархини камайтиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Йиллик электр энергияси истеъмоли 1,8 миллиард кВт·соат бўлган 34 та корхонада энергия аудити ўтказилди. Уларда 300 миллион кВт·соат электр энергиясини тежаш бўйича чоралар белгиланди.
2026 йил январь-сентябрь ойларида 228,2 миллионкВт·соат электр энергияси тежалди. Шундан 161,5 миллионкВт·соат чиқинди иссиқликдан фойдаланиш технологиялари, 29,1 миллионкВт·соат қуёш панеллари,
37,6 миллион кВт·соат эса реактив конденсаторлар ўрнатиш ва бошқа чоралар ҳисобига тўғри келади.
Энергия тежамкор технологиялардан фойдаланаётган корхоналардан бири – “Toshkent Conch Cement”. Корхонада умумий қуввати 5 минг кВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилди ва 9 МВт қувватга эга WHR технологияси ишга туширилди.
Маълумки, WHR (Waste Heat Recovery) – ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган ортиқча иссиқликдан қайта фойдаланиш технологияси. Цемент заводларида бу усул ортиқча иссиқлик ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.Бундай технологиялар ташқи энергия манбаларига эҳтиёжни камайтиради, ишлаб чиқариш харажатларини пасайтиради ва маҳсулот рақобатбардошлигини оширади.
Давлат энергетика реестрига киритилган яна 38 та корхонанинг
31 тасида мажбурий энергия аудити якунланди. Қолган 7 та корхонада аудит ишлари давом этмоқда. Уларнинг натижасига кўра, қўшимча 9 миллион кВт·соат электр энергиясини тежаш мумкин.
Кейинги вазифа – ўсиш сифатини ошириш
Қурилиш материаллари саноатининг кейинги ривожи ишлаб чиқариш ҳажми билан бирга маҳсулот сифати, таннархи ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошликка ҳам боғлиқ.
Шунинг учун инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш муҳим вазифалар бўлиб қолмоқда.
Ўзсаноатқурилишбанк тармоқ корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашишда давом этади.
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ
Ташқи алоқаларни мувофиқлаштириш хизмати







