Европа Иттифоқи комиссияси Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятига юқори баҳо берди

Шу кунларда Европа Иттифоқи комиссияси масъул ходимлари мамлакатимизга ташриф буюришди.

08:56 | 20.03.2025
265
Европа Иттифоқи комиссияси Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятига юқори баҳо берди
Катталаштириш

Делегация аъзолари сафар асноси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида ҳам бўлишди ҳамда меҳнат муносабатлари, ташкилот ёки корхона ишчи-ходимларининг ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш каби масалалар борасида масъуллар билан мулоқот ўтказишди.

Меҳмонлар қайд этишганидек, охирги йилларда мамлакатимизда меҳнат соҳасида жуда кўп ижобий ишлар амалга оширилди. «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга берҳам берилиши шулар жумласидан.

— Айниқса, Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиб, унинг кўп конвенцияларини ратификация қилган ҳолда ходимларга муносиб меҳнат шарт-шароитлари яратишда юқори натижага эришилгани таҳсинга лойиқ, — деди Европа Иттифоқининг Европа комиссияси бўлими бошлиғи ўринбосари Алина Бойчук. — Шу билан бир қаторда, баъзи камчиликлар ҳам йўқ эмас. Улардан кўз юмолмаймиз. Масалан, мустақил жамоат ташкилотини тузиш учун белгиланган меъёрлар жуда кўп. Уларни камайтириш чораларини кўриш керак.

Ёки бўлмаса, қайсидир корхона-ташкилотда ишчи-хизматчилар иш ташласа, улар тегишли қоидаларга биноан, жавобгарликка тортилади. Назаримда, бу масалалар ҳақида жиддий бош қотириш лозим.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Юридик бўлими мудири Ҳамидулла Премқулов Алина Бойчукнинг ҳар икки эътирозига ўз муносабатини билдирар экан, айни пайтда мазкур масалалар тегишли тартибда назоратга олингани ва тез фурсатларда ижобий ҳал этилишини эслатиб ўтди.

Умуман, ўзаро савол-жавоб тариқасида кечган мулоқот мобайнида кўплаб ҳолатларга ойдинлик киритилди. Меҳмонлар ўзларини қизиқтирган барча мавзуларга жавоб олишди.

Амир АҲМЕДОВ

П.С: Мазкур ташриф Европа Иттифоқи комиссиясининг республика томонидан келгусида «GSP+» тизимини самарали қўллаш ва бенефициари мақоми мажбуриятлари бажарилиши юзасидан мониторинг даври якуни бўйича хулосасига бевосита таъсир кўрсатади.

Айни вақтда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади — мамлакатни жаҳоннинг иқтисодий ривожланган давлатларидан бирига айлантиришдир. Бу жараённинг асосий омили сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда жаҳоннинг етакчи бозорларига экспорт қилиш ҳисобланади. Экспорт ҳажмини оширишда турли савдо тизимларидан фойдаланиш катта аҳамиятга эга. Улардан бири «GSP+» имтиёзлар тизимидир. Ўзбекистон 2021 йил 10 апрелдан «GSP+» имтиёзлар тизимининг бенефициари ҳисобланади.

«GSP+» дастури Ўзбекистонга нима беради?

Дастурга тўлиқ аъзо бўлган давлат Европа Иттифоқи бозорларига 3 мингга яқин маҳсулотни божхона тўловларисиз экспорт, 3 минг 200 турдаги маҳсулотларни эса пасайтирилган ставкалар бўйича импорт қилиш имкониятига эга бўлади.

Мухтасар айтганда, юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Европа иттифоқи бозорларида эркин сотилиши, мамлакатга йирик миқдорда валюта кириб келиши, ўз навбатида, маҳсулотлар тури ва сифати ошиши, минг­лаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади