Цивилизациядан қочган халқлар: улар нега биздан узоқ яшайди?
Телефонсиз бир кунингизни тасаввур қила оласизми? Интернетсиз-чи? Телевидение, электр, дўкон, мактаб ва ҳатто шифохонасиз ҳаёт қандай бўлишини эса, кўз олдингизга келтириш ундан-да қийин. Аммо Ер юзида шундай ҳудудлар борки, у ерда одамлар ҳали ҳам замонавий цивилизациядан деярли узилган ҳолда яшайди.
Уларнинг айримлари биз билан бир асрда яшаётган бўлса-да, ҳаёти мутлақо бошқача. Улар учун ўрмон – уй, дарё – йўл, табиат эса тирик қолишнинг асосий манбаи. Энг қизиғи, уларнинг айримлари ташқи дунё билан алоқа қилишни шунчаки истамайди.
Сирли оролда яшайдиган халқ
Ҳинд океанида, Ҳиндистонга қарашли Андаман ороллари таркибида Шимолий Сентинел ороли бор. Бу ерда сентинелликлар деб аталадиган, ташқи дунё билан энг кам алоқа қилган халқлардан бири яшайди.
Уларнинг аниқ сони ҳам маълум эмас. Улар ҳақидаги маълумотлар асосан узоқдан кузатишлар ва айрим тарихий қайдларга асосланган. Тилини ҳам дунёдаги бошқа тиллар билан ишончли равишда боғлаш қийин. Ҳатто аҳолининг кундалик ҳаёти ҳақида ҳам жуда кам маълумот бор.
Бироқ бир нарса аниқ: улар бегона одамларни ўз ҳудудига киритишни истамайди. Ҳиндистон ҳукумати Шимолий Сентинел оролини ва унинг атрофидаги 5 километрлик денгиз ҳудудини қабилавий қўриқланадиган ҳудуд деб белгилаган. Бегона одамларнинг у ерга кириши тақиқланган.
Бу тақиқ фақат сентинелликларни “ҳимоя қилиш” учун эмас. Ташқи дунёдан келадиган оддий касалликлар – масалан, грипп ёки қизамиқ – улар учун катта хавф туғдириши мумкин. Чунки изоляцияда яшаган аҳоли айрим инфекцияларга нисбатан етарли иммунитетга эга бўлмаслиги мумкин.
“Одамхўрлар” деган гап рост гапми?
Сентинелликлар ҳақида интернетда энг кўп тарқалган афсоналардан бири – улар одамхўр, яъни каннибаллар деган гап. Аммо буни тасдиқлайдиган ишончли далил йўқ.
Уларнинг бегона одамларга нисбатан кескин муносабатда бўлиши ҳақида маълумотлар бор. Масалан, 2018 йилда оролга яширинча кирган америкалик миссионер Жон Аллен Чау сентинелликлар томонидан ўлдирилган. 2025 йилда эса яна бир АҚШ фуқароси оролга кириб, улар билан алоқа ўрнатишга урингани учун ҳибсга олинган.
Лекин бу воқеаларнинг ўзи улар каннибал эканини англатмайди.
Амазонка қалбида яшаётганлар
Дунёдаги изоляцияда яшовчи халқларнинг салмоқли қисми Жанубий Америкадаги Амазонка ўрмонларида истиқомат қилади. Перунинг чекка ҳудудларида ташқи дунё билан доимий алоқани рад этувчи Машко-Пиро халқи бор. Улар дунёдаги энг йирик маълум изоляциядаги маҳаллий халқлардан бири ҳисобланади.
Машко-Пиро ўрмоннинг чуқур қисмларида яшайди. Улар мавсумга қараб дарё бўйларида вақтинчалик бошпаналар қуради, балиқ тутади, ов қилади, мева-мева, ёнғоқ, илдизлар ва бошқа табиий озиқ-овқатларни йиғади.
