Бизнесни ривожлантириш банки – Янги Ўзбекистон аҳолиси учун янги имкониятлар эшиги
35 йил. Мустақил давлат ўлароқ босиб ўтилган бу шонли йўл Янги Ўзбекистон тарихига муҳим бурилиш нуқтаси сифатида муҳрланмоқда. Бинобарин, ушбу қутлуғ сана олдидан мамлакатимиз ҳаётида яна бир муҳим жараённи кузатмоқдамиз. У ҳам бўлса, ислоҳотларнинг мазмуни ва моҳияти, самараси тобора халқимизнинг кундалик ҳаёти, маҳалласи ва оиласидаги ўзгаришлар билан ўлчанмоқда. Ўз навбатида, миллий банк тизимидаги янгиланишлар ҳам айни мезон билан ҳамоҳанг равишда ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Энг асосийси, Давлатимиз раҳбари илгари сурган “Инсон қадри учун” деган тамойил барча ислоҳотларимизнинг негизини ташкил этаётгани, “Инсон-жамият-давлат” деган янги тизим тўлиқ ишга тушганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Маҳалладаги имконият – мамлакат иқтисодиётининг янги нуқтаси
Жорий йилнинг 16 июль куни бўлиб ўтган видеоселекторда давлат раҳбари маҳаллаларда кичик лойиҳалар учун банклар томонидан олти ойда 18,5 трлн сўм ресурс ажратилгани, натижада 110 мингта микролойиҳа амалга оширилиб, 259 минг нафар инсон иш билан таъминланганини қайд этди. Шу билан бирга, айрим маҳаллаларда мавжуд имкониятлардан ҳали тўлиқ фойдаланилмаётгани асосли танқид қилинди.
Бизнингча, ушбу рақамлар бир ҳақиқатни кўрсатади: имконият бор, энди уни натижага айлантириш керак.
Шу боис маҳалла банкири институтининг мазмуни ҳам ўзгармоқда. Банк ходими учун эндиликда савол “қанча кредит бердик?” эмас, балки “қанча иш ўрни яратилди?”, “қанча оила даромадли бўлди?”, “қайси маҳалланинг қайси имконияти иқтисодий лойиҳага айланди?” бўлиши керак.
Бу ёндашув мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг инсон манфаатига йўналтирилганини яна бир бор намоён этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси ҳамда тегишли Қарорлари билан “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ қайта ташкил этилгандан сўнг банкимизнинг асосий фаолият йўналиши устивор равишда мамлакатимизда кичик бизесни ривожлантиришга қаратилди. Бу борада илгари кузатилмаган лойиҳа ва хизматлар ишлаб чиқилиб, мижозларга таклиф эитлмоқда. Бу борадаги фаорлият маҳалла, маҳалла орқали хонадон даражасига туширилди.
Зеро бугун банк ҳақида гап кетганда, аввалгидек фақат кредит, омонат ёки ҳисобрақам тушунчалари билан чекланиб бўлмайди. Зеро замонавий банк – бу мижознинг вақти, эҳтиёжи ва имкониятини ҳисобга оладиган хизматлар тизими. Ушбу ҳақиқат бугун банкимиз меҳнат жамоасининг энг асосий дастуриламалидир. Барча ўзига берилган ишонч ва масъулиятни чуқур ва теран англаган ҳолда, дунё миқёсидаги энг илғор технологияларни ўзлаштириш йўли билан янгилик киритишга эътибор қаратмоқда.
Тан олиш лозим, бир неча йил аввал банкда оддий ҳисобрақам очиш учун ҳам ҳужжатлар билан филиалга бориш, навбат кутиш ва маълум вақт сарфлаш одатий ҳол эди. Бугун эса, рақамли технологиялар бу жараёнларни сезиларли даражада ўзгартираётганига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз. Буни айнан банкимиз мисолида оладиган бўлсак, ҳисобрақам очиш жараёни 70 дақиқадан 10 дақиқагача қисқартирилгани ва энг оммабоп хизматлардан бири – кредит маҳсулотларининг 60 фоизи автоматлаштирилганига гувоҳ бўламиз. “BRB Biznes 24/7” орқали 16 мингдан ортиқ мижозга масофавий хизмат кўрсатилмоқда.
Алоҳида эътироф этиш жоиз, бу – шунчаки технология ютуғи эмас, балки бунинг ортида битта оддий мақсадимиз бор: юртдошларимизнинг вақтини тежаш ва уларга банк хизматларимизни янада яқинлаштириш орқали “Инсон қадри учун” тамойилига содиқлигмизни билдириш. Зотан ушбу тамойил бугун Янги Ўзбекистонни ягона мақсад сари жипслаштирмоқда.
Банк филиалдан маҳаллагача яқинлашмоқда
Алоҳида эътироф этиш керак, Янги Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим хусусиятларидан бири – уларнинг тобора қуйи бўғинга, маҳаллага тушаётганидир.
