Жамоат транспорти: нарх оширилди, лекин сифат-чи?

Жиззах вилояти ҳокимининг 2024 йил 8 майдаги «Жиззах шаҳридаги жамоат транспорти тизимида янги, қўшимча ва рағбатлантирувчи тарифларни жорий қилиш тўғрисидаги қарори»га биноан бир йўловчи учун йўлкира нархи 3000 (уч минг) сўм этиб белгиланди.

10:20 | 24.05.2024
•
532
Жамоат транспорти: нарх оширилди, лекин сифат-чи?
Катталаштириш

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, мазкур нарх вилоятлар ичида энг қиммати экан.

Бир қарашда бу унчалик катта маблағ бўлиб кўринмас. Бироқ республикамизнинг барча вилоят марказлари, шунингдек, Нукус ва Тошкент шаҳарларида ҳам жамоат транспорти, хусусан, автобусларда йўлкира нархи 2000 сўмдан (пойтахтда йўл ҳақи пластикдан тўланса, 1 минг 700 сўм) ошмайди.

Мутасаддилар мазкур ҳолатни мойлаш ва эҳтиёт қисмлар, ёқилғи нархи ошгани билан изоҳлашмоқда. Аммо…

Божхона, солиқ тарифлари бир хилда амал қиладиган бошқа вилоятлар, хусусан, пойтахтда ушбу маҳсулотлар ошмаганми? Ошган!

Жиззахнинг кичкина шаҳарлиги инобатга олинса, бу нархга иссиқда жамоат транспортида юриш ўзини оқламайди. Ундан кўра, озроқ қўшиб, таксида юрган маъқул.

Статистика агентлиги маълумотларига таянилса, аҳолининг январь-март ойларида топган даромади (ўртача ойлик иш ҳақи)га кўра, Жиззах вилояти республикада 10-ўринни эгаллаб турибди. Мана шу маълумот ҳам йўл ҳақи нотўғри оширилганидан далолат бериб турибди.

Ҳатто автобус ҳайдовчилари ҳам йўлкира нархи оширилгани тескари натижа берганлигини иддао қилишяпти. Уларнинг айтишича, йўловчилар 3000 сўмга автобусда юргандан кўра, шу нархга маршрут ёки 5000 сўмга такси хизматидан фойдаланишни афзал кўришмоқда.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза: юқоридаги қарорда нафақат нарх ошиши, балки аҳолига қулайлик яратиш ҳақида ҳам сўз борган. Жумладан, бир йўловчи учун ягона транспорт карталарини жорий қилиш ва ушбу карталар орқали тўлов амалга оширилганда рағбатлантирувчи тариф сифатида йўлкира нархи 2 минг 100 сўмни ташкил этиши белгиланган. Қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши кўрсатилган. Лекин 10 майдан фақат йўл ҳақи оширилган. Ягона транспорт карталари жорий қилиш масаласи эса ҳозирча қоғозларни безаб турибди, холос.

Хуллас, йўлкира нархи ошгани билан хизмат кўрсатиш сифати ўзгармаса, бари бекор. Ҳар ҳолда нарх ошиши фонида энг аввало, йўловчилар учун қулай шароит яратишдек эзгу мақсад мужассам эди.

Бахтга қарши Жиззах шаҳрида ҳаракатланаётган автобусларнинг аксарияти эски, совутиш тизими, имконияти чекланган кишилар учун пандуслар ҳақида-ку, сўз айтишга ҳожат йўқ. Рисоладагидек бекатлар ҳам анқонинг уруғи. Йўқдан кўра борларининг оралиқ масофаси ҳам бир-биридан жуда узун. Шу боис йўловчилар автобусга дуч келган жойдан чиқишга ёки тўғри келган жойда тушишга мажбур. Бу ҳам хавфли, ҳам автобусларнинг ўз вақтидан кечикиб келишига олиб келадиган ҳолат. Ким ҳам 10 дақиқада етиб борадиган манзилига ярим соатда боришни истарди?

Қиссадан ҳисса: Жиззах шаҳридаги жамоат транспорти фаолиятини кечиктирмасдан ислоҳ қилиш зарур. Йўловчилар учун аввал муносиб шарт-шароит яратилсин. Ана ундан кейин нарх-навони оширсак, адолатдан бўлади, бизнингча.

Муқимбой ИСМОИЛОВ

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади