Бу йил Тошкент вилоятида 48 мингга яқин бола дам олдирилади
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан “Гулзор” соғломлаштириш оромгоҳида 2024 йилда болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумини кўнгилли ўтказиш юзасидан семинар ташкил этилди.

Унда вилоят кенгаши раиси С.Файзиева, тегишли тармоқлар вакиллари, Ички ишлар ҳамда фавқулодда вазиятлар бошқарма масъуллари, шифокор ва ҳамширалар, санитария ва эпидемиология марказларидан бириктирилган ҳамда бошқа тегишли ходимлар иштирок этди.
Семинарда дам олиш ва соғломлаштириш жараёнларида болаларни мунтазам тиббий кўрикдан ўтказиш, улар ўртасида турли хил юқумли касалликларнинг олдини олиш, бирламчи тиббий ёрдамлар кўрсатиш, хавфсизлик каби масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирда бу йилги мавсумни жорий йил 5 июндан бошлаш режалаштирилганлиги айтилди. Маълум қилинишича, бу йилги мавсум давомида вилоятда жами 166 та оромгоҳ фаолият юритади, уларда 48 минг нафарга яқин болаларнинг соғломлаштирилиши режалаштирилган.
Шунингдек, оромгоҳларга 1 минг 400 нафардан зиёд педагог, 230 нафар тиббиёт ходими, 220 нафар ички ишлар, миллий гвардия, ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари бириктирилади.
Мавсум фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, аниқланган камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида апрель ойидан бошлаб Тошкент вилояти кенгашида махсус штаб ташкил этилган. Жорий йилнинг 5 июнидан бошлаб, унда куну тун навбатчилик йўлга қўйилиши, ҳар кунлик маълумотлар республика штабига ҳамда мутасадди бошқарма ва идораларга тақдим этилиб борилиши айтиб ўтилди.
Марҳабо ҲАЛИЛОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши етакчи мутахассиси







