2025 йилда қайси солиқ турлари ўзгаришсиз сақлаб қолиниши айтилди
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган 2025-2027 йилларга мўлжалланган Бюджетномада сақлаб қолинадиган солиқ ставкалари ҳақида маълумот берилди.
Унга кўра, келгуси йилда қулай тадбиркорлик муҳитини таъминлаш мақсадида асосий солиқ турлари – адвалор солиқ ставкалари сақлаб қолинади.
Жумладан, 2025 йилда фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, ижтимоий солиқ 12 фоиз (буджет ташкилотлари учун 25 фоиз), айланмадан олинадиган солиқнинг базавий ставкаси 4 фоиз, шунингдек, чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғим ҳамда алкогол маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғимлар ўзгаришсиз сақлаб қолинмоқда.
Шунингдек:
- ҚҚС ставкаси 12 фоизда сақлаб қолинмоқда;
- қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ етиштириш (ўстириш) учун фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича солиқ ставкаси 1 м3 учун 100 сўм миқдорида сақлаб қолинмоқда.
- Бунда, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинмаганда ва суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланмаганда сув солиғи ставкаси 1,5 оширувчи коэффициент ўрнига 1,1 коэффициент қўлланилади;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматига нисбатан белгиланган 0,95 фоиз солиқ ставкаси сақлаб қолинмоқда;
- юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 1,5 фоизда сақлаб қолинмоқда.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0