+29C

+29C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Осмонўпар бинолар: Хитой рекордчи, Европа эса Осиёдан анча орқада

Кўпгина шаҳарлар учун баланд ва чиройли бинолар ташриф қоғози саналади. Бунга Дубайни мисол қилиб келтириш мумкин. Осмонўпар бинолар инсоният муҳандисдик қудрати, меъморчилик чўққиси ва иқтисодий тараққиётининг муҳим рамзи ҳисобланади. XIX аср охирида пайдо бўлган бундай иншоотлар бугунги кунга келиб мегаполислар қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Улар дастлаб АҚШ шаҳарларида кўплаб қад ростлаган, кейинчалик бу тенденция Осиёга кўчди. Янги асрга келиб, Хитой ва Яқин Шарқдаги бой араб давлатлари баланд бинолар барпо этишда Ғарбни ортда қолдирдилар. Ҳозирга келиб, осмонга бўйлашган иншоотларнинг кўпчилиги айнан Осиё қитъасига тўғри келади.
Ўзгача ракурс
44 10:53 | 17.08.2026 10:53

Дунёда осмонўпар биноларни баҳолаш ва таснифлаш билан шуғулланувчи асосий халқаро ташкилот — Баланд бинолар ва шаҳар аҳоли масканлари кенгаши (CTBUH) ҳисобланади. Унинг стандартларига кўра, бино осмонўпар тоифага кириш учун камида 150 метр бўлиши керак. Одатда баландлиги 150 метр (492 фут) ва ундан юқори бўлган бинолар умумий баландликдаги тоифага киради. Супер-баланд (Supertall) баландлиги 300 метрдан 600 метргача бўлган бинолардир. Ниҳоят мега-баланд (Megatall) баландлиги 600 метрдан ортиқ бўлган ўта йирик иншоотлар 3-тоифага киради. Осмонўпар бинолар асосан йирик мегаполисларда, (Нью-Йорк, Токио, Шанхай, Дубай) ер майдони чекланган ва ўта қиммат бўлган ҳудудларда қурилади. Ер ва жой етишмовчилиги сабабли замонавий осмонўпар бинолар фақатгина офис ёки турар жой эмас, балки савдо марказлари, ресторанлар, боғлар ва меҳмонхоналарни жамлаган “мустақил микро-шаҳар” вазифасини бажаради.



Гарчи инсоният тарихи давомида йирик кўп қаватли бинолар ва шаҳарлар қурилган бўлса-да (масалан, Амир Темур қурдирган Оқсарой 70 метрдан ошган деган маълумотлар мавжуд) биринчи осмонўпар бино 1885 йилда қурилган ва 1931 йилгача сақланиб қолган Чикагодаги Суғурталаш биноси ҳисобланади. Дастлаб у 10 қаватли ва 42 метр баландликда эди. Кейинчалик, 1891 йилда яна иккита қават қўшилди ва бинонинг баландлиги 54,9 метрга кўтарилди. Лойиҳа муаллифи, америкалик меъмор Уильям Ле Барон Женни юк кўтарувчи рамкадан фойдаланадиган янги қурилиш технологиясини таклиф қилди. Анъанага кўра, юк кўтарувчи конструкция ролини ташқи деворлар бажарган. Пўлатнинг солиштирма мустаҳкамлиги энг юқори сифатли бетон, тош ёки ғиштдан тахминан 50 баробар юқори эканлигига асосланиб, бинолар ташқи ва ички деворларни қўллаб-қувватловчи пўлат рамкага таянишни бошлади. Юк кўтарувчи рамка конструкциянинг умумий оғирлигини деярли учдан бир қисмга камайтиришга имкон берди. Меъмор бошқа юк кўтарувчи иншоотлардан бутунлай воз кечишга иккиланди, шунинг учун бинода юк кўтарувчи орқа девор ва гранит устунлар ҳам мавжуд эди. Юк кўтарувчи пўлатдан ясалган рамкага ўтиш 1891 йилда Сент-Луис шаҳрида меъмор Луис Салливан томонидан лойиҳалаштирилган 11 қаватли Уэйнрайт (Wainwright) минораси қурилишида тўлиқ амалга оширилди. Уэйнрайт минораси ҳам ҳақли равишда биринчи осмонўпар бино номига даъво қилиши мумкин.



Хитой бугунги кунда дунёда осмонўпар бинолар қурилиши бўйича мутлақо сўзсиз етакчи ҳисобланади. Охирги ўн йилликлар давомидаги шиддатли иқтисодий ўсиш ва урбанизация жараёнлари туфайли Хитой мегаполисларининг қиёфаси бутунлай ўзгариб кетди. Маълумотларга кўра, ушбу давлатда баландлиги 150 метрдан ортиқ бўлган 3600 дан зиёд осмонўпар бинолар ишлаб турибди. Бу кўрсаткич бўйича Хитой бошқа барча давлатлардан катта фарқ билан олдинда (солиштириш учун иккинчи ўриндаги АҚШда бундай бинолар сони мингтага ҳам етмайди).



Shanghai Tower | Projects | Gensler



Хитойдаги энг баланд бино Шанхай минораси саналади – у 632 метр баландликка эга ва 128 қаватдан иборат. Шанхай минораси қурилиши 2015 йилда якуланди. Ўша пайтда у Дубайдаги Бурж Халифадан (828 метр) кейин дунёдаги иккинчи энг баланд осмонўпар бино мақомига сазовор бўлган. Кейинчалик қурилган баъзи миноралар ундан ҳам баландроқ бўлиши керак эди. Масалан, Шенчжендаги Пиньан молиявий маркази 660 метрга етиши керак эди. Аммо мазкур рекорд ҳеч қачон амалга ошмади. Қурилиш жараёнида Шенчжен осмонўпар биносининг баландлиги 599 метргача туширилди: антеннадан воз кечишга тўғри келди. Бу ҳаво йўллари билан боғлиқ муаммолар билан изоҳланди. Ва янги баландликлар кутилмаяпти. 2020 йилдан бери бутун Хитой бўйлаб режалаштирилган биноларнинг баландлигини 500 метрдан оширишни тақиқловчи қонун кучга кирди.



China built more skyscrapers in 2018 than ever before | CNN



Хитой осмонўпар бинолари шунчаки офислар эмас. Уларнинг ичида бутун бошли экотизимлар — турар жойлар, беш юлдузли меҳмонхоналар, ресторанлар, кинотеатрлар, шинам боғлар ва метро станциялари билан боғланган ер ости савдо мажмуалари мавжуд. Кўплаб хитойлик муҳандислар биноларни қуришда замонавий технологиялардан, хусусан, зилзила ва кучли тайфунларга қарши турувчи махсус маятникли тизимлардан (Tuned Mass Damper) кенг фойдаланишади.



Гарчи баланд бинолар сони бўйича Хитойдан анча орқада қолган бўлсада, осмонўпар қурилишлар маданияти ва тарихи айнан АҚШдан (Нью-Йорк ва Чикаго шаҳарларидан) бошланган. АҚШ бу турдаги биноларнинг архитектураси ва кўлами бўйича етакчилардан биридир. Мамлакатда 900 дан ошиқ осмонўпар иншоотлар мавжуд. Қўшма Штатлар баланд бинолар бўйича Хитойдан ортда қолиб кетганининг бир қанча сабаблари бор: сўнгги йилларда инфляцияни жиловлаш учун АҚШ Федерал захира тизими томонидан кредит фоиз ставкаларининг оширилиши осмонўпар бинолар каби миллиардлаб долларлик маблағ талаб қиладиган улкан лойиҳаларни кредитлашни кескин қимматлаштириб юборди. Инвесторлар катта таваккалчиликка боришни хоҳламаяпти. АҚШнинг кўплаб йирик шаҳарларида (масалан, Нью-Йорк, Чикаго, Лос-Анжелес) қатъий шаҳарсозлик қоидалари (zoning laws) ва тарихий меросни асраш чекловлари мавжуд. Ер участкаларини сотиб олиш ва уларга юқори баландлик учун рухсат олиш бюрократик ва ҳаддан ташқари қиммат жараён ҳисобланади. Бундан ташқари, Хитой ва Осиё давлатларидан фарқ ўлароқ, АҚШ шаҳарлари вертикал эмас, кўпроқ горизонтал равишда (атрофдаги ҳудудларни эгаллаш ҳисобига) кенгайган. Кўпчилик америкаликлар кўп қаватли уйлардан кўра алоҳида ҳовлиларда яшашни афзал кўради. АҚШда янги осмонўпар бинолар фақатгина маълум бир марказий бизнес районлари учун долзарб холос. Шу сабабли одатий Америка шаҳарларида марказда бир нечта баланд бинолар қад кўтаради, унинг атрофи эса кичик бинолар ёки ҳовлилар билан ўралган бўлади.



