Кунлик, ҳафталик, ойлик иш соатларидан хабарингиз борми? – мутахассис жавоби

Меҳнат муносабатларида аксарият ҳолларда иш берувчи ва ходим ўртасида иш соати бўйича келишмовчиликлар юзага келиб туради. Юртимизда кўпчилик меҳнат шартномаси асосида ишлайди. Шартнома тузилаётганда иш берувчи билан иш вақтини келишиб олиш энг муҳим жараён ҳисобланади. Ходим ўз меҳнат ҳуқуқларини яхши билмаслиги оқибатида қонун бузилиш ҳолатлари юзага келади.

11:10 | 18.12.2023
•
1,040
Кунлик, ҳафталик, ойлик иш соатларидан хабарингиз борми? – мутахассис жавоби
Катталаштириш

"Адолат" миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими Саламат Туремуратов иш вақтининг нормал давомийлиги, қисқартирилиши, ҳафтасига ва йилига неча соатдан ошмаслиги ҳақидаги муҳим саволларга жавоб беради.
1. Иш вақти ўзи нима?
Меҳнат қонунчилигига кўра, ходим ички меҳнат тартиб қоидаларига, сменаларга бўлиниб ишлаш (иш) жадвалларига, бошқа ички ҳужжатларга ёки меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнат мажбуриятларини қайси вақт мобайнида бажариши керак бўлса, ўша вақт иш вақтидир.
Демак, ходим ишлаши керак деб белгиланган вақт бу иш вақти. Ушбу вақт режимини меҳнат шартномасида ҳам кўрсатиб ўтиш мумкин. Шу боисдан, айрим ходимлар учун алоҳида иш вақти белгиланган бўлиши мумкин.
2. Иш вақтининг қандай турлари бор?
Иш вақтининг турлари қуйидагилардан иборат:

  • иш вақтининг нормал давомийлиги;
  • иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги;
  • тўлиқсиз иш вақти.

3. Иш вақтининг нормал давомийлиги деганда нима тушунилади?
Ходим учун иш вақтининг нормал давомийлиги беш кунлик ёки олти кунлик иш ҳафтасида ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган. Демак нормал иш вақти 40 соатдан ошиб кетса бу қонунбузилиши ҳисобланади. Аммо, айрим корхоналар ўзи учун алоҳида иш режими ва вақтини ишлаб чиқиши мумкин. Аммо ишлаб чиқилган иш режими ва вақти меҳнат қонунчилиги талабларига зид бўлмаслиги лозим.
4. Вояга етмаганлар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун иш вақти қандай бўлиши лозим?
Қонунчилигимизда айрим тоифадаги ходимлар учун уларнинг ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат шартлари, меҳнат вазифаларининг ўзига хос хусусиятлари ва бошқа ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда қонунчиликка ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланиши кўрсатилган.
Вояга етмаганлар учун ҳам камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланиши лозим. Уларга иш вақтининг давомийлиги ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган, ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига 24 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади. Ушбу ёшдаги вояга етмаганлар учун иш вақти камайтирилгани билан меҳнатга тўланадиган ҳақини камайтириш мумкин эмас. Бу эса уларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолати ҳисобланади.
Ўқиш пайти бўш вақтида ишлаётган вояга етмаганларга эса иш вақти бундан яна 2 баравар кам бўлиши лозим. Чунки, иш боланинг ўқиш учун имкониятларини чеклаб қўймаслиги лозим.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун эса иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади.
Шунингдек, иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга, иши юқори даражадаги руҳий, ақлий, асабий зўриқиш билан боғлиқ бўлган тиббиёт ходимларига, педагогларга ва бошқа тоифадаги ходимларга ҳамда уч ёшгача бўлган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийсига) нисбатан қўлланилиши мумкин.
5. Ҳар кунги иш вақти қанча бўлиши керак?
Ҳар кунги ишнинг (сменанинг) давомийлиги ўзига нисбатан иш вақтининг нормал давомийлиги белгиланган ходимлар учун:

  • олти кунлик иш ҳафтасида — етти соатдан;
  • беш кунлик иш ҳафтасида — саккиз соатдан ошиши мумкин эмас.

6. Ходимга иш вақтидан ташқари иш ҳам бериш мумкинми?
Иш берувчи томонидан ходимни ходим учун белгиланган иш вақти давомийлигидан ташқари ишга жалб этиш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади. Айрим зарур ҳоллардан бошқа ҳолларда иш вақтидан ташқари ишга фақатгина ходимнинг розилиги билан жалб қилиш мумкин. Бошқа ҳолатларда ходимнинг розилигисиз иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш тақиқланади. Шу билан бирга, иш вақтидан ташқари иш учун иш берувчи иш ҳақи ва компенсация тўловларини алоҳида тартибда амалга оширади.
Иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги ходим учун сурункасига икки кун давомида 4 соатдан (меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда — бир кунда 2 соатдан) ва йилига 120 соатдан ошмаслиги керак.
7. Ҳаммага иш вақти қисқартирилиши мумкинми?
Ҳа. Ишланмайдиган байрам кунлари арафасида ҳар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади. Байрамдан олдинги куни ишнинг (сменанинг) давомийлигини қисқартириш имкони бўлмаган тақдирда қўшимча дам олиш куни ёки ҳақ тўлаш орқали компенцасия қилинади.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади