Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 627.0212.22

  • EUR

    13 494.50-132.01

  • RUB

    142.18-1.15

+21C

+21C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+21c

  • Hozir

    +21 C

  • 07:00

    +24 C

  • 08:00

    +27 C

  • 09:00

    +30 C

  • 10:00

    +31 C

  • 11:00

    +33 C

  • 12:00

    +34 C

  • 13:00

    +35 C

  • 14:00

    +35 C

  • 15:00

    +35 C

  • 16:00

    +35 C

  • 17:00

    +35 C

  • 18:00

    +34 C

  • 19:00

    +33 C

  • 20:00

    +31 C

  • 21:00

    +28 C

  • 22:00

    +27 C

  • 23:00

    +25 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Chorshanba, 19-June

+21C

  • Hozir

    +21 C

  • 07:00

    +24 C

  • 08:00

    +27 C

  • 09:00

    +30 C

  • 10:00

    +31 C

  • 11:00

    +33 C

  • 12:00

    +34 C

  • 13:00

    +35 C

  • 14:00

    +35 C

  • 15:00

    +35 C

  • 16:00

    +35 C

  • 17:00

    +35 C

  • 18:00

    +34 C

  • 19:00

    +33 C

  • 20:00

    +31 C

  • 21:00

    +28 C

  • 22:00

    +27 C

  • 23:00

    +25 C

  • Chorshanba, 19

    +21 +20

  • Payshanba, 20

    +22 +20

  • Juma, 21

    +23 +20

  • Shanba, 22

    +22 +20

  • Yakshanba, 23

    +25 +20

  • Dushanba, 24

    +24 +20

  • Seshanba, 25

    +23 +20

  • Chorshanba, 26

    +23 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Қонли «крокус» миграция томирига болта урдими?

Ўрмонга ўт кетса, ҳўл-қуруқ баробар ёнар экан. Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл»да 22 март куни содир этилган ва 139 нафар кишининг умрига зомин бўлган даҳшатли терактдан сўнг россияликлар орасида муҳожирларга нисбатан ксенофобия кескин ортиб кетди.
Сиёсат
321 14:33 | 29.03.2024 14:33

Россиянинг кўплаб ҳудудларида нафақат тожиклар, балки бошқа Марказий осиёлик мигрантлар ҳам таъқиб, инсон қадрини ерга урувчи муомала ва камситишларга учраяпти. Бу ҳолат, ҳатто, мактабларда ҳам содир бўлаётгани ижтимоий тармоқларга сиздирилаётган турли видеоларда акс этяпти. Муҳожирлар яшайдиган ҳудудларда, бозорларда, ётоқхоналарда, савдо нуқталарида, кўчаларда махсус рейдлар ўтказиляпти...


– Миграция давлат учун таҳдидга айланди. Бизнинг шаҳарларимизда қонун-қоидалар ва ўз параллель дунёсида яшаётган, Россия қонунлари етиб боролмаётган, аммо ваҳобийлик ақидалари ва туб аҳолига нафрат билан тўлиб-тошган армия мавжуд, – дейди терактга муносабат билдирган россиялик сиёсатшунос Николай Севостьянов.


Бундай қарашлар оддий одамлар билан бир қаторда турли даражадаги сиёсатчилар орасида ҳам баралла янграй бошлади. Эҳтимол, улар ҳақдирлар. Зеро, тинч аҳолини нишонга олган террорчилик хуружини асло оқлаб бўлмайди ва бундай вазиятда кўплаб россияликларнинг мигрантларга нисбатан муносабати ўзгарганини қайсидир маънода тушуниш мумкин. Аммо... террор бошқа бир террорга йўл очиши керакми?


Дарҳақиқат, сўнгги кунларда Россиянинг ички сиёсатида Марказий Осиё давлатларидан келган барча муҳожирларга нисбатан нафрат беихтиёр кучаймоқда. Ўтган бир неча кун ичида нисбатан барқарор миллатлар­аро тотувликка жиддий дарз кетди. Афтидан, террорчилик ҳужумининг буюртмачилари айнан шундай мақсадни ҳам кўзлаган кўринади. Aгар бу фараз тўғри бўлса, Москва яқинидаги теракт яқин келажакда Россия ва Марказий Осиё давлатлари учун катта фожиага айланиши мумкин.


Россияда ишлаётган муҳожирларга бепул маслаҳат берадиган ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик «Крокус Сити Холл»даги терактдан кейинги икки кун ичида унга Россия­даги хорижлик фуқаролардан 2,5 мингдан ортиқ қўнғироқ бўлганини айтади. Уларнинг тенг ярми полиция рейдлари ва ноқонуний ҳибсга олишлар билан боғлиқ. Муҳожирларнинг айтишича, уларни полиция ёки Миллий гвардия тўхтатиб, ФСБ (Федерал хавфсизлик хизмати) вакиллари билан «суҳбатлашиш учун» олиб кетган. Полиция нафақат Тожикистон, балки Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларини ҳам қаттиқ текширмоқда.


Аслида, меҳнат мигрантлари муаммоси билан боғлиқ мавзу бир неча йиллардан буён Россиянинг гоҳ у, гоҳ бу оммавий ахборот воситаларида бўй кўрсатиб келяпти. Россия Фанлар Академиясининг Демографик тадқиқотлар институтидан олинган маълумотларга қараганда, мамлакатда содир этилаётган жиноятларнинг бор-йўғи 2 фоизигина мигрантлар ҳиссасига тўғри келса-да (2022 йилги маълумот), ОАВ мигрантлар ўртасида жиноятчилик, Россия қонунларини менсимаслик каби ҳолатлар, ўз қонунлари асосида яшаётган мигрантлар маҳаллаларининг пайдо бўлаётгани миллий манфаатларга зид экани ҳақида мунтазам бонг ураётган эди.


Шундай бўлса-да, Россия иқтисодиётида мигрантларга эҳтиёж катта. Бундан бир ой аввал Владимир Путин мамлакат меҳнат бозорида икки ярим миллион нафар ишчи кучи етишмаётганини айтган эди. Молия университети проректори Aлександр Сафонов меҳнат муҳожирлари хизматидан бош тортиш Россия иқтисодиётига жуда катта зарар етказади. «Муҳожирларсиз қурилиш объектлари, уй-жой коммунал хўжалиги фаолияти тўхтайди. Қолаверса, муҳожирлар саноатнинг турли соҳаларида ҳам банд. Улар логистика, жамоат транспорти билан таъминлайди», дейди у.


Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) маълумотларига кўра, 2023 йилнинг биринчи чорагида Россияга ишлаш учун 1 миллион 300 минг нафар муҳожир кириб келган. Меҳнат муҳожирларининг асосий қисмини Ўзбекистон (630 859 нафар киши), Тожикистон (349 357), Қирғизистон (172 591), Aрманистон (47 337) ва Қозоғистон (34 783) фуқаролари ташкил этади.


Рақамлардан кўриниб турибдики, Россияда олиб борилаётган махсус ҳарбий амалиёт, чет эллик ишчилар учун шарт-шароитларнинг оғирлашаётгани ҳамда мамлакатимизнинг ўзида ҳам ишлаш учун имкониятлар озми-кўпми яхшиланаётганига қарамай, Ўзбекистон Россияга ишчи кучи етказиб бераётган давлатларнинг олдинги қаторида турибди. Бу ҳолат икки давлат ўртасида меҳнат мигрантларининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан боғлиқ келишувларни янги босқичга кўтариш заруратини юзага келтиради.


Aммо Россия учун муҳожирлар билан боғлиқ провокацияларга берилиш ўз жонига қасд қилиш билан тенг. Албатта, мигрантлар орасида номақбул унсурлар, жиноятчилар бор. Бу муаммони меҳнат миграцияси соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, мигрантларни жамиятга мослаштириш билан боғлиқ чора-тадбирлар орқали ҳал этиш механизмлари бор. Лекин шунинг баҳонасида ксенофобияни рағбатлантириш Россиянинг зарарига ишлаши аниқ.


Миграция бўйича эксперт, Россия Федерал Миграция хизмати директорининг собиқ ўринбосари (2016 йилда тугатилган) Вячеслав Поставниннинг фикрича, сиёсатчилар томонидан таклиф қилинаётган миграция билан боғлиқ ташаббусларда популизмнинг ҳиди келади. Чунки ҳозир тартибга солишни талаб қиладиган жиддийроқ муаммолар етарли: масалан, мигрантлар бўйича ахборот базаси, мигрантларнинг мослашуви ва интеграциясининг реал ишлайдиган тизимини яратиш лозим.


Келинг, Россияга қайси постсовет давлатларидан мигрантлар келаётганига эътибор қаратайлик. Бир вақтлар Болтиқбўйи мамлакатларидан меҳнат муҳожирлари кўп эди. Аммо ҳозир ҳеч ким у ердан Россия Федерациясига келишни истамайди – иқтисодий тафовут ўсиб бормоқда. Aйниқса, Литва ва Эстонияда. Беларусь Россия билан таққосласа бўладиган даражада ривожланган. Илгари Молдовадан келган кўплаб муҳожирлар Европа Иттифоқи билан виза режими ва Руминия паспортларини олишнинг қулайлиги туфайли асосан Европа Иттифоқига ишлагани боряпти. Озарбайжоннинг ўзи нефть ва газга бой бўла бошлади. Грузия ва Aрманистон ҳам бор – лекин улар нисбатан кичик давлатлар.


Демак, фақат Марказий Осиё давлатларидан келаётган мигрантлар қоляпти, холос. Aммо Қозоғистон ҳам бойиб кетди, у ерда иш ҳақи Россияникидан қолишмайди. Туркманистондан бораётган мигрантлар сони жуда оз. Минтақадаги аҳоли сони бўйича энг йирик ҳисобланган мамлакатимиз аҳолиси орасида ҳали ҳам Россияга бориб ишлаётганлар кўп. Лекин шу билан бирга, давлатимиз раҳбари бошлаган жуда катта ислоҳотлар ва жадал иқтисодий ривожланиш стратегияси ўз меваларини бера бошлади. Шундай экан, мамлакатимиз фуқаролари учун Россияга бориш қанчалик мантиқли, деган савол туғилади.


Россия пойтахтидаги теракт ва муҳожирларга нисбатан ксенофобия кучайиши фонида Қирғизистон ўз фуқароларига ҳозирча Россияга бормасликни тавсия қилди. Тожик диаспораси, ўз навбатида, муҳожирларга нисбатан зўравонлик кучайишидан қўрқиб, эҳтиёт бўлишни қатъий тавсия қиляпти. Ўзбекистон ҳам Россияда бўлиб турган фуқароларини шахсни тасдиқловчи ва мамлакатда бўлиш ёки ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни ўзлари билан бирга олиб юриш, жамоат жойларга сабабсиз бормаслик, нотаниш ёки шубҳали инсонлар билан мулоқотга киришмаслик, телефон ва бошқа қурилмаларда тақиқланган фото, аудио ва видео материалларни сақламаслик, сафар режалаштирилган бўлса, вокзал ёки аэропортга белгиланган вақтдан олдинроқ бориш каби огоҳлантириш билан чиқди.


Миграция бошқа демографик жараёнларга қараганда кўпроқ иқтисодий вазиятга боғлиқ. Бир томондан, Россиянинг иқтисодий муаммолари ва рублнинг заифлашиши миграция оқимининг камайишига олиб келади. Иккинчи томондан, Россия меҳнат бозорида кадрлар танқислиги фонида ишчи кучига бўлган катта талаб тобора сезиляпти. Шу боис мигрантлар ўзларига маъқулини танлашлари керак: пул кам, лекин осонгина иш топиш мумкин; эҳтимол, камситишлар бўлади, лекин буткул бегона тилни ўрганишга ҳожат йўқ. Лекин шуниси аниқки, Россиядаги ҳозирги ҳуқуқий ва иқтисодий вазиятда ушбу мамлакатга меҳнат миграцияси сезиларли даражада камаяди. Ана шундай бир шароитда фуқароларимиз яқин келажакда нисбатан барқарор Туркия, БAA, Қатар, Жанубий Корея ёки Европа Иттифоқи мамлакатларига бориб ишлашни маъқул кўра бошлашлари эҳтимоли анча юқори.


Жаҳонгир НАҲАНОВ
Ishonch.uz



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0