“Бу йил бандликни таъминлаш ва камбағалликни камайтиришда ҳал қилувчи йил бўлади” – Президент
Қайд этилишича, бу йил 5 миллион 200 минг аҳоли банд қилиниб, 1,5 миллион одам камбағалликдан чиқарилади.
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 3 февраль куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва инвестициялар жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан йиғилиш ўтказди.
Йиғилиш аввалида давлат раҳбари бу борада ўтказилган аввалги йиғилишларда белгилаб олинган вазифалар хусусида ҳам тўхталиб, “2025 йил бандликни таъминлаш ва камбағалликни камайтиришда энг муҳим ва ҳал қилувчи йил бўлиши”ни таъкидлади.
Қайд этилишича, бу йил 5 миллион 200 минг аҳолини банд қилиб, 1,5 миллион одамни камбағалликдан чиқариш, 42 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиб, экспортни 30 миллиард доллардан ошириш ҳисоб-китоб қилинган.
Йиғилишда, шунингдек, жорий йил январь ойида 277 минг фуқаро ишли бўлгани, шундан 91 минг нафари доимий ишга жойлашгани ҳамда 153 минги тадбиркорликка жалб қилингани айтиб ўтилди.
“Камбағалликни қисқартириш бўйича 32 та йўналишда янги ёндашувлар жорий этилмоқда. Яқинда вазирлик ва ҳокимликлар мутахассисларидан иборат гуруҳлар Хитойга бориб, тажриба алмашиб келди. Энди жойлардаги имкониятлар аҳолига тушунтирилиб, даромад топишга кўмаклашилади.
Иш ўринлари ва инвестиция ўзаро боғлиқ. Бу йил қарийб 14 миллиард долларлик 8 мингта лойиҳани амалга ошириб, 272 мингта доимий иш жойи яратиш режалаштирилган”, – дейди давлат раҳбари.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўтган ойда Ўзбекистонга 3 миллиард доллар хорижий инвестиция келган. Февраль ойида ҳам шунча инвестиция олиб келиш, 623 та лойиҳани ишга тушириш кўзда тутилган.
Йиғилишда лойиҳалар бўйича манзилли ишлаб, суръатни кескин ошириш зарурлиги таъкидланди.
Йил бошидан буён экспорт ҳажми 1 миллиард 300 миллион долларга етган. Мутасаддиларга хорижий ҳамкорлар билан ишлаб, тадбиркорларга ташқи бозорларга чиқишга кўмаклашиш, янги корхоналарни экспортга жалб этиш бўйича топшириқлар берилди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0