АҚШ, Эрон ва Ҳусийлар янги можаро остонасида
Яқин Шарқ яна бир йирик тўқнашув саҳнасига айланмоқда. Бу ерда дунёнинг йирик давлатлари, минтақавий кучлар ва стратегик иттифоқлар манфаатлари тўқнашяпти.
Дарҳақиқат, сўнгги ойларда Яқин Шарқ уруш ёқасига келиб қолди: АҚШнинг ҳусийларга зарбалари кучайди, Ғазо секторида вазият ҳамон беқарорлигича қоляпти, Эрон ва Исроил ўртасида кескинлик ортди, Теҳрон ядровий дастури атрофидаги дипломатик ўйинлар авж олди. Бундай вазиятда янги можаро юз берадими ёки йўқми, деган саволдан кўра, у қачон ва қай тарзда юз беради, деган саволга жавоб излаш мантиқан тўғрироқ бўлади.
Дональд Трамп маъмурияти «кучли босим» стратегиясига амал қилиб, Яман ҳусийларининг Ансоруллоҳ ҳаракатига нисбатан ҳарбий зарбаларни қайтадан бошлади. Расмий сабаб – Қизил денгиздаги йўлларни ҳимоя қилиш бўлса-да, бу Эронга қарши катта ўйиннинг бир қисми, холос. Вашингтон ҳусийларнинг тижорий кемаларга ҳужумларини бартараф этиш билан бир қаторда, Эрон мавқеини янада заифлаштиришга ва уни ядровий дастур ҳамда минтақавий таъсир масалаларида ён босишга мажбур қилмоқчи.
Лекин Теҳрон босим остида муросага келувчи давлат эмас. Мамлакат ичида эса музокара тарафдорлари ва кескин позицияни қўллаб-қувватловчилар ўртасида кураш кучаймоқда. Иқтисодиётда инқироз кўзга ташланяпти, аммо ҳукумат ўз барқарорлигини сақлаб турибди. Исроил эса Эрон ядровий объектларига эҳтимолий зарба беришга ҳозирлик кўряпти. Вазият Саудия Арабистони ва БАА Вашингтоннинг минтақадаги ҳар бир қадамини диққат билан кузатишга мажбур қиляпти. Чунки АҚШнинг ҳар қандай ҳаракати уларнинг хавфсизлигига таъсир кўрсатиши мумкин.
Янги можаро остонасида турган Яқин Шарқдаги мазкур тўқнашувлар маҳаллий низолар доирасидан чиқиб, кенг кўламли минтақавий урушга айланиб кетиши мумкин. Ушбу мақолада биз кескинлик ортида турган кучлар, асосий ўйинчилар ва бу можаро жаҳон тартиби учун қандай оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини мухтасар таҳлил қилмоқчимиз.
АҚШ ва ҳусийлар ўртасидаги кескинлик:
Денгиз савдосига таҳдид ва минтақавий беқарорлик
Узоқ йиллар давомида Эрон кўмагига таяниб келган Яман ҳусийлари сўнгги пайтларда Қизил денгизда халқаро кемаларга ҳужумларни кучайтирди. Табиийки, бу АҚШнинг кескин жавоб ҳаракатларига сабаб бўлди. Америка авиацияси куни-кеча ҳусийларнинг асосий объектларига қақшатқич зарбалар берди. Натижада камида 53 киши ҳалок бўлди, 100 га яқин одам яраланди.
Дональд Трамп ушбу ҳарбий ҳаракатлар ҳусийлар савдо йўлларига ҳужум қилишни тўхтатмагунига қадар давом этишини таъкидлаётган бир пайтда, исёнчилар ҳужумларни янада кенгайтириш, жумладан, минтақадаги Америка ҳарбий базаларига зарба бериш билан таҳдид қиляпти.
Вазиятнинг бу тариқа кескинлашуви нафақат Яман, балки бутун Яқин Шарққа хавф солади. Ямандаги беқарорлик Саудия Арабистони, БАА ва Форс кўрфазидаги бошқа давлатларни можаро гирдобига тортиб кетиши мумкин. Қолаверса, минтақада кескинликнинг ортиши нефть бозоридаги вазиятни издан чиқариб, халқаро иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатади.
Яна бир масалани унутмаслик керакки, Қизил денгизнинг ҳусийлар томонидан тўсиб қўйилиши глобал савдони издан чиқариши мумкин, чунки ушбу стратегик денгиз йўли орқали жаҳон товар айланмасининг тахминан 12 фоизи ўтади. АҚШ эса бир ўқ билан икки қуённи уриш истагида: яъни, ҳарбий амалиётлари билан нафақат ҳусийларга, балки Эронга ҳам қақшатқич зарба бермоқчи.
Эрон уруш ва дипломатия ўртасида
Ҳозирги инқироз Эрондаги барқарорликни ҳам жиддий синовдан ўтказяпти. Президент Масъуд Пизишкиён бир неча бор АҚШ билан музокараларга тайёр эканини маълум қилган бўлса-да, олий раҳбар Оятуллоҳ Али Ҳоманаий Вашингтон билан ҳар қандай мулоқотни кескин рад этяпти. Эрон раҳбарияти ичида жиддий қарама-қаршилик юзага келмоқда: дипломатик йўл тарафдорларидан бири – вице-президент Муҳаммад Жавод Зарифнинг лавозимдан кетиши мамлакатда стратегик йўналиш борасидаги ички кураш тобора кескинлашаётганидан дарак беради.
Вашингтон Теҳронга ядровий дастурни тўхтатиш ва Эрон қўллаб-қувватлаётган гуруҳлардан воз кечиш эвазига иқтисодий имтиёзлар пакетини таклиф қилмоқда. АҚШ Ислом Республикасининг музлатилган активларини эркинлаштириш, санкцияларни бекор қилиш ва Эрон иқтисодиётини модернизациялашда ёрдам беришга тайёр. Бироқ Теҳрон учун бу шартларни қабул қилиш мағлубиятга тенг. Зеро, ядровий дастур мамлакат миллий хавфсизлигининг асосий унсури ҳисобланади.
Эронга ташқи босимлар кучайиши баробарида ички муаммолар ҳам тобора кўпроқ бўй кўрсатяпти. Иқтисодий инқироз чуқурлашмоқда: инфляция 50 фоиздан ошиб кетди, аҳоли орасида камбағаллик даражаси ортиб бормоқда. Мамлакат раҳбарияти жиддий танлов қаршисида турибди: ё АҚШга ён босиши, ё қатъий сиёсатни давом эттириб, халқ норозилиги кучайиши хавфини назардан қочирмаслиги керак.
Исроил омили: Эронга зарба берилиши мумкинми?
Вазиятни янада таранглаштирувчи омиллардан бири Исроил тутган йўлдир. Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Эрон ядровий объектларига зарба бериш зарурлигини очиқ-ойдин таъкидлаб келмоқда. Яқинда АҚШ Исроилга катта миқдорда авиация қуролларини, жумладан, Эроннинг ерости ядровий мажмуаларини йўқ қилишга қодир 15 тоннали бомбаларни етказиб берди.
Теҳрон эҳтимолий таҳдидни ҳисобга олган ҳолда, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини мустаҳкамлаш ва Россия билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришга киришди. Бу ҳамкорлик доирасида Эрон бир нечта Су-35 қирувчи самолётини қабул қилиб олди. Бироқ уларнинг сони Исроил ва АҚШ ҳаво кучлари қудрати билан таққосланадиган даражада эмас.
Одатдагидек, Исроил Эронга нисбатан кескин позицияни эгаллаб, дипломатия унинг ядровий даъволарини тўхтата олмаслигини таъкидлаб келади. Бироқ ҳарбий зарба Теҳронни жавоб чораларини қўллашга етаклаши, шунингдек, «қаршилик ўқи» – ҲАМАС, «Ҳизбуллоҳ» ва ҳусийлар ҳаракатини фаоллаштириши аниқ. Бундай сценарий бутун Яқин Шарқни кенг кўламли ҳарбий тўқнашув гирдобига тортиб, глобал хавфсизлик тизимига ҳам жиддий таъсир ўтказиши мумкин.
Бугун Яқин Шарқдаги вазият шундай. Трамп маъмурияти ҳусийларга зарба бериш орқали ўз кучини намойиш этиб, Эронни ён босишга мажбурлаш ҳаракатида. Бироқ Теҳрон таслим бўлиш ниятида эмас ва иқтисодий қийинчиликларга қарамай, ўз нуқтаи назарида собит қолмоқда. Ушбу кескинлик ҳақиқий урушга айланиши ҳам ёки муроса йўли билан ҳал этилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бу жараёнда Исроил танлайдиган йўл ҳамда Эрондаги ички вазият ҳал қилувчи омиллардан бирига айланади. Агар Теҳрон Америка объектларига жавоб зарбаларини берса, Вашингтон кескин чоралар кўриши, жумладан, Эроннинг муҳим инфратузилмасини йўқ қилиши мумкин. Сиёсий тарихга назар ташласак, ҳаддан ташқари босим кўпинча муросага эмас, балки кескин қарама-қаршиликка олиб келганига гувоҳ бўламиз. Санкциялар ва иқтисодий муаммоларга қарамай, Эрон минтақадаги иттифоқчилар тармоғини сақлаб қолган ва улар орқали вазиятни издан чиқариш салоҳиятига эга. Кенг кўламли можаро Форс кўрфазининг беқарорлашиши, нефть нархларининг кескин ошиши, ҳарбий тўқнашувлар авж олиши ва террористик фаолиятнинг кучайиши каби ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ана шундай қалтис шароитда дипломатлар ва жаҳон етакчилари муросага эришиш йўлларини излашда давом этмоқда. Янги ядровий келишувга эришиш мумкинми? Вашингтон ўз ёндашувини ўзгартирадими? Ёки дунё геосиёсатда куч ишлатиш асосий воситага айланадиган босқичга киряптими?
Жаҳонгир Наҳанов
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0