Қарийб қирқ йиллик лоқайдлик

Журналистлар орасида чала тухум қўйса ҳам, қақақлаб қўядиганлари кўп. Таассуфки, уларни олқишлайдиганлар ҳам оз эмас. Мени яқиндан билганлар яхши билади: камина ҳар икки «соҳил»дан анча олисда сузаман. Агар ёзганимдан кўнглим тўлмаса, ўша мақола ойлаб, ҳатто бир неча йиллаб стол тортмасида чанг босиб ёки компьютердаги «ғаладон»да яшириниб ётаверади…

Бундан олти йил бурун «Ер остида ярим кун...» сарлавҳали мақола қоралагандим. Лекин уни охирига етказишга улгурмадим. Агар ўшанда ер остида яна камида ярим кун юрганимда, мақолага «масаллиқ» етарли миқдорда йиғиларди. Аммо бугунги ишни бирда арзирли, баъзан арзимас сабаблар билан эртага қолдиравердим. Кейин кутилмаганда ковид ёпирилди, карантин эълон қилинди. Хуллас, қолган ишга қор ёғди…
Ким нима деса, десин, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда энг кўп «чайналадиган», аммо ҳеч ҳазм бўлмайдиган бир мавзу бор. Бу – саводсизлик, ўз она тилига нисбатан ҳурматсизлик мавзуси!
Йиллар давомида бонг урилса-да, борган сари газак олаётган бу муаммога ҳамиша кўчалардаги бинолар пештоқидаги ҳамда турли реклама ва эълонлардаги«ёзувлар»дан мисоллар келтирилади. Аслида эса одамлар энг кўп тўпланадиган жойларга савод ва савия масаласида бўзлаб борсангиз, улар йиғлабқарши олади.

Масалан, метрода…
Ўша чала қолган мақолада Тошкент метрополитенининг «Чилонзор» йўналишидаги бекатлар ва вагонларда кузатилган «юксак саводхонлик» ҳақида сўз юритилганди. Турли реклама ва эълонлардаги русчадан тўғридан-тўғри таржима қилинган мантиқсиз жумлалар, ғализ иборалар, услубий ва имловий хатолардан қатор мисоллар келтирилганди.
Хуллас, ўқисанг, қон босимингни кўтарадиган ўнлаб фактларга қаноат қилмай, метрополитеннинг «Ўзбекистон» ва «Юнусобод» йўналишларини ҳам бир қур кўздан кечирмоқчи бўлдим ва ўша гап: кечикдим...
Бир ҳисобдан кечикканим, яъни мақолани бор ҳолича бериб юбормаганимҳам яхши бўлган экан. Бўлмаса, «оламшумул янгилик»дан қуруқ қоларканман.

Яқинда метронинг «Ўзбекистон» йўналишида ғаройиб бир «кашфиёт»га дуч келдим. Улуғ адиб Ғафур Ғулом номи берилган бекатга шундоқ кираверишдаги ҳамда ичкаридаги узун деворларга катта-катта ҳарфлар билан «Ғофур Ғулом» деб ёзиб қўйилган. Бу дейман, метросоз усталар ва лойиҳачилар мактабда адабиёт фанини «аъло»га ўқишган чоғи, йўқса, бундай «нозик» хатога йўл қўйишмасди. Ҳа, майли, улар – қурувчи, меъмор. Аммо хатони тезда тузатиши керак бўлган масъуллар ҳам бор-ку! Масалан, Тошкент метрополитени раҳбарининг Давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси, ташкилотнинг матбуот хизмати ходимлари… Менимча, улар ё метрога умуман тушишмайди ёки хатони илғайдиган даражада савод ва савияга эга эмас.
Афсуски, «А» ҳарфининг «О»га айланиб қолгани ачинарли ҳолат, албатта. Аммо энг даҳшатлиси – бу қўпол хатони узоқ йиллардан бери кўрмай, сезмай келаётганимизда!.. Ахир…
«Ғафур Ғулом» метро бекати 1989 йил 6 ноябрда фойдаланишга топширилган. Билмадим, балки бошида ҳаммаси тўғри ёзилгандир, агар ёзилмаган бўлса…
Наҳотки, ўзбек адабиётининг номдор вакили, академик адибнинг исми нотўғри ёзилганини салкам 40 йилдан бери ҳеч ким илғамаган бўлса?!
Яна бир нарсага ҳайрон қоламан: Ғафур Ғулом номидаги бекат атрофидагиҳудудда қанчадан-қанча ўқимишли, зиёли инсонлар яшайди. Уларнинг орасида «Олтин қалам»ли журналистлар ҳам, турли даражада мукофотланган ижодкорлар ҳам бор. Қолаверса, ҳар куни минглаб талаба-ю ўқувчилар ҳам метродан фойдаланади. Лоақал, бирор киши «Шум бола» муаллифининг исми аслидақандай ёзилишини билиши керак-ку!..
Наҳотки, эътиборсизлик, бепарволик, лоқайдлик шу даражада томиримизгасингиб кетганки, оддийгина имловий хатоларни кўрмаймиз?..
Наҳотки…
Шу жойда сўзимизни якунласак ҳам бўларди. Аммо мақола аввалида баёнқилинган фикрга яна қайтамиз: Тошкент метрополитенидаги реклама, эълон вайўл кўрсаткич белгиларида учрайдиган хатолар ҳақида ҳозир ҳам «Ер остидаярим кун»ни янгидан-янги «факт»лар билан бойитиб, қайта ёзиш мумкин. Нафақат мақола, ҳатто салмоқли ҳажмда монография ёзса ҳам бўлади.
Ҳа, айтганча, ўша «кўзга ташланмайдиган» хатолар фақат деворлардаэмас, йўл кўрсаткич белгиларининг айримларида ҳам «G‘ofur G‘ulom» бўлиб,«бақрайиб» турибди. Афсуски, шундай…
Алижон Абдураҳмонов,
Ishonch.uz
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Жамият





