Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида махсус божсиз савдо зонаси ташкил этилиши мумкин
Самарқандда бўлиб ўтган Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматларининг қўшма ҳудудлараро форумида Қозоғистоннинг Манғистау вилояти ҳокими Нурдаулет Қилибай ўзи раҳбарлик қилаётган вилоят ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича қатор таклифлар билан чиқди.

У, жумладан, икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида чегарадош ҳудудда “Хоргос” савдо мажмуаси намунасидаги махсус божсиз савдо зонасини ташкил этишни таклиф қилди.
Қозоғистонлик расмийнинг таъкидлашича, айни кунларда Манғистау вилояти ва Ўзбекистонни боғловчи автомобил йўли қурилмоқда. Бу эса келгусида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш имконини беради. Шу билан бирга, Манғистау вилояти ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 4 баробарга оширади.
Нурдаулет Қилибайнинг айтишича, вилоятдаги улгуржи бозорлардаги озиқ-овқат маҳсулотлари, сабзавот, мева ва қуритилган меваларнинг асосий қисми Бухоро, Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси далаларидан келтирилади. Икки давлат ўртасидаги божхона пости орқали эса кунига 11 минг тоннага яқин маҳсулот ортилган 250-300 тага яқин юк автомобиллари ўтади.
– Делегациямиз таркибида мамлакатимиздаги энг йирик улгуржи тарқатиш марказларидан бири бўлган компания мутасаддилари ҳам бор. Айни пайтда улар зарур савдо майдончаларини тақдим этишга тўлиқ тайёр ва Ўзбекистон тадбиркорларидан аниқ қадамлар кутишмоқда. У ерда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номи остида савдо майдончасини очиб, қишлоқ хўжалиги ярмаркаларини ташкил қилмоқчимиз, – деди Нурдаулет Қилибай.
Форумда Қозоғистон расмийси Ўзбекистон, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси билан икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган барча ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.







