Денис Истомин катта теннисдаги фаолиятини якунлади
Денис катта теннисда эришган натижалари эвазига “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвонини олган.
Ўзбекистонлик энг номдор теннисчилардан бири Денис Истомин профессионал спортчилик фаолиятини якунлади. Бу ҳақида спортчининг ўзи Девис кубоги доирасидаги Ўзбекистон - Польша учрашувидан сўнг маълум қилди.
Тадбирда Денис Истомин ўзбекистонлик ёш теннисчи Амир Милушевга қарши кўргазмали хайрлашув учрашувини ўтказди.
Шундан сўнг, спорт вазири Адҳам Икрамов сўз олиб, Денис Истоминнинг ўзбек спортида тутган ўрни, унинг ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида илиқ фикрлар билдирди. Ўз навбатида, Истомин бундай эътибордан мамнун эканлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Денис фаолияти давомида Лондон-2012, Рио-2016 ва Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган. 2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида олтин, шунингдек, Гуанжоу-2010 да 2 та кумуш ҳамда Инчеон-2014 да 1 та бронза медалига ҳам сазовор бўлган. 2012 йил ATP тасниф жадвалида 33-ўрингача кўтарилган. Мазкур ташкилот байроғи остида ўтган турнирларда 2 бор (2015, 2017 йиллар) бош совринни қўлга киритган. Ушбу натижалари эвазига “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланган.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0