Одам савдосими ёки..? Ўнлаб йиллардан буён барҳам топмаётган муаммо бўйича мулоҳаза
ОАВ саҳифаларида “фалон қизларни хорижга сотиб юбораётган шахс қўлга тушибди” деган сарлавҳали хабарларни учратиб қоламиз. Лекин ҳаммасини била туриб йўлга чиқаётган аёллар камми? Туркия билан муносабатлар йўлга қўйилганига 35 йил бўлди, аёл-қизлар экспорти йўлга қўйилганига эса 30 йилдан ошди. Бу улкан саноатга айланди. БАА, Жанубий Кореяга қизлар сотилиши йўлга қўйилганига 25 йил бўлди, дейилади. Бу йўналишига 30 йилдан ошган. Афсуски эътиқодга ҳам, қарашларга ҳам, эркак билан ўртадаги ёш фарқига ҳам қаралмаяпти. Асосий талаб – пулни олдиндан олиш!
Ишсизлик ва бошқа муаммолар ортидан келиб чиқаётган мазкур иллат жамиятдан бутунлай супириб ташланганича йўқ. Албатта, беш қўл баробар эмас, гуруч курмаксиз бўлмайди деган гаплар ҳам бор. Миллионлаб ўзбеклар чет элда ҳалол меҳнат қилиб, тирикчилик қилмоқда. Бироқ ўзбекистонликлар ҳам глобаллашув таъсирида одам савдоси, фирибгарлик ва бошқа муаммоларга аралашиб қолишмоқда.
Одам савдоси ва унга қарши кураш деган жумлаларни чорак асрдан буён эшитиб келамиз. Бу нарса айниқса, 2000-йилларнинг бошидан буён бот-бот қулоққа чалина бошлади. Кейинчалик унинг олдини олишга қаратилган ишлар ҳам кучайди – тарғибот тадбирлари, қарорлар, плакатлар, тушунтириш ишлари ва ҳоказо. Аммо муаммо тўлиқ ечилмай қолаверди. Тўғри, одам савдосидан жабр кўрганлар ҳуқуқи бир қадар таъминланди, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам ҳушёрликни оширди. Аммо давлат ҳаракат қилгани билан айрим фуқаролар мазкур масалага енгил қарагани, баъзиларнинг эса фирибгарларнинг тегирмонига сув қўйгани масаланинг очиқ қолишига сабаб бўлмоқда.
Масалан, Туркияга ёки БАА, бундан ташқари Жанубий Кореяга бориб, у ерда номақбул ишлар билан шуғулланаётган, ёки маҳаллий фуқарога турмушга чиқиб, оғир аҳволга тушиб қолаётган аёлларимиз бор. Афсуски, уларнинг ҳам кўпчилиги бойлик умидида шундай аҳволга тушмоқда. Хорижга бориб “Мени алдашди, сотиб юборишди” дея кўзёш қилаётган қизларнинг кўпчилиги нима мақсадда бораётганини яхши билишади.
Туркия билан муносабатлар йўлга қўйилганига 35 йил бўлди, аёл-қизлар экспорти йўлга қўйилганига эса 30 йилдан ошди. Бу улкан саноатга айланди. Аммо 10-15 йилдан бери ўртакашларнинг ҳожати қолмади – ёш қизларнинг ўзлари йўлларини топиб боришяпти. БАА, Жанубий Кореяга қизлар сотилиши йўлга қўйилганига 25 йил бўлди, дейилади. Бу йўналишига 30 йилдан ошган. Афсуски эътиқодга ҳам, қарашларга ҳам, эркак билан ўртадаги ёш фарқига ҳам қаралмаяпти. Асосий талаб – пулни олдиндан олиш! Баъзи ўзбек аёллари шу қадар устомонки, минглаб Корея йигитларини чув тушириб кетишган.
30 йилдан бери индустрияга айланган жувонлар экспорти нега йўқолиб кетмаяпти? Билъакс, гуркираб ривожланмоқда. Чунки айримларда бир амаллаб виза олиш, жарақлатиб пулни ишлаш мақсади бўлган холос.
Диққат: албатта, ҳамма аёллар ҳам ёмон эмас. Ҳалол меҳнати билан пул топаётганлар жуда кўпчилик. Лекин “ёмоннинг ози” ҳам кўп!
Одам савдоси нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёдаги асосий муаммолардан бири саналади. Маълумотларга кўра, дунё бўйлаб айни пайтда тахминан 25 миллиондан ортиқ инсон мажбурий меҳнат ёки бошқа турдаги эксплуатация (замонавий қуллик) қурбони сифатида сақланмоқда.
Жинс ва ёш бўйича тақсимотга қарайдиган бўлсак, аниқланган одам савдоси қурбонларининг қарийб 70–75 фоизини аёллар ва қизлар ташкил этади. Уларнинг катта қисми жинсий эксплуатация ёки мажбурий никоҳлар тузоғига тушади. Қурбонларнинг учдан бир қисми эса вояга етмаган болалардир. Энг ёмон томони, одам савдоси жуда даромадли “касб” бўлиб, у билан шуғулланувчилар йилига ўртача 150 миллиард долларга яқин даромад олади. Ушбу инсоният фожиасига барҳам бериш бутун дунё муаммосига айланган иқтисодий, ижтимоий, маданий ва ҳуқуқий низоларни ҳал қилувчи кўп қиррали ёндашувни талаб қилади.
Барча аниқланган ҳолатларнинг тахминан 38 фоизи мажбурий меҳнатга, 50 фоизига яқини эса жинсий эксплуатацияга тўғри келади. Қолган қисми мажбурий никоҳлар, тиланчиликка мажбурлаш ва органларни олиб ташлаш билан боғлиқ (Хитой ва Жанубий Корея фуқароларига турмушга чиқиб, оғир аҳволга тушган ва ҳатто видеолари ижтимоий тармоқларга тарқалган айрим ўзбекистонлик қизларни эсланг).
Одам савдоси дунёнинг барча қитъаларида мавжуд, бироқ ижтимоий-иқтисодий шароитлар, қашшоқлик, можаролар ва миграция оқимлари туфайли айрим минтақалар бу жиноят учун асосий “ўчоқлар” ҳисобланади: Осиё-Тинч океани минтақаси бу муаммо бўйича етакчилардан бири саналади. Демографик ва иқтисодий кўрсаткичларга кўра, бу минтақа одам савдоси қурбонлари сони бўйича дунёда етакчилик қилади. Айниқса, Жануби-Шарқий Осиё давлатларида (Мьянма, Лаос, Камбожа, Таиланд) сўнгги йилларда сохта IT-компаниялар ва онлайн фирибгарлик лагерларига одамларни алдаб олиб бориб, мажбурий тарзда ишлатиш ҳолатлари кескин кўпайган. ОАВда эълон қилинган рақамларга кўра, одам савдоси билан шуғулланувчилар томонидан никоҳ ёки жинсий эксплуатацияга битта қурбон учун Жануби-Шарқий Осиёда 600-3000 AҚШ доллари, Шарқий Осиё ва Тинч океанида 10 000-15 000 AҚШ доллари тўланади.
Яқин Шарқда ҳам бу масала анча долзарб саналади. Айниқса Форс кўрфази давлатлари (БАА, Саудия Арабистони, Иордания, Қатар ва бошқалар) хориждан келадиган уй хизматчилари (энагалар, фаррошлар) ва қурилиш ишчилари кўп бўлган минтақа ҳисобланади. Бу ерда баъзи иш берувчилар томонидан ходимларнинг ҳуқуқларини чеклаш, маошини бермаслик каби мажбурий меҳнат аломатлари кўп кузатилади. Марказий ва Шарқий Европадан ғарбга йўналиш: иқтисодий қийинчиликлар ва ишсизлик юқори бўлган айрим ҳудудлардан чиқиб кетган аёллар Европанинг бой мамлакатларига жинсий ёки меҳнат эксплуатацияси мақсадида транзит қилинади. Европа Иттифоқи ҳудудида ҳам аниқланган қурбонларнинг салмоқли қисмини аёллар ташкил қилади.
Лотин Америкасида жиноий синдикатлар ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи тўдалар одам савдоси (кўпинча мажбурий жинсий эксплуатация ва криминал фаолиятга жалб қилиш) билан шуғулланади. Қўшма Штатлар ва Канада эса дунё бўйлаб кўплаб одам савдоси қурбонлари олиб келинадиган асосий манзиллардан биридир. Айтилишича, АҚШда ҳар йили 200 мингга яқин одам савдоси билан жиноят содир бўлади.
Африканинг ғарбий минтақаларидаги қуролли можаролар, беқарорлик ва табиий офатлар сабаб аёллар ва қизлар нафақат мажбурий меҳнат, балки қуролли гуруҳлар томонидан никоҳларга мажбурлаш ёки одам савдоси қурбонига айланиш хавфига ҳар куни дуч келади.
Афсуски, назоратнинг кучайиши, ажратилаётган маблағлар ва тарғиботга қарамай одам савдоси (унинг асосий қурбонлари аёллар эканини таъкидлаб ўтдик) камаймаяпти. Аксинча, яқин йилларда унинг ошиши кузатилган. БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) томонидан тайёрланган 2024 йилги Одам савдоси бўйича глобал ҳисоботга кўра, жиноятчилар кўпинча заиф вазиятлардаги одамларни нишонга олишади. Глобал одам савдоси 2019 ва 2022 йиллар оралиғида 25 фоизга ошди. Энг сезиларли ўсиш Саҳрои Кабирдан жанубий Африка, Шимолий Америка ва Ғарбий Европада қайд этилди.
Шу ўринда мақола бошидаги фикрларга қайтамиз. Ўзбекистон учун ҳам муаммо долзарблигича қолмоқда. Мамлакатда шукурки, уруш ҳам табиий офат ёки бошқа фалокат ҳам бўлаётгани йўқ. 38-39 миллион киши ризқини териб юрибди. Айтиб ўтмасак бўлмайди: одам савдоси жиноятчиларига айрим қиз-аёлларимиз билиб туриб эргашмоқда. Осон мўмай даромад топиш, чет элларда роҳат-фароғатда яшаш асосий мотив бўлиб қолмоқда. Шу ўринда эслатиб ўтмоқчимиз: ҳозирги глобализация замонида деярли ҳеч ким шунчаки яхшилик қилмайди.
Ҳурматли хотин-қизлар, сизнинг қўйнингизни пуч ёнғоққа тўлдириб, катта-катта ваъда беришни бошладими, ундай одамлардан узоқлашинг. Етарлича тил ва малака кўникмаларингиз бўлмаса, муҳожирликни танламаганингиз маъқул. Келишган шаҳзодага турмушга чиқиб бойиб кетиш кўпинча фақат киноларда учрайди, холос.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0