“Ватаннинг обрўси — бизнинг обрўйимиз”: 500 нафар ватандош Президентга мурожаат йўллади
АҚШ ва Канадада истиқомат қилаётган 500 нафар ўзбекистонлик Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллаб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар ва унинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганини таъкидлади.
Ватандошлар мурожаатида сўнгги йилларда Ўзбекистонда очиқликка асосланган сиёсат кучайгани, хорижда яшаётган ўзбекистонликлар билан муносабатлар янги босқичга кўтарилгани қайд этилган. Уларнинг фикр ва таклифларини эшитиш, мулоқотни кенгайтириш ҳамда Ватан билан алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланган.
Мурожаат муаллифлари Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар тобора ривожланиб, янги босқичга кўтарилаётганини ҳам эътироф этган. Улар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Дональд Трамп билан бўлажак бевосита ва ишончли мулоқоти, олий даражадаги учрашувлар, шунингдек, АҚШ ҳукумати, Конгресси ва ишбилармон доиралари билан кенгайиб бораётган ҳамкорлик мамлакат учун янги имкониятлар эшигини очишига ишонч билдирган.
“Сиз олиб бораётган сиёсат бизга нафақат янги имкониятлар яратмоқда, балки зиммамизга катта масъулият ҳам юкламоқда. Биз хорижда яшаётган ватандошлар Ўзбекистоннинг муносиб вакиллари бўлишимиз, Ватанимизнинг ҳақиқий қиёфасини кенг жамоатчиликка етказишимиз керак”, — дейилади мурожаатда.
Ватандошлар АҚШдаги тадбиркор ва инвесторларни Ўзбекистонга жалб қилиш, замонавий технологиялар, билим ва тажрибаларни Ватанга олиб келиш, таълим ҳамда маданий алоқаларни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирган.
Мурожаатда “Ватаннинг обрўси — бизнинг обрўйимиз. Ўзбекистоннинг ютуғи — бизнинг ютуғимиз. Ўзбекистон байроғининг дунё майдонида баланд кўтарилиши — ҳар бир ватандошимиз учун фахр ва ифтихордир”, деган фикрга ҳам алоҳида урғу берилган.
Мактуб сўнгида ватандошлар Президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан табриклаб, юртимиз тинчлиги, халқ фаровонлиги ва Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлидаги ислоҳотларга муваффақият тилаган.
Мурожаат “Vatan Global Alliance” жамияти раиси Озод Солиев, Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Малаков ва Муҳаббат Шамаева, “Ватан Филадельфия” жамияти раиси Саидулло Аҳмедов, “Ватан Нью-Йорк” жамияти раиси Бахтиёр Қодиров ҳамда АҚШда яшаётган 500 нафар ватандош номидан йўлланган.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0