Жавоҳир Синдаров Магнус Карлсенни мағлуб этди
Гроссмейстер Жавоҳир Синдаров ФИДЕнинг Гонконг шаҳрида ўтказилган рапид бўйича жамоавий жаҳон чемпионатида дунё шахматининг энг машҳур вакили, собиқ жаҳон чемпиони Магнус Карлсен устидан ғалаба қозонди.
Мазкур баҳс мусобақанинг 9-турида Ўзбекистон терма жамоаси билан WR Chess жамоаси ўртасидаги учрашув доирасида биринчи тахтада бўлиб ўтди. Ушбу партияга қадар Карлсен Аржун Эригайси ва Шант Саргсянга мағлуб бўлиб, бир турни ўтказиб юборган эди. Норвегиялик шахматчи Ўзбекистонга қарши баҳсда яна тахта ортига қайтди.
Партия давомида Карлсен ташаббусни қўлга олиш мақсадида фарзинни қурбон қилди. Бироқ Жавоҳир Синдаров вазиятни аниқ баҳолаб, устунликни сақлаб қолди ва учрашувни ўз фойдасига ҳал қилди.
WR Chess ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги баҳс 3:3 ҳисобида дуранг натижа билан якунланди. Нодирбек Абдусатторов Уэсли Сога, Нодирбек Яқуббоев эса Фабиано Каруанага имкониятни бой берди. Муҳиддин Мадаминов, Афруза Ҳамдамова ва Акжол Раҳматуллаевнинг ғалабалари эса жамоа ҳисобига муҳим очколарни олиб келди.
Чемпионатнинг 12 тури якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 15 очко жамғариб, умумий ҳисобда 8-ўринни эгаллади. Жамоа мусобақа давомида 7 та ғалаба қозонди, бир марта дуранг ўйнади ва 4 бор мағлубиятга учради.
Қайд этиш жоиз, 2025 йил Лондонда бўлиб ўтган жамоавий жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 17 очко билан 4-ўринни эгаллаган эди. Бу йилги натижа эса жамоанинг ўтган мавсумга нисбатан тўрт поғона пастлаганини кўрсатди.
Чемпионатнинг блиц қисми 20–21 июнь кунлари давом этади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0