Уларнинг ҳаёти биз тасаввур қилган “ибтидоий ҳаёт”дан кўра мураккаброқ. Чунки ўрмонда тирик қолиш учун табиатни жуда яхши билиш керак: қайси ўсимликни ейиш мумкин, сув қаерда, қайси ҳайвонни қачон овлаш мумкин, қайси йўл хавфсиз – буларнинг барчаси авлоддан-авлодга ўтиб келаётган билимлардир.
Бразилия, Перу ва Колумбиянинг одам етиши қийин бўлган тропик ўрмонларида ҳам ташқи жамият билан доимий алоқа ўрнатмаган бир нечта маҳаллий гуруҳлар яшайди. Масалан, Бразилияда Кавахива каби изоляциядаги халқлар мавжудлиги қайд этилган. Улар ўрмон ичкарисида кўчиб юради, овчилик ва термачилик билан кун кечиради ҳамда бегона одамлар яқинлашганда ўз изларини яширишга ҳаракат қилади. Бундай халқларнинг айримлари ҳақида олимлар уларнинг ўзларини эмас, балки ўрмонда қолдирган излари, вақтинчалик бошпаналари, ташлаб кетилган буюмлари ёки ҳаводан олинган тасвирлар орқали маълумот тўплайди.
Папуа ўрмонларида ҳам “номаълум дунё” бор
Яна бир қизиқ ҳудуд – Янги Гвинея оролининг Индонезияга қарашли ғарбий қисми, Ғарбий Папуа. Бу ерда тоғлар ва ниҳоятда зич тропик ўрмонлар туфайли айрим маҳаллий гуруҳлар ташқи дунё билан жуда кам алоқа қилади. Тадқиқотчилар улар ҳақидаги маълумотларнинг жуда чекланганини таъкидлайди.
Ғарбий Папуада изоляцияда яшайдиган гуруҳлар сонини аниқ айтиш ҳам қийин. Чунки уларнинг жойлашуви ва аниқ сонини ошкор қилишнинг ўзи уларга зарар етказиши мумкин.
Бу ҳудудларда ҳам ташқи дунё билан алоқа қилишдан қочишнинг сабаблари бор. Тарихда маҳаллий аҳоли зўравонлик, касалликлар ва ерларига ташқи аралашув каби хавфларга дуч келган.
Шу боис “улар цивилизациядан орқада қолиб кетган” деган қараш бир томонлама бўлиши мумкин. Аксинча, айрим халқлар учун изоляция – тирик қолиш усули бўлган.
Улар цивилизациядан қочяптими?
Қизиқ жиҳати шундаки, айрим халқлар шунчаки “замонавий дунёдан узилиб қолган” эмас. Улар атайлаб масофа сақлаётган бўлиши мумкин. Машко-Пиро тарихи бунинг сабабини тушунишга ёрдам беради.
XIX аср охирида Амазонкада каучук учун кураш авж олган даврда маҳаллий халқлар зўравонлик, қуллик ва қотилликларга дучор бўлган. Машко-Пиро аждодларининг бир қисми ўрмоннинг янада чекка ҳудудларига чекиниб, ташқи дунёдан узоқлашган.
Шунинг учун бугун уларнинг бегона одамлардан қочиши шунчаки “маданиятсизлик” эмас, балки тарихий хотира ва тирик қолиш стратегияси ҳам бўлиши мумкин.
Биз улар ҳақида жуда кам биламиз
Нега биз XXI асрда яшаб туриб, улар ҳақида шунчалик кам маълумотга эгамиз? Уларнинг қайси бири қайси тилда сўзлашади? Аниқ қанча киши бор? Қандай маросимлари бор? Нималарга ишонишади? Оламни қандай тасаввур қилишади? Бу саволларнинг кўпчилиги ҳали ҳам жавобсиз. Ва балки шундай қолиши ҳам керакдир. Чунки Ер юзида биз билмайдиган, харитада бор бўлса-да, ҳаётига аралашишга ҳаққимиз бўлмаган жойлар ҳам бор.
Улар биздан ортда қолган одамлар эмас. Улар шунчаки биздан бошқача яшаш ҳуқуқини сақлаб қолган халқлардир.
Холида Эгамбердиева тайёрлади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0