“Эчкига жон, қассобга ёғ қайғуси”
Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шахобчалари (газ “заправкалар”) фаолиятига “қисқа” муддатли киритилган чеклов қишга “пухта тайёргарлик” кўрилганлигини кўрсатмоқда.
Хабарда урғу берилган тегишли ахборот манбалари хусусан “Авто-24” иловаси орқали онлайн маълумот бериш хизматидан барча “мамнун” бўлаётгани ҳам рост. Масалан, самарқандликлар бу илованинг ўта суст ишлаётгани, ёпиқ ҳолда турган газ тўлдириш шаҳобчасининг очиқ, дея хабар берилиши, шаҳобчалардаги газ нарх навосидаги тафовутлардан беҳад “маъмнун”.
– Илова орқали берилаётган маълумотларга ишонишни ҳам ишонмасликни ҳим билмай қолдик, – дейди ҳайдовчи Сулаймон Ҳолиқов. – Кеча Самарқанд атрофидаги “газ бор” белгиси кўрсатилган бир қанча шаҳобчаларга бордим. Сарсон бўлганим қолди. Барчасида ёнилғи сотилмасдан, эшикларини маҳкам ёпиб олган. Роса уч-тўрт соат газ излаб оввора бўлганим қолди.
Газга мослаштирилган автотранспорт воситаси соҳиблари икки кундирки барча ишларини йиғиштириб, ёнилғи қуйиш учун каллаи саҳарлаб турнақатор тизилган навбатларнинг олдинроғидан жой олишга интилмоқда.
Газ, беҳуда кетаётган вақт ташвишларидан ёнаётган юракларга биржа савдоларига чиқарилаётган автобензин ҳажми вақтинчалик икки карра оширилгани ҳақидаги хабари сув сепгандек бўлганди. Аммо бу хабар ҳам “галичка” учунлиги аёнлашди қўйди. Масалан, икки кундирки Самарқанд вилоятидаги бензин қуйиш шаҳобчаларида 80 (шпитр лақабли) бензин бирдан ғойиб бўлди.
– 80 бензини олиб келиш ташвишидамиз, – дейди Самарқанд автошоҳбекати ёнидаги шаҳобча ходимларидан бири. – Ҳужжатлар, барча расмиятчилик бажарилган. Бензин ҳам келиб қолар.
Газ йўқ ҳисоби. Арзон нархдаги 80 бензинни топиш амри маҳол, қайси метан заправкаси ишлаяпти, лимити неча соатга етади, деган саволга жавоб берадиган одамнинг ўзи йўқ. Истеъмолчини фойдали ахборот билан таъминлаш аҳволи аянчли. Энди хусусий таксилардаги кира ҳақининг каррасига ошгани, миллионлаб кишиларнинг ҳавога соврилаётган вақти ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Биздаги совуқ мавсумни “эчкига жон, қассобга ёғ қайғуси”га қиёсласа бўлади. Чала тараддуд учун бизни кечир қиш!
Нурилла ШАМСИЕВ,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0