БМТ, Финляндия ва Нидерландия Ўзбекистоннинг сув соҳасидаги ислоҳотларини юқори баҳолади
Ўзбекистоннинг сув ресурсларини бошқариш соҳасида амалга ошираётган ислоҳотлари халқаро майдонда тобора кенг эътироф этилмоқда. Бу БМТ, Финляндия ва Нидерландия расмийлари билан ўтказилган учрашувларда яна бир бор таъкидланди.
БМТ Бош котиби ўринбосари ҳамда БМТ Тараққиёт дастури администратори ўринбосари Хаолян Сюй Ўзбекистон сув хўжалигида қисқа вақт ичида эришган натижалар ва инновацион ечимларни жорий этиш суръатлари катта таассурот қолдирганини билдирди. Унинг таъкидлашича, бу ютуқлар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасидир. БМТ Тараққиёт дастури ушбу соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини маълум қилди.
БМТ Бош котибининг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Ли Цзюньхуа билан музокараларда сув хавфсизлиги ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистон ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Сув тежаш бўйича Бутунжаҳон форумига БМТ мақомини бериш ҳамда уни доимий глобал мулоқот майдонига айлантириш таклифи қўллаб-қувватланди. БМТ мазкур форумни юқори даражада ташкил этиш учун ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
Финляндиянинг сув масалалари бўйича махсус элчиси Антти Раутаваара Ўзбекистонда сув хавфсизлиги давлат сиёсатидаги устувор йўналишлардан бирига айланганини юқори баҳолади. Учрашувда трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш, БМТнинг халқаро сув конвенциялари доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда давлат, илм-фан ва хусусий секторни бирлаштирувчи Finnish Water Forum тажрибасини Марказий Осиёда жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Нидерландиянинг сув ресурслари бўйича махсус вакили Майке ван Гиннекен билан учрашувда иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларини бошқариш, трансчегаравий ҳамкорлик ва Европа тажрибаси юзасидан фикр алмашилди. Нидерландия томони ҳатто сув ресурсларига бой мамлакатларда ҳам сув танқислиги долзарб муаммога айланаётганини таъкидлаб, бу йўналишда халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ошиб бораётганини қайд этди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда амалга оширилаётган сув ислоҳотлари юқори баҳоланиб, ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.
Учрашувлар якунлари Ўзбекистон сув ресурсларини самарали бошқариш, сув дипломатиясини ривожлантириш ва барқарор тараққиётни таъминлаш борасида халқаро ҳамжамиятнинг ишончли ҳамкори сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаб бораётганини яна бир бор намоён этди.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0