2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани негизида ҳам ислоҳотларнинг манзиллилигини таъминлаш орқали аҳолининг реал даромадларини ошириш, пировардида турмуш шароитларини яхшилаш, хорижда меҳнат қилаётган юртдаошлримизни ватанга қайтаришдек муқаддас бурч ётибди, назаримизда. Бунга Президент Шавкат Мирзиёевнинг 16 июль куни маҳаллаларни ривожлантириш ва “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил этиш бўйича видеоселектор йиғилишида ҳам асосий эътибор одамлар ва тадбиркорлар учун шароит яратиш, маҳалланинг мавжуд имкониятларини ишга солишга қаратилганида яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Давлат раҳбари банклар олдига ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқтаси”ни аниқлаш, ташаббускорларни топиш ва даромадли лойиҳаларни кўпайтириш вазифасини қўйди. Битта маҳалла банкирига кўпи билан учта маҳалла бириктирилиши белгиланди. Бу ёндашув банк тизимидаги катта ўзгаришни англатишини барчамиз тушуниб турибмиз, албатта. Шундан келиб чиққан ҳолда, Бизнесни ривожлантириш банкига бириктирилган жами 610 та маҳаллага қўйилган маҳалла банкирлари сони қисқа фурсатда 160 нафардан дан 218 нафарга оширилди ва зарур мутахассислар билан бутланди.
Энг муҳими, маҳалла банкири энди фақат кредит бериш билан эмас, балки ҳудуддаги иш ўринлари ва уларга бўлган талабни аниқлаш, ишсизларни зарур касбларга йўналтириш ва уларни ишга жойлаштириш жараёни билан ҳам шуғулланади. Яъни банк мижознинг ўзи келиб мурожаат қилишини кутиб ўтирмайди. Аксинча, унинг зарур эҳтиёжларини олдиндан ўрганиш, ғоясини лойиҳага айлантириш, агар тайёр бўлса, лойиҳасини кўриш, имкониятини баҳолаш ва зарур молиявий ечимни таклиф этишга интилади.
Пировардида, “банкдан кредит олиш” тушунчасидан “банк билан бирга бизнес қилиш” тушунчасига ўтилмоқда.
Рақамлар ортида – реал тақдирлар
Қувонарлиси, “Бизнесни ривожлантириш банки” томонидан амалга оширилаётган ишлар бу жараённинг амалий натижаларини ҳам кўрсатмоқда. Бошқача айтадиган бўлсак, илк мевасини бермоқда.
Зеро банк таҳлилларига кўрса, 2023 йилдан 2026 йил 1 майгача бўлган даврда 56 210 та янги кичик ва ўрта бизнес субъектининг ташкил топишида банк бевосита иштирок этди. Уларнинг 45 383 таси, яъни 80,7 фоизи бугунги кунга келиб, иқтисодий жиҳатдан фаол корхоналарга айланган.
Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, янги ташкил этилган бизнесларнинг 29 493 таси банк томонидан тўғридан-тўғри молиялаштирилган. Уларга ажратилган молиялаштиришнинг умумий ҳажми 6 трлн сўмдан ошиб кетганини кўрсатмоқда.
Сир эмаски, келтирилган рақамлар ортида янги тадбиркор, янги иш ўрни, оилавий даромад ёки бозорга кириб келаётган янги маҳсулот ётибди.
Бундан англашиладики, давлат раҳбари бошчилигида тизимда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар натижасида, замонавий банк хизматларининг ҳақиқий самарасини фақат транзакциялар сони ёки ажратилган кредит ҳажми билан эмас, у инсон ҳаётида қандай ўзгариш ясагани билан баҳолаш тобора муҳим бўлиб бормоқда.
Технология – мақсад эмас, восита
Тан олиш лозим, банк соҳасида мижозларга қулайлик яратишда замонавий технологияларни четлаб ўтиш имконсиз. Шу боисдан, сунъий интеллект, автоматлаштириш, рақамли платформалар ҳақида кўп гапирилмоқда ва ҳамма ўз фаолиятида уларни тобора кенгроқ қўллашга уринмоқда. Аммо айтиш жоиз, банкимиз учун технологиянинг ўзи ҳеч қачон якуний мақсад бўлиб қолмайди.
Нега?
Гап шундаки, бизнинг мақсадимиз янги технологияларни ҳамма қилаётгани учун эмас балки, инсон манфаатларига йўналтирилганлик нуқтаи назаридан баҳолаш орқали жорий қилиб, мижозга тезроқ, қулайроқ ва аниқроқ хизмат кўрсатишга эришишдан иборат.
Шундан келиб чиққан ҳолда, банкимизда сўнгги даврда 65 га яқин янги маҳсулот ва сервис ишга туширилди. “BRB Neo”, “Talim.brb.uz”, “BRB Biznes 24/7” каби рақамли ечимлар, онлайн омонатлар, автоматлаштирилган кредитлаш механизмлари шулар жумласидандир.
Ўз навбатида, “Менинг бизнесим” платформасида эса, 54 минг нафар тадбиркор рўйхатдан ўтиб, 45 та касб-ҳунар йўналишида хизмат кўрсатишни бошлаган. Платформа орқали ўзини-ўзи банд қилиш, онлайн буюртмалар қабул қилиш, электрон меҳнат дафтарчаси ва пенсия ҳисобрақамини автоматик шакллантириш каби имкониятлар яратилгани унинг оммабоплиги ошиб боришига хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, яқинда банк корпоратив мижозлар учун мўлжалланган “БРБ Бизнес 24/7” платформасини Дибанк хизмати билан интеграция қилди. Бу орқали эндиликда банк мижозлари ўз ҳисобварақлари бўйича асосий операцияларни интернет-банкка ўтмасдан, бевосита ўз ҳисоб тизимидан - “1С” ёки “Didox” дастуридан амалга оширишлари мумкин. Ишонамизки, эндиликда мижозларимиз ҳисоб тизимининг ўзидан туриб тўлов топшириқномалари ва иш ҳақи рўйхатларини юбориш, ҳисобварақ кўчирмалари ва жорий қолдиқларни олиш, тўловлар ҳолатини кузатиб бориш, тушум ва чиқимларни бухгалтерия ҳисобида автоматик акс эттириш ҳамда ҳужжатларни банкнинг электрон рақамли имзо (ЕРИ) калити билан имзолаш иимкониятларидан фаол фойдаланадилар ва бундан мамнун бўладилар.
Бир сўз билан айтганда, биз учун рақамлаштиришнинг энг муҳим натижаси технологиянинг мураккаблиги эмас, одамга осонлик яратишидир.
Сунъий интеллект: банк хизматларида янги имкониятлар
Банкимиз томонидан сунъий интеллектга асосланган 20 дан ортиқ лойиҳа устида ишлар давом этмоқда. Улардан 5 таси амалиётга тўлиқ жорий этилган.
Хусусан, бизнес-режа тайёрлашда сунъий интеллект ёрдамчиси. Мазкур тизим тадбиркор тақдим этган маълумотлар асосида бизнес-режани автоматик шакллантиради. Натижада аввал 2–3 кун давом этган жараён 5 дақиқага қисқарди. Бугунга қадар 30 нафар юридик шахсга 2,4 миллиард сўмлик кредит ажратилди, дастлабки текширув босқичида вақт 70 фоизга тежалишига эришилди.
Яна бир лойиҳа асосида, мижозларга хизмат кўрсатиш жараёнига аватарли виртуал ёрдамчи ҳам жорий этилди. У реал вақтда саволларга жавоб беради, банк маҳсулотлари ҳақида маълумот тақдим этади ва айрим тўловларни амалга ошириш имконини беради. Тизим ўзбек, рус ва инглиз тилларида ишлаши мижозларга янада қулайлик яратмоқда.
Банкнинг яна бир муҳим рақамли ечими — «BRB-GPT» чатботи. У кредит, омонат, тўловлар, валюта курслари ва банк офислари ҳақида 24/7 режимда маълумот беради. Бугунга қадар чатбот орқали 20 дан ортиқ фойдаланувчининг 90 мингдан ортиқ мурожаатига жавоб берилди.
Шунингдек, банкда RPA технологиялари асосида ички жараёнлар автоматлаштирилмоқда, TTS-STT ечимлари орқали овозли хизматлар ривожлантирилмоқда. “Видеоаналитика” лойиҳаси эса, офисларда мижозлар оқими ва хизмат кўрсатиш жараёнларини таҳлил қилиш орқали самарадорликни оширишга хизмат қилмоқда.
Муҳими, бу лойиҳаларнинг барчаси бир мақсадга — замонавий технологиялар орқали мижоз учун янада тезкор, қулай ва сифатли банк хизматларини яратишга қаратилган.
Хулоса ўрнида
Мухтасар қилиб айтганда, мустақилликнинг 35 йиллиги биз учун нафақат ўтган йўлга назар ташлаш, балки келгуси тараққиёт мезонларини белгилаш палласи ҳамдир.
Бугунги банк учун эса бу мезонлар аниқ:
хизмат – янада қулай бўлиши;
қарор – тез қабул қилиниши;
молия – манзилли йўналтирилиши;
технология – инсонга хизмат қилиши;
кредит – натижа бериши;
маҳалла – иқтисодий имкониятга айланиши керак.
Фикримизча, шу йўл билангина банк тизими ислоҳотларнинг оддий иштирокчиси эмас, балки уларни юртдошларимиз ҳаётига таъсирчан натижага айлантирувчи муҳим институтга том маънода айланади.
Зеро, иқтисодий ислоҳотларнинг энг тўғри ўлчоқи – мураккаб рақамлар эмас. Уларнинг натижаси инсонлар ҳаётида қанчалик акс этишидир.
Сахи Aннакличев,
“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Бошқаруви раиси




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0