Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи хорижий ОАВ нигоҳида

19:02 | 18.10.2026
•
20
Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи хорижий ОАВ нигоҳида
Катталаштириш

Сўнгги йилларда Марказий Осиё халқаро геосиёсат ва жаҳон иқтисодиётининг асосий бурилиш нуқталаридан бирига айланиб бормоқда. АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга, хусусан, қадимий Самарқанд шаҳрига ташрифи халқаро ҳамжамият ва нуфузли хорижий оммавий ахборот воситалари диққат-эътиборида бўлди. Дунёнинг етакчи нашрлари ушбу мулоқотларни шунчаки навбатдаги дипломатик учрашув эмас, балки АҚШнинг минтақадаги ҳамкорлигида муҳим ва ижобий бурилиш сифатида баҳоламоқда.
Халқаро оммавий ахборот воситалари Марко Рубионинг ташрифини турлича, аммо бир-бирини тўлдирувчи жиҳатлар орқали таҳлил қилмоқда. Хусусан, Reuters халқаро ахборот агентлиги ташрифни чуқур таҳлил қилиб, Қўшма Штатлар ташқи сиёсатида Марказий Осиёнинг тутган ўрни жадал ўсаётганига алоҳида урғу берди. Нашрнинг таъкидлашича: Вашингтон расмийлари табиий ресурсларга, шунингдек, юқори демографик ҳамда иқтисодий салоҳиятга эга Марказий Осиёни ўз ташқи сиёсатида устувор йўналиш деб билмоқда. Ушбу ташриф ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо ва инвестиция алоқаларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган амалий ҳамда аниқ натижаларга мўлжалланган қадамдир.
AFP ва у орқали мақолалари эълон қилинган Yahoo News ҳамда Barron’с каби нуфузли иқтисодий-сиёсий нашрлар Вашингтоннинг ушбу саъй-ҳаракатларини "Марказий Осиёда дипломатик фаолликка ўтиш" деб баҳолашди. Бу эса АҚШнинг минтақа, айниқса Ўзбекистон билан ҳамкорликни жадаллаштириш ва стратегик алоқаларни мутлақо янги даражага кўтариш учун жиддий ташаббусларни илгари сураётганини англатади.
Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи ва халқаро ОАВда берилган ижобий муносабатлар шуни кўрсатадики, Марказий Осиё глобал геостратегик харитада тобора муҳим ўрин эгаллаб бормоқда. АҚШнинг бундай эътибори Ўзбекистон олиб бораётган оқилона ва миллий манфаатларга асосланган ташқи сиёсатининг муваффақиятидир. Минтақа нафақат буюк давлатлар манфаатлари кесишадиган, балки ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли шериклик маконига айланиб бормоқда. Ўзбекистон эса ушбу жараёнларнинг доимий ташаббускори ва ҳаракатлантирувчи кучидир.

Дилдора ДЎСМАТОВА
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади