Улкан ҳудудни қайтадан ўрмонга айлантирган матонатли оила
Бугун экология муаммоси энг оғриқли масалалардан бўлиб қолмоқда.

Дунёда мазкур масала қаршисида қўл қовуштирмай, шахсий жасорат кўрсатган инсонлар ҳам бор. Машҳур бразилиялик фотограф Себастян Сальгадо ва унинг рафиқаси ўзлари ўсган ҳудудни катта ўрмонга айлантиришга қарор қилишди. Охир-оқибат Бразилиянинг жанубий ва шарқий қисмидаги тоғли қирғоқ минтақасида бир вақтлар деярли қуруқ чўл бўлган 600 гектарлик ҳудудда қайтадан улкан тропик ўрмон вужудга келди. Эр-хотин ўстирган 2,7 миллион дарахт XX асрда аёвсиз кесиб юборилган Атлантика ўрмонидаги бўшлиқни тўлдирди. Оиланинг жасорати ва табиатни асрашга қўшга ҳиссаси тилларда достонга айланди. Улар буни қандай амалга оширди?
Себастян Сальгадо Иккинчи Жаҳон уруши авжига чиққан пайтда Бразилиядаги кичик бир қишлоғида туғилган. У иқтисодиётни ўрганган, аммо фотография соҳасида карьера қилишга қарор қилган ва машҳур Magnum Photos агентлигига қўшилган. 23 ёшида у пианиночи Лелия Делуиз Ваник билан турмуш қуришга қарор қилди. Улар ўзларининг фото агентлигини очиб, Американинг унчалик жозибали бўлмаган томонига бағишланган, мигрантлар ва ишчиларни суратга олишга бағишланган лойиҳаларни ишлаб чиқишди.
Сальгадо ёшлигида дунёдаги энг машҳур фотосуратчилардан бири бўлган, деб айтиш мумкин. У ўнлаб мукофотларга сазовор бўлган, жумладан, Германия китоб саноати томонидан берилган Friedenspreis des Deutschen Buchhandels (Жаҳон китоб мукофоти)ни қўлга киритган. Бироқ, у ҳаётини ўзгартиришга қарор қилди ва унинг рафиқаси Лелия уни қўллаб-қувватлади.1998 йилда жуфтлик ўз ватанларига қайтишди ва дуч келган манзаралари уларнинг қалбларини оғритди.
Бир пайтлар улар туғилиб катта бўлган Жанубий Американинг Атлантика қирғоғида қадимги ўрмон барглари бетакрор шитирлаб турар, маймунлар дарахтдан дарахтга сакраб юришар, йўқолиб кетиш хавфи остида турган қушлар шохларга яшириниб, қўшиқ куйлашарди. Аммо асрлар давомида инсон фаолияти бу ҳудудни сийрак буталардан иборат чўлга айлантирди, қушлар ва ҳайвонлар йўқ бўлиб кетди ва ёмғирлар тупроқни намлаш ўрнига ҳалокатли сув тошқинларини келтириб чиқара бошлади. Оддий кўз билан қараганда, икки кекса одам бошқалар асрлар давомида вайрон қилган нарсани ўзгартириш учун нима қила оларди? Лекин Лелия ва Себастьян ўзларининг туғилган Бразилиясини аввалги гўзаллигига қайтаришга астойдил бел боғлашди.
Бу манзара жуда даҳшатли эди, Лелия эрига ўрмонни қайта экишни таклиф қилди. Улар Атлантика ўрмонини тиклашга бағишланган кичик нотижорат ташкилот (Instituto Terra)га асос солишди. Оила минтақадаги ўсимликлардан уруғларни йиғиб, уларни экиб, ўғитлашди ва суғоришди. Себастьян маҳаллий кўчатлардан фойдаланиш кераклигини тушунтирди - акс ҳолда илонлар ва бошқа мавжудотлар келмайди - қушлар ва ҳайвонлар қайтиб келмайди ва ўрмон ҳеч қачон табиатнинг жонли товушлари билан тўлмайди. Кўнгиллилар ташландиқ ерда 300 дан ортиқ дарахт турларини, жумладан, Pau Brasil дарахтини, Jacaranda Caviuna (ёки Бразилия атиргул дарахти) ва Jatoba (Бразилия гилоси номи номи билан ҳам танилган) экишди.
Қайта тикланган ўрмон минтақага тропик микроиқлимни қайтарди. Кўплаб ёмғирлар энди сув тошқинларига олиб келмасди, балки ўрмон бўйлаб оқаётган сойлар ва дарёларга айланганди. Барча ортиқча намлик дарахт илдизлари томонидан сўрилиб, уларнинг янада баландроқ ўсишига, фаол равишда кислород ишлаб чиқаришига ва карбонат ангидридни ютишига сабаб бўлди.
Дарахтлардан кейин ҳайвонлар ва қушлар минтақага қайтишди ва ўрмон чирқиллаш, шовқин ва қичқириқларга тўлди. Ўнлаб ҳайвонлар, жумладан, баъзилари йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ва йиллар давомида кўринмаган, жумладан, капибаралар, чумолихўрлар, маймунлар, енот, оcелот ва ёввойи мушуклар ҳам қайтиб келишди. Илонлар, қўнғизлар, ўргимчаклар, чумолилар ва бошқа ҳашаротлар янги экотизимда пайдо бўлди. Қайта тикланган ўрмон 170 та қуш турини ўзига тортди, уларнинг аксарияти эндемик бўлиб, фақат шу ҳудудда учрайди ва бир вақтлар йўқ бўлиб кетиш арафасида эди. Ернинг бу азобли бурчагини тропик жаннатга айлантириш, шунингдек, ўзи ҳам оғир касал бўлган Сальгадони ҳам аҳволини яхшилади. Охир-оқибат, ўрмон уни касалликдан даволади: шифокорлар унинг касаллиги психологик хусусиятга эга эканлигини тан олишди; меҳнат ва табиат унга ижобий таъсир этганди. Бу унга тез орада ўзининг йирик фотографик лойиҳаси – Genesis`ни бошлаш имконини берди. Сальгадо дарахтлар унга қўшимча куч-қувват бахш этишини бот-бот такрорларди.
Бугунги кунда ўтмишдаги қурғоқчил чўл ўрнини улкан миллий боғ эгаллайди. Экскурсиялар ташкил этилади ва янги ҳудудларни тиклаш учун бу ердаги иссиқхоналарда янги кўчатлар етиштирилади. Бразилиялик мактаб ўқувчилари Миллий боғга таклиф қилинади, у ерда уларга табиатни тушуниш ва унга ғамхўрлик қилиш ўргатилади. Ёш кўнгиллилар гуруҳлари кўпинча ёш дарахтларни экишда иштирок этадилар, институтнинг тарғибот дастури эса ўрмонли минтақада ишлайдиган фермерлар, кончилар ва бошқаларга маслаҳатлар беради.
Себастян ва Лелиянинг иши ҳатто таниқли бадиий китоблар ва каталогларни нашр этадиган TASCHEN нашриёт уйининг эътиборини тортди. Нашриёт директорлари ўзларининг табиатга етказадиган экологик зарарини баҳолаш учун мутахассислар билан маслаҳатлашдилар: булар офис ва дўконлардан чиқадиган иссиқхона газлари чиқиндилари, халқаро юк ташишдан чиқадиган чиқиндилар ва ишлаб чиқаришдан чиқадиган чиқиндилар киради. Компенсация сифатида нашриёт ҳар йили Терра институтига компаниянинг карбонат ангидрид чиқиндиларини ютадиган дарахтлар экиш учун пул тўлайди.
Улкан ҳудудда рафиқаси билан ўрмон барпо этган Себастян Сальгадо 2025 йил май ойида, 81 ёшида вафот этди. Аммо у бошлаган иш тўхтаб қолмади. Сўнгги 20 йил ичида Себастян ва Лелия Сальгадо Терра институти ривожланишига ўз маблағларидан тахминан 3 миллион доллар сармоя киритдилар. Бу рақам тахминий, чунки улар ҳеч қачон ўз лойиҳаларига қанча маблағ сарфлашларини ҳисоблаб чиқмаганлар. Энди тропик ўрмонларни тиклаш ишлари атрофдаги ҳудудларга ҳам тарқалди. Масалан, уларнинг қўшниси, фермер Жоао Мужиа, эр-хотиннинг саъй-ҳаракатларини кўриб, уларга эргашишга қарор қилди ва ўз ерларининг бир қисмини қайта ўрмонлаштиришни бошлади.
Аброр Зоҳидов
Ishonch.uz







