Марказий банк “бир паспортга – бир банк картаси” ҳақидаги хабарларни рад қилиб чиқди
Бир муддат олдин ижтимоий тармоқларда, жумладан, “ishonch.uz” сайтида ҳам (таҳририят Spot нашрига, ушбу нашр эса МБ раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраевга таяниб ушбу маълумотни тарқатган, -таҳр.) битта жисмоний шахсга битта банк картаси берилиши бўйича меъёрлар ўрнатилаётганлиги тўғрисида хабар берилган эди.
Марказий банк мазкур ахборот ҳақиқатга тўғри келмаслигини ҳамда бу борада нотўғри маълумотлар тарқатилаётганлигини маълум қилмоқда.
“Банк карталари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операцияларнинг олдини олиш, фирибгарлик схемаларида жисмоний шахсларга тегишли ҳисобварақлар ва банк карталари иштирокини камайтириш мақсадида банклар томонидан битта жисмоний шахсга (битта ЖШШИРга) карталар сонини (виртуал ва кобейджинг карталарини инобатга олган ҳолда) вақтинчалик битта банкда 5 тагача, барча банкларда 20 тагача белгилаш масаласи кўриб чиқилмоқда”, – дейилади МБ баёнотида.
Шунингдек, бунда ушбу талаб чет эл валютасида очилган банк карталарига нисбатан татбиқ этилмаслиги айтилган.
Қайд этилишича, бугунги кунда банк карталарига эга жисмоний шахсларнинг қарийб 97 фоизида (22 миллионта) 5 тагача, 3 фоиз (770 мингта) жисмоний шахсда 5-20 гача ҳамда 0,03 фоизда ёки 7 мингта жисмоний шахсда 20 тадан ошиқ карталар расмийлаштирилган.
Жисмоний шахслар номига кўп миқдорда очилган банк карталарини таҳлил қилиш жараёнида, ушбу банк карталарининг бир қисмидан (аксарият ҳолатларда карта эгасининг хабари йўқ) фирибгарлик мақсадларида фойдаланилаётганлиги аниқланган.
Марказий банк муҳокама қилинаётган меъёрлар аҳолининг банк карталари орқали тўловларни амалга оширишда ноқулайликлар келтириб чиқармаслигини ва ушбу талаблар тижорат банкларининг банк карталарини эмиссия қилиш фаолиятини тартибга солишга қаратилганини таъкидламоқда.
Ўз навбатида, Марказий банк бу борада вазиятни мунтазам кузатиб боришини маълум қилган.
“Шунингдек, ушбу талаблар тўлиқ тайёр бўлгандан кейин журналистлар ва кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола қилинади”, – дейилади баёнотда.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0