Болаларда миопия кўпинча мактабга чиқиш даврида аниқланмоқда–мутахассис
Болаларнинг кўриш қобилияти пасайиб бораётгани ҳақида кўп гапирилмоқда,бироқ маъсулиятли ота-она сифатида биз доим ҳам фарзандимиз соғлигига эътибор қаратмоқдамизми?

Дарс тайёрлаш, китоб ўқиш, мулоқот қилиш, ҳатто ҳордиқ чиқариш ҳам кўп ҳолларда экран қаршисида кечади. Энг ташвишли жиҳати шундаки, кўриш қобилиятининг пасайиши инсон ҳаётига бирданига кириб келмайди. Аввалига узоқдаги ёзувлар хиралашади, синф тахтасидаги ҳарфларни илғаш қийинлашади ёки кўз тез чарчай бошлайди. Бу белгиларга эса кўпинча эътибор берилмайди. Оқибатда муаммо бола кўзойнак тақишга мажбур бўлганида ёки навбатдаги тиббий кўрикда аниқланади.
Миопия, яъни яқиндан кўриш ҳолатида инсон яқиндаги нарсаларни нисбатан аниқ, узоқдагиларни эса хира кўради. Бу ҳолатда ёруғлик нурлари тўр пардада эмас, унинг олдида фокусланади. Бунга кўз олмасининг узунлиги ёки кўзнинг оптик хусусиятлари сабаб бўлиши мумкин. Миопиянинг келиб чиқишида ирсий омиллар муҳим ўрин тутади. Ота-онада миопия мавжудлиги болада ҳам бу ҳолат ривожланиш эҳтимолини оширади. Бироқ муаммони фақат ирсият билан изоҳлаш тўғри эмас. Яқин масофадаги нарсаларга узоқ вақт тикилиш, очиқ ҳавода кам бўлиш ва кундалик ҳаётда экранлардан меъёрсиз фойдаланиш ҳам, айниқса, болаларда миопиянинг пайдо бўлиши ва кучайиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шу ўринда бир жиҳатни унутмаслик керак: гаджет экранидан чиқадиган ёруғликнинг ўзи кўз олмасини узайтиради, деган хулоса илмий жиҳатдан тўғри эмас.
Муаммо, асосан, экрандан фойдаланиш давомийлиги, яқин масофага тикилиш, очиқ ҳавода ўтказиладиган вақтнинг қисқариши ва бошқа омиллар билан боғлиқ.
Миопиянинг хавфли томонларидан бири унинг дастлабки босқичларда сезилмаслиги. Буни шахсий тажрибамда ҳам ҳис қилганман. Узоқдаги нарсаларни аввалгидек тиниқ кўрмаётганимни пайқаган бўлсам-да, кўзим кўзойнак тақиш даражасида эканини тасаввур қилмаганман. Кейинчалик кўриш қобилиятим −2 диоптриягача пасайганини билдим. Бу ҳолат биргина менга хос эмас. Кўпчилик кўриш қобилияти аста-секин пасайиб бораётганини ўз вақтида англамайди. Айниқса, болаларда муаммони аниқлаш янада қийин. Чунки улар ўзларидаги ўзгаришни катталарга тўғри тушунтириб бера олмаслиги ёки хира кўришни одатий ҳол деб қабул қилиши мумкин.
Республика кўз касалликлари шифохонасида фаолият юритувчи олий тоифали офтальмолог Дилшод Жалиловнинг таъкидлашича, болаларда кўриш қобилиятининг хиралашишига бир нечта омил таъсир кўрсатади.
— Умуман олганда, болаларда кўриш қобилиятининг хиралашиши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бунда гаджетлардан кўп фойдаланиш билан бир қаторда, экологик омиллар ва бошқа сабабларни ҳам инобатга олиш керак. Қуруқ кўз синдроми ҳам тез-тез учрайди. Унинг белгилари мавсумга ва кўзнинг қанчалик зўриқишига қараб кучайиши ёки сусайиши мумкин. Миопия, гиперметропия, астигматизм каби рефракция бузилишлари ҳамда кўз чарчаши турли ёшдаги инсонларда учрайди. Кўришни тузатишда кўзойнак ва тегишли ҳолатларда лазер коррекцияси каби усуллар қўлланилади, — дейди шифокор.
Кўриш қобилиятини тузатиш имкониятлари мавжуд. Бироқ муаммони ўз вақтида аниқлаш ва унинг кучайишининг олдини олиш анча муҳим. Зеро, ҳар бир касалликни даволашдан олдин унинг ривожланиш хавфини камайтириш ҳақида ўйлаш лозим.
Шифохонада кўрикдан ўтиш учун келган беморлар билан суҳбатлашар эканман, кўриш билан боғлиқ шикоятлар орасида мактаб ёшидаги болаларга тааллуқли ҳолатлар ҳам эътиборимни тортди. Айримлар кўз ачишиши ва қизаришидан шикоят қилса, бошқалар узоқни хира кўраётгани сабаб кўзойнак танлаш учун келган.
Бироқ болада миопиянинг аниқланиши ҳар доим ҳам унинг айнан шу пайтда пайдо бўлганини англатмайди. Кўриш қобилиятидаги ўзгаришлар аввалроқ бошланган, аммо ота-она ёки боланинг ўзи буни сезмаган бўлиши мумкин.
Биринчи тоифали болалар офтальмологи Камола Абдумаликова айтишича, миопияси бор болаларни мунтазам назорат қилиб бориш муҳим.
— Миопияси бор болаларга ҳар олти ойда офтальмолог кўригидан ўтиш тавсия этилади. Чунки бола ўсиши билан кўз олмаси ҳам ўзгариши, миопия даражаси эса ортиши мумкин. Шунинг учун кўриш қобилиятини мунтазам текшириб, кўзойнакни ўз вақтида мослаштириш зарур. Болаларга кунига тахминан икки соат очиқ ҳавода бўлишни ва 20–20–20 қоидасига амал қилишни тавсия этамиз. Яъни ҳар 20 дақиқада экрандан кўзни узиб, тахминан 6 метр узоқликдаги нарсага 20 сония давомида қараш керак. Болаларда миопия кўпинча мактабга чиқиш даврида аниқланади. Улар тахтадаги ёзувларни кўра олмаслиги ёки узоқдаги нарсаларни ажратишда қийналиши мумкин, — дейди мутахассис.
Шифокорнинг фикрларидан келиб чиқиб, ота-оналар учун муҳим хулоса шуки, боланинг дарсларни ўзлаштиришидаги қийинчиликлар ҳар доим ҳам эътиборсизлик ёки ўқишга қизиқишнинг пастлиги билан боғлиқ эмас. Баъзан бунинг ортида кўриш қобилиятининг пасайиши турган бўлиши мумкин.
Шу боис бола телевизорга яқин ўтирса, китобни кўзига яқин олиб ўқиса, кўзини тез-тез қисиб қараса ёки мактабдан қайтгач бош оғриғидан шикоят қилса, бундай белгиларни эътиборсиз қолдирмаслик керак. Бу аломатлар ҳар доим ҳам миопияни англатмайди, аммо офтальмолог кўригидан ўтиш учун асос бўла олади.
Мени қизиқтирган яна бир савол кўриш қобилияти пасайгани ўз вақтида аниқланмаса, бу келажакда тўлиқ кўрликка олиб келиши мумкинми?
Миопиянинг оддий шакллари, одатда, ўз-ўзидан тўлиқ кўрликка сабаб бўлмайди. Кўзойнак ёки контакт линзалар ёрдамида кўришни тузатиш мумкин. Бироқ юқори даражали миопияда тўр парда ажралиши, глаукома ва бошқа жиддий асоратлар хавфи ортади. Шу сабабли кўриш қобилиятининг пасайишини шунчаки кўзойнак билан ҳал қилинадиган масала деб қабул қилиш ҳам тўғри эмас.
Бундан ташқари, болалик даврида кўришнинг айрим бузилишлари ўз вақтида аниқланмаса, кўриш тизимининг тўғри ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, амблиопия — халқ орасида «дангаса кўз» деб аталадиган ҳолат — болаликда даволанмаса, кўриш қобилиятининг доимий пасайишига олиб келиши мумкин.
Демак, муаммонинг олдини олиш учун оғир асоратлар пайдо бўлишини кутиш шарт эмас. Кўздаги ҳар қандай ўзгаришга бефарқ бўлмаслик ва мутахассис тавсияларига амал қилишнинг ўзи муҳим қадамдир.
Яна бир масала, бугун болаларнинг қўлидан смартфонни олиб қўйиш ҳақида кўп гапирамиз. Аммо унинг ўрнига нимани таклиф қиляпмиз? Агар бола бўш вақтини ҳаракатли ўйинлар, спорт, китоб мутолааси ва табиат қўйнидаги сайр билан ўтказиш имконига эга бўлса, экран қаршисида ўтказадиган вақти ҳам табиий равишда қисқариши мумкин.
Бунинг учун ота-она намуна бўлиши, мактабларда кўз саломатлигига эътибор кучайтирилиши, профилактик кўриклар аҳамияти кенг тушунтирилиши лозим. Зеро, боладан телефонни камроқ ишлатишни талаб қилиб, катталарнинг ўзи соатлаб экрандан кўз узмаса, бундай талабнинг самараси ҳам чекланган бўлади.
ЎзЖОКУ журналистика факулътети
3-босқич талабаси
Шоира Тонготарова







