Емоқнинг қусмоғи бор
Жамиятни ичидан емирадиган иллат бу порахўрлик. Пора олиш, пора билан ишни битказишга ҳаракат қилиш қабиҳлик, тараққиёт кушандаси, кечмишимиздаги улкан бало ва кулфатдир. Порахўрликнинг авж олиши давлат учун ҳам катта фожиадир.
Минг афсуски, бу балои азимни шууримиздан ювиб ташлаш осон бўлмаяпти. Гоҳо ишониб мундир кийдирилган кас, гоҳида амал берилган кимса эл ва давлат ишончини поймол қилмоқда. Жорий йилнинг ўтган ярим йилида 47 нафар амалдор пора билан қўлга олинган. Улар орасида 3 нафар прокурор, 5 нафар ҳоким ёрдамчиси, 1 нафар ҳоким, 5 нафар солиқ инспектори, 2 нафар кадастр ходими ва бошқа турли мансабда ўтирганлар бор.
Назари паст таъмагирлар телефон қурилмасидан бошлаб 6 миллион долларгача пора сўраганлиги аёнлашди. Нотавон кўнгилга қўтир жомашов, деганларидек бу олғирларнинг барчаси яна АҚШ долларида пора олишни афзал билишгани ғалати. Қўлга олинаётганда уларга берилган бошланғич улушни ўзи 560 638,38 АҚШ долларини ташкил этган. Бахтга қарши пора олиш жиноятини содир қилишда айнан бунга қарши кураш олиб бориши лозим бўлган прокуратура ходимлари етакчилар сафида.
Яқин ўтмишимизда жамиятни соғломлаштиришга бўлган илк уриниш прокуратурадан бошланганлигини яхши эслаймиз. Мансаб ваколатини суиистеъмол қилган, порахўрликка муккасидан кетган тизимнинг собиқ раҳбарияти муқаррар жазодан бенасиб қолмади. Тозалаш бўхрони натижа бергандек кўринсада соҳа “каламушлар”дан ҳоли бўлолмапти-да деган ўй келади кўнгилга.
– Прокуратура соҳасида ишлаб пора олиш бу давлатнинг кўзига чўп тиқиш билан баробар, – дейди кекса ҳуқуқшунос. – Бу иснод тизимда қандай қабул қилинаяпти. Сабоқ ва хулосалар бормикан? Ҳозирча сукунат...
Пора олиш жинояти олди қаторларида солиқчилар кетишаяпти. Ҳали бирор ишни қойил қилиб улгурмаган янги лавозим соҳиблари бўлмиш ҳоким ёрдамчиларининг ҳам қадамлари бежолиги кўриниб қолди. Ҳаш-паш дегунча уларнинг ҳам беш нафари нафс балосига гирифтор бўлибди.
Жамиятнинг уйғоқ тафаккури кўзи кўр, қулоғи кар ёхуд онги паст эмас. Бугун ким ниманинг орқасидан пул топаётганлигини ҳамма англаш даражасига етган. Ана шундай бир шароитда пора олиб одамларнинг ишончини сўндираётган айрим амалдорларга қарата кўзларингни каттароқ оч порахўр дегинг келади.
Нурилла ШАМСИЕВ,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0