Бухоро ва Навоийда “Ishonch” кунлари ўтказилди
Айни кунларда “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталарининг ижодий жамоаси республикамиз бўйлаб муштарийлар билан ижодий учрашувларни ўтказиб келмоқда. Ана шундай учрашувларнинг навбатдагиси Бухоро ҳамда Навоий вилоятларида бўлиб ўтди.

Муштарийлар ҳар йили интиқиб кутадиган бу мулоқотда таҳририят бош муҳаррири ўринбосари Жаҳонгир Наҳанов ҳамда бўлим муҳаррири Алижон Абдураҳмоновлар қатнашди. Масъуллар ҳар иккала тадбирда сўзга чиқиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси муассислигида фаолият олиб бораётган газета мана, бир неча йилдирки, оммабоплик борасида мамлакатимизнинг етакчи газеталари сафини эгаллаб келаётгани, бугун таҳририят жамоаси олдида турган вазифалар борасида гапирди.

— Бу каби юзма-юз мулоқотлар, газета мазмун-мундарижасини белгилаб олиш билан бирга, мавзулар доирасини кенгайтиришга, газетхонлардан таклиф ва тавсиялар олишда муҳим аҳамият касб этади, — дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Навоий вилояти кенгаши раиси Феруза Раҳимова. — “Ishonch” газетаси фикрларга очиқ майдон. Бу давомли бўлсин. Шунингдек, инсон саломатлиги учун муҳим деган рукн ташкил этилса ва унда соғлик учун фойдали бўлган тавсиялар, мутахассислар фикрлари берилса деган таклифни бераман.

Бугунги кунда газета муштарийлари сони 35 мингдан зиёдни ташкил этади. “Ishonch.uz” номи остида фаолият олиб бораётгани телеграм канали ҳамда сайтида 50 мингга яқин кузатувчилар фаолият билан танишиб борадилар. Таҳририятнинг ютуб платформаси ҳам кундан кунга оммалашиб бораётгани эътирофга лойиқ. Энг муҳими, таҳририят Ўзбекистондаги энг оммабоп конверген таҳририятга айланиб бормоқда.

Бу аввало таҳририят муассисининг газетани ривожлантириш, молиялаштириш йўлидаги ҳаракатлари, ижодий жамоанинг тинимсиз изланишлари натижаси деб айтиш мумкин.

— “Ishonch” газетаси таҳририяти томонидан чексиз ахборот оқими ресурслари орасида рақобатбардошлилигини сақлаб қолиши учун барчамизга айён бўлган замонавий дизайн, жанрлар хилма-хиллигига эътибор қаратишдан ташқари яна қандай стратегик чоралар белгиланган, — деди муштарийлардан бири Лола Жўраева. — Газетада мавжуд рукнлар ўз долзарблиги билан ажралиб туради, шу ўринда менда савол пайдо бўлади: таҳририят томонидан аудиториянинг ахборот борасидаги қизиқиши, талаби доимий равишда ўрганилиши йўлга қўйилганми?

Суҳбат асносида муштарийлар эркин мулоқотга чақирилди, улар томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар берилди. Тадбир сўнгида “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталарининг бир гуруҳ фаол муштарийларига таҳририятнинг эсдалик совғалари топширилди.
Умид Худойқулов,
Дилдора Иброҳимова,
“Ishonch” мухбирлари
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Жамият





