Кредит қарзи бор фуқаронинг картасидаги пулнинг ҳаммаси ечилмайди — янги чеклов таклиф қилинди
Марказий банк банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган янги тартибни таклиф қилмоқда.
Қарор лойиҳасига кўра, банк кредит ёки кафиллик бўйича қарзни мижознинг топшириғисиз унинг барча банк карталаридан ундирганда, маълум миқдордаги маблағни сақлаб қолиши керак бўлади.
Ҳозирги ҳисоб-китоб бўйича бу сумма — 680 минг сўм.
Сабаби, лойиҳада мижознинг карталарида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярми сақлаб қолиниши белгиланмоқда. Ҳозир МҲТЭКМ 1 млн 360 минг сўм бўлгани учун унинг ярми 680 минг сўмни ташкил этади.
Яъни мижознинг турли банк карталаридаги маблағлар кредит қарзи учун автоматик ундирилганда, жами камида 680 минг сўм қолдирилиши назарда тутилмоқда.
Истисно бор: агар мижоз кредит тўловларини ундириш учун муайян картани шартномада кўрсатган ёки банкнинг мобил иловаси/интернет-банкинги орқали олдиндан бириктирган бўлса, мазкур чеклов унга татбиқ этилмайди.
Оддий қилиб айтганда, янги тартиб кредит қарзи сабаб мижознинг бошқа карталаридаги пулнинг тўлиқ ечиб олиниб, уни маблағсиз қолдириш ҳолатларини чеклашга қаратилган
Бу ҳозирча қарор лойиҳаси. У қабул қилинган тақдирда, расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга кириши белгиланмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0