«Варганза» ваҳимасиёхуд биз нега миш-мишларга кўпроқ ва тезроқ ишонамиз?
Яқинда бир воқеа Қашқадарё воҳаси аҳли кўнглига андак қўрқув солди. Эмишки, Китоб туманининг «Варганза» маҳалласида яшаб келган аёл қутуриш касалидан вафот этибди. Уни ёввойи ҳайвон тирнаган экан. Бироқ қоронғида унинг нима эканини англамайди. Бир хабарда тулки дейилса, яна бирида шоқол дея тахминланган.
Қизиғи, бу миш-мишни тиббиёт ходимлари тарқатишган. Бир оилавий поликлиниканинг бош шифокори «Фавқулодда ҳолат, деса бўлади. Вазият жиддий», дея патронаж ҳамшираларни уйма-уй юриб қутуриш касаллигига қарши тушунтириш ишларини олиб боришга ундаб, кимнидир ёввойи ёки уй ҳайвонлари тишлаган, тирнаган бўлса, зудлик билан эмлаш шартлигини уқтиради.
Шифокор шундай деб тургандан кейин аҳоли нима қилсин?!
Ижтимоий тармоқларда, асосан маҳаллаларнинг «Telegram» гуруҳларида янги видео ва аудиохабарлар тарқала бошлади. Қайд этилишича, аёлни тирнаган ёввойи жонзот 30 га яқин ит билан алоқада бўлган. Ҳайвонлар орасида қутуриш касаллиги тарқаган. Уларни йўқ қилиш учун махсус хизматлар маҳаллалар ва қир-адирликлар, дарё ва жарликларни дорилаб чиққан. Бу хабарлар нафақат «Варганза»га ёндош маҳаллаларда, балки қўшни туманларда яшовчилар орасида ҳам ваҳима уйғотди.
Биз асл ҳолатни ўрганишга қарор қилдик. Чунки масъул идоралар ахборот хизматлари тезкорлик билан муносабат билдирмагани туфайли турли хабарлар урчиб бораётган эди.
Дастлаб марҳуманинг уйига бордик. Опасининг баён қилишича, бир ойлар аввал синглисини тулки тирнаган. Лекин у юқори қон босимидан азият чекиб келган. Бултур инсульт бўлган, бу йил 10 июль куни Китоб тумани шошилинч тиббий ёрдам бўлимига юқори қон босими билан мурожаат қилишган. Шифокорлар суҳбат асносида тулки тирнаганини билишгач, юқумли касалликлар шифохонасига кўчиришган. Орадан кўп ўтмай бемор вафот этади, аммо унда қутуриш белгилари кузатилмаган.
Хўш, унда ваҳима қаердан тарқади? Китоб тумани соғлиқни сақлаш бўлими бош шифокори Анвар Ҳасанов шу куни ZOOM орқали йиғилиш ўтказади ва марҳума қутуриш касали билан гумонланганини, лаборатор таҳлиллар учун анализ олинганини маълум қилиб, ҳудудларда тарғиботни кучайтириш зарурлиги бўйича кўрсатма беради. Кўп ўтмай, ваҳимали гап-сўзлар пайдо бўлади. Бор-йўғи шу. Лекин уч кунлаб уйидан кўчага чиқолмаганлар, бир умр содиқ бўлган итига шубҳа билан қараганлар, «Варганза «ёнаётганмиш», «карантинга олинганмиш», дея ваҳима тушганлардан ҳеч ким узр сўрагани, марҳуманинг қариндош-уруғи олдида ўзини айбдор ҳис этишгани ҳам йўқ.
Бу кимгадир оддий воқеадек туюлиши мумкин. Бироқ халқимизнинг ахборотга муносабати шундай пайтларда билинади. Бир неча йил аввал вилоятдаги Ҳисорак сув омбори тўғони ёрилиб кетгани ҳақидаги ёлғон хабарни эслайлик. Расмий тасдиғи бўлмаган бу асоссиз маълумот қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқлар орқали шундай тез тарқалдики, минглаб одамлар уй-жойини ташлаб, хавфсиз жой излаб чиқиб кетди. Кейин маълум бўлдики, ҳеч қандай фавқулодда ҳолат рўй бермаган. Аммо бир неча соатлик ваҳима одамлар руҳиятига ҳам, ҳаётига ҳам жиддий таъсир кўрсатди.
Сир эмас, бугунги кунда ахборот инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланган. Ижтимоий тармоқларда ҳар қандай воқеа сониялар ичида минглаб одамларга етиб боради. Энг ташвишлиси, энди аҳоли «Бу ростми?», «Манбаси қаер?», «Бўлиши мумкинми?» деган саволларни беришдан кўра, хабарни дарҳол қабул қилишга ва яна ўнлаб кишиларга юборишга шошилади. Оқибатда ҳақиқат эмас, ваҳима тезроқ тарқалади.
Аслида қўрқув ҳам вирусга ўхшайди: у бир инсондан иккинчисига жуда тез юқади. Агар хабарда «ўлим», «офат», «эпидемия», «фалокат» каби сўзлар ишлатилса, одамнинг танқидий фикрлаш қобилияти бир муддат ҳиссиёт таъсирида қолади. Шунинг учун ҳам бундай хабарлар жуда тез тарқалади. Ижтимоий тармоқлар эса бу жараённи янада жадаллаштиради. Амалда ҳар қандай воқеага нисбатан энг биринчи савол шундай бўлиши керак: «Бу, ҳақиқатан ҳам, бўлиши мумкинми?».
Агар сув омбори тўғони ростданам ёрилса, бу ҳақда биринчи бўлиб фавқулодда вазиятлар хизмати, маҳаллий ҳокимлик ёки расмий ахборот манбалари маълум қилади. Юқумли касаллик билан боғлиқ фавқулодда вазият юзага келса, санитария-эпидемиология хизмати ва соғлиқни сақлаш идоралари расмий ахборот беришади. Шундай экан, номи номаълум Telegram канали ёки шахсий саҳифадаги постни расмий манбадан устун қўйиш мантиқан нотўғри.
Ёлғон ёки бўрттирилган хабар тарқатган одам баъзан унинг оқибатини ўйламайди. Унинг мақсади кўпроқ кўришлар, обуначилар ёки муҳокама бўлиши мумкин. Аммо ўша бир хабар ортидан қанча одам саросимага тушади, қанча ота-она фарзандидан хавотир олади, қанча инсон ишини ташлаб уйига шошади ёки асоссиз қўрқув билан яшайди – бу ҳақда камдан-кам ўйланади.
Ваҳима руҳий ҳолатдан ташқари иқтисодиётга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Айрим ҳолларда одамлар оммавий равишда бозорларга югуради, маҳсулотларни захира қилади, транспортда тирбандликлар юзага келади, давлат идораларига минглаб мурожаатлар бўлади. Ҳеч қандай реал хавф бўлмаган тақдирда ҳам жамият сунъий инқирозни ўзи яратиб қўяди.
Шунинг учун ахборот маданияти бугун миллий хавфсизликнинг ҳам бир қисмига айланмоқда. Ҳар бир фуқаро ахборотни қабул қилишдан олдин уни текшириши, унинг рост-ёлғонлигини аниқлаб, кейин тарқатиши керак. Акс ҳолда, битта тасдиқланмаган ёлғон хабар бутун ҳудудни саросимага солиши мумкин.
Хуллас, ёлғонлар ортидан эргашиб, мулзам бўлиб қолиш сизу бизгаярашмайди.
Баҳодир Ҳалимов,
ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0