Дунёнинг энг ривожланган қисмларидан бўлмиш Европа бу борада унчалик ҳам мақтана олмайди. Чунки Европанинг кўплаб қадимий шаҳарларида (масалан, Париж, Рим, Вена, Прага) тарихий марказларнинг қиёфасини сақлаб қолиш қонун билан қатъий ҳимоя қилинади. Шу сабабли осмонўпар биноларни марказга қуришга деярли рухсат берилмайди. Янги баланд бинолар асосан шаҳарларнинг чекка ёки махсус ажратилган бизнес туманларига (масалан, Париждаги La Défense ёки Лондондаги City of London ва Canary Wharf) жойлаштирилади.



Европада осмонўпар бинолар бошқа минтақаларга нисбатан камроқ ва улар асосан бир нечта йирик марказларда концентрациялашган. Москва Европада 150 метрдан баланд бинолар сони бўйича яққол пешқадам (130 тадан ортиқ). Қитъадаги энг баланд биноларнинг катта қисми (шу жумладан, Санкт-Петербургдаги 462 метрлик Лахта-центр ва Москва-Сити миноралари) шу минтақага тўғри келади. Туркиянинг Истанбул шаҳри қитъа ва минтақа кесимида бинолар сони кўплиги бўйича иккинчи ўринда туради (50 тадан ортиқ). Лондон эса Европа Иттифоқидан ташқаридаги Ғарбий Европанинг энг йирик молия маркази бўлиб, у ерда сони 40 тадан ортиқ баланд бинолар бор (энг машҳури — The Shard), 310 метр.



Баланд бинолар қуриш бўйича етакчи ҳудудлардан бири бой араб давлатларидир. Кичик ҳудудга қарамай БААнинг ўзи бу кўрсаткич бўйича дунёда камида 4-ўринда туради. Мамлакатда нақ 350 га яқин осмонўпар бинолар бор. Бунда Дубай шаҳри алоҳида ўрин тутади. Дубай шуниси билан ажралиб турадики, бу ерда янги осмонўпар бинолар ва лойиҳалар ҳеч қачон тўхтамайди. Шаҳар маъмурияти ва хусусий инвесторлар доимий равишда янги рекордларни ўрнатишга интилишади. Масалан, сунъий ороллар (Palm Jumeirah ва бошқалар) атрофида ҳам улкан мажмуалар қад кўтармоқда. Ҳукумат чет эллик инвесторларга кўчмас мулк сотиб олиш ва бизнес юритиш учун жуда қулай солиқ ва ҳуқуқий шароитларни яратган. Дубай ўзини дунёнинг туристик ва бизнес маркази сифатида кўрсатиш учун энг ноёб ва баланд биноларни қуришни бренд сифатида танлаган. Чўл ҳудудида жойлашганига қарамай, Дубай кенгайиш ва юқорига ўсиш учун чексиз имкониятларга эга. Хитой миқдор жиҳатидан биринчи ўринда турса-да, Дубай ва БАА дизайннинг ўзига хослиги, ҳашамати ва рекорд даражадаги баланд биноларнинг зичлиги бўйича глобал миқёсда яққол етакчилардан бири саналади.



Марказий Осиёдаги энг баланд бино — Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида жойлашган “Abu Dhabi Plaza” (Абу-Даби Плаза) кўп функцияли мажмуасидир. ​Бу мажмуанинг энг баланд минорасининг баландлиги 311 метрни ташкил этади ва у 75 қаватдан иборат. Бино 2022 йилда фойдаланишга топширилган ва минтақадаги илк супер-баланд осмонўпар бино ҳисобланади.



Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон осмонўпар бинолар бўйича жаҳон етакчилари қаторида эмас. Аммо сўнгги йилларда мамлакатда бу борада сезиларли силжишлар кузатилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда осмонўпар бино номига Nest One мажмуаси даъвогарлик қилади олади, у Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги иккинчи ўриндаги баланд бино ҳисобланади. Унинг баландлиги 266,5 метр бўлиб, 51 қаватдан иборат. Шунингдек, келажакдаги улкан шаҳарсозлик лойиҳаси — Янги Тошкент қурилиши доирасида ҳам замонавий бизнес марказлари, кўп қаватли ва баланд бинолар қад кўтариши режалаштирилган.



Аброр Зоҳидов



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Ўзгача ракурс
Ўзгача ракурс
Ўзгача ракурс