АЭС қурилиши: Ўзбекистонда қўшимча назорат тизими яратилади
Жиззах вилоятининг Фориш туманида қурилаётган интеграциялашган АЭС қурилиши фаол босқичга ўтди. Ҳозир биринчи энергоблок пойдевори устида ишлар олиб борилмоқда. 4 июндан бери майдонда 916 куб метр бетон қуйилди.
Қурилиш авжида майдонда 10 мингдан ортиқ ишчи ва мутахассис ишлаши режалаштирилган. Уларнинг 65–70 фоизи маҳаллий кадрлар бўлиши керак.
Техник назоратни кучайтириш мақсадида етакчи халқаро инжиниринг компанияларидан бири билан қўшма корхона тузиш таклиф қилинмоқда. У лойиҳа ҳужжатлари, ускуналар ва қурилиш сифатига мустақил баҳо беради.
Форишда станциядан 25 км. узоқликда 200 гектарлик саноат зонаси ташкил этиш режалаштирилмоқда. У ерда 15 йўналиш бўйича маҳсулот ишлаб чиқариш ва 2000 тагача иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Локализация улушини 30 фоиздан ошириш мақсад қилинган.
Станция учун 525 гектар, атом шаҳарчаси учун эса 100 гектар ер ажратилади. Шаҳарча 33 минг аҳолига мўлжалланган бўлиб, унда уй-жойлар, мактаб, боғча, тиббиёт, спорт ва маданият объектлари бўлади.
АЭС 4 та энергоблокдан иборат бўлади:
— 2 та ВВЭР-1000 — ҳар бири 1 ГВт;
— 2 та РИТМ-200Н — ҳар бири 55 МВт.
Умумий қувват 2110 МВт, йиллик электр ишлаб чиқариш 17 млрд кВт·соатгача бўлиши кутилмоқда.
Биринчи кичик модулли реакторни 2029 йил октябрь–ноябрь ойларида, иккинчисини эса 6 ойдан кейин ишга тушириш режалаштирилган. Биринчи йирик энергоблок 2033 йилда ишга туширилиши, лойиҳа эса 2034–2035 йилларда тўлиқ якунланиши кутилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда иккинчи АЭС лойиҳаси бўйича ҳам